14:22 / 29.12.2021
2 241

Олимлар фиръавн Аменхотеп I ҳақида кўп нарсаларни билиб олишди

Олимлар фиръавн Аменхотеп I ҳақида кўп нарсаларни билиб олишди
Қадимги Миср фиръавни Аменхотеп I нинг мумияланган жасади неча минг йиллар давомида биринчи марта компьютер томографияси ёрдамида ўрганилди. Сканерлаш натижасида олимлар у ҳақида кўп нарсаларни билиб олишди.

Милоддан аввалги 1525-1504 йилларда ҳукмронлик қилган Аменхотеп I нинг мумияси Дайр ал-Баҳри шаҳрида 140 йил муқаддам топилган. Ўшанда археологлар ниқобга ва жасад ўралган кафанга зарар бермаслик учун мумияни очишмаган эди.

Бироқ замонавий технологиялар жасадга зарар етказмаган ҳолда мумияни ўрганиш имконини берди ва олимлар Аменхотеп I ни компьютер томографиясидан ўтказишди.

Қоҳира университети профессори Саҳар Салимнинг айтишича, Аменхотеп I 35 ёшида вафот этгани маълум бўлди. Бундан ташқари, фиръавннинг бўйи ҳам аниқланди – 169 сантиметр. Аменхотеп I хатна қилинган экан, тишлари соғлом бўлган. Олимлар унинг кийимида ўттизта тумор ва тилла камар борлигини ҳам аниқлашди.

Доктор Салим фиръавннинг танасида унинг ўлими сабабини аниқлашга имкон берадиган бирор яра ёки касаллик изини топишмаганини маълум қилди.

Қадимда фиръавнларни мумиялашда жасаддан бош мия олиб ташланган, бироқ Аменхотеп I да бундан қилинмаган. Бундан ташқари, у қўлларини кесишган ҳолда дафн этилган биринчи фиръавн бўлган.

Олимларнинг хулосасига кўра, Аменхотеп I нинг мумияси унинг ўлимидан тўрт юз йил кейин коҳинлар томонидан “таъмирланган”. Сканерлаш жасад кўплаб жароҳатлар олганини ҳам кўрсатди, бунинг сабаби қабр ўғрилари бўлиши мумкин.

Мумияни тиклашда коҳинлар узилиб кетган бошни қатронга ботирилган зиғир ип билан танага улаб қўйишган, шунингдек, чап қўлни ҳам улашган.

Доктор Салимнинг фикрича, сканерлаш пайтида жасаддан топилган заргарлик буюмлари ва туморлар коҳинлар уларни кейинги фиръавнлар фойдаланиши учун олиб қўйиши мумкинлиги ҳақидаги назарияларни рад этади.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Олимлар фиръавн Аменхотеп I ҳақида кўп нарсаларни билиб олишди