19:43 / 11.01.2022
2 420

Қозоғистон буюк ислоҳотлар олдида(ми?)..

Қозоғистон буюк ислоҳотлар олдида(ми?)..
Қўшни Қозоғистондаги вазият шиддатли ўзгариб бормоқда. 2 январда бошланган оммавий намойишлар бутун мамлакатга ёйилиши натижасида, кутилмаганда КХШТдан ёрдам сўрашга мажбур бўлган Қосим-Жомарт Тоқаев, бугун Парламентга мурожаат қилиб, КХШТ миссияси тугаганлигини айтган.

Президент Тоқаевнинг айтишича, КХШТ кучлари ўн кун ичида тўлиқ чиқиб кетиши керак. Шунингдек, Тоқаев Қозоғистонда ижтимоий ҳимоя сиёсатини юқори даражага кўтарилишини билдирган, йилнинг иккинчи ярмида йирик сиёсий ислоҳотлар пакети тақдим қилинишини эълон қилган.

КХШТ кучлари киритилиши фонида, кузатувчилар, айниқса Қозоғистон фуқаролик жамиятида “энди КХШТ кучларини Қозоғистондан чиқариб юбориш осон бўлмайди”, деган хавотирлар пайдо бўлган эди. Лекин Тоқаев баёнотига кўра, бу кучлар жуда тезда ўз миссияларини бажарган ва мана чиқиб кетиш муддати белгилаб қўйилди.

“Тоқаевга КХШТ кучлари нима учун керак бўлди” деган савол пайдо бўлади. Қўшинлар фақат информацион-психологик мақсадларда киритилди. Яъни, бу билан Тоқаев Россиянинг – Путиннинг қўлловига эришганлигини, агар элита ичидаги шахслар Тоқаевга қарши чиқмоқчи бўлса, уларга қарши тура оладиган тажрибали ҳарбийлар мавжуд эканлигини билдириш эди.

Бошқача қилиб айтганда, Тоқаев Қозоғистон куч ишлатар тизимлари устидан тўлиқ назоратни ўз қўлига олиш учун инструмент керак эди. Мана шу инструмент КХШТ бўлди. Табиийки, бу инструментдан фойдаланиш, Тоқаевнинг Путин олдидаги қарздорлигини англатади.

Айни пайтда, Тоқаев характеридаги ўзига хосликлар ҳам кўриниб бормоқдаки, у бу қарздорликдан тезроқ чиқишга ҳаракат қилади, бунинг учун керак бўлса Путин билан ҳам зиддиятга киришишга тайёр бўлади.

Сабаби оддий – ўзининг асосий патрони Назарбоев ва унинг командаси билан тўқнашувга бориш лаёқатини кўрсатган сиёсатчи, зарурат бўлса бошқалар билан ҳам, жумладан Путин билан ҳам жиддий тирашувларга, тўқнашувларга, зиддиятларга бориши табиий ҳисобланади. Тахмин қилиш мумкинки, Путин ҳам Тоқаевнинг психологиясини, характерини инобатга олиб боради. Натижада, Путин ва Тоқаев муносабатларида, тўқнашувлардан қочиш ва имконият бўлганда компромисс излаш – бу икки давлат муносабатларидаги янги оҳанг бўлади.

Тоқаев, шунингдек жиддий ижтимоий ва сиёсий ислоҳотлар ваъда беряпти. Назаримда, Тоқаев Назарбоевга ўхшаб, ўттиз йил ҳокимиятда ўтиришни орзу қилмайди, қила олмайди. Назарбоев Қозоғистон ССР олий ҳокимиятига келганида, бор-йўғи 49 ёшда эди. Тўқаевни ёши, ҳозирда бир кам етмишда. Кўплаб сабаблар борки, Тўқаев ҳокимиятда узоқ ўтиришни эмас, жиддий ислоҳотлар қилиш орқали ижобий репутация олиш ва тарихда қолишга интилади. Жумладан, Қозоғистон жамияти ҳам шахсга сиғинишдан, авторитаризмдан, олигархатдан, сиёсий ўйинлардан жуда қаттиқ чарчаган. Жамият реал ислоҳотлар истайди. Охирги воқеалар Қозоғистон ҳокимиятига ўта жиддий сигнал бўлди.

Тоқаев шу пайтгача жиддий ислоҳотларни амалга оширишга ҳаракат қилиб келаётган эди, лекин бунга Назарбоев ва уни командаси тўсқинлик қилиб келди. Энди Қозоғистон ҳокимияти тўлалигича Тоқаев қўлида. Айнан шунинг учун ҳам, Тоқаев ўзининг сиёсий амбицияларини кўрсатиш мақсадида, жиддий сиёсий ислоҳотлар бошлаши ва бу ислоҳотлар айнан фуқаролик жамияти, сиёсий плюрализм, ижтимоий давлатчиликни ривожлантиришга қаратилиши эҳтимоли ҳар доимгидан ҳам юқори.

Марказий Осиёда янги давр бошланаяпти. Минтақа демократия томон янги қадамлар ташлаши кутилмоқда. Ва бу қадамни, минтақанинг иккинчи йирик давлати Қозоғистон ташлаши мумкин.

Камолиддин Раббимов,
Azon.uz портали сиёсий эксперти

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » Қозоғистон буюк ислоҳотлар олдида(ми?)..