Сўнгги пайтларда Россиянинг Украинага бостириб кириши кўп жиҳатдан собиқ Иттифоқнинг Афғонистонга бостириб кириши билан қиёсланмоқда ва Украина Россия учун “янги Афғонистон”га айланадими, деган фикр муҳокама қилинмоқда. Айрим таҳлилчиларнинг тахминларига кўра, АҚШ ва Европа худди собиқ Иттифоқни Афғонистонда дучор қилгани каби Россияни Украинадаги узоқ давом этадиган урушга тортмоқчи. Бу фикрни қўллаб-қувватловчилар Путин худди собиқ Иттифоқ раҳбарлари каби Ғарбнинг бу тузоғига тушиб, катта стратегик хатога йўл қўйганини таъкидламоқда.
Россия собиқ Совет Иттифоқи каби ёлғиз эмас
Россиянинг Украинага бошлаган уруши кўп жиҳатдан Собиқ Иттифоқнинг Афғонистонга бостириб киришини эслатади. Худди 1979 йили Совет Иттифоқи Афғонистонга бостириб киргани сингари Россиянинг Украинага ҳужумидан кейин дунё янги қутбланишга гувоҳ бўлди. 1980 йилда БМТ Бош Ассамблеяси Совет истилосини қоралаган. 2 март куни бўлиб ўтган овоз беришда Россиянинг Украинага бостириб кириши қораланди, бироқ бу икки воқеа ўртасида аниқ фарқ бор. Ўшанда 104 аъзо босқинни қоралаган, 18 социалистик давлат ишғолни қўллаб-қувватлаган, 12 давлат эса бетараф қолган. Қайсидир маънода Совет Иттифоқи ўша даврда Варшава шартномасига аъзо давлатлардан ташқари яккаланиб қолган эди.
Бироқ 2 март куни бўлиб ўтган овоз беришда 35 давлат бетараф қолди ва қарши бўлмасликни маъқул кўрди. Бетараф қолган давлатлар иқтисодий ва сиёсий қудрати жиҳатидан муҳим давлатлардир. Улар орасида Хитой, Покистон, Ҳиндистон каби давлатлар бор. Ушбу мамлакатлар аҳолисини ҳисобга оладиган бўлсак, улар дунё аҳолисининг ярмини ташкил этиши кўринади. 1980 йили Совет Иттифоқини қоралаб, мужоҳидларга ёрдам кўрсатган Хитой ва Покистон бугунги дунёда Россияга қарши чиқмагани, ҳатто Ҳиндистон ва Покистоннинг кўп йиллардан буён илк бор бир тарафдан жой олгани алоҳида эътиборга молик. Бу ҳолатни Россия бугунги кунда собиқ Совет Иттифоқи каби “яккаланиб қолмаган”ини кўрсатиб турибди.
Агар музокаралар муваффақиятсизликка учраса, уруш тақдирини ҳарбий тилда айтганда, шаҳар урушлари, яъни турар-жой майдонидаги жанглар белгилайди.
Ўхшаш санкциялар
Айримлар бу ҳодисани Евросиёда янги мувозанатларнинг шаклланиши билан изоҳлайди. 1980 йилдаги Москва Олимпиадасига бойкот қилингани каби, бугунги кунда россиялик спортчилар, санъаткорлар ва ишбилармонларга нисбатан санкциялар қўлланилмоқда. Бойкот туфайли Москва Олимпиадаси тарихдаги энг зерикарли мусобақа деб баҳоланган. Иккала воқеа ҳам Россия йўқотишларини бўрттириш нуқтаи назаридан ўхшашдир.
Ғарб матбуоти Афғонистондаги совет ҳарбий йўқотишларини бўрттириб кўрсатиб, ишғолнинг биринчи ойида 10 минг совет аскари ҳалок бўлганини даъво қилган. Йиллар ўтиб очилган ҳужжатлар бу рақамларнинг анча бўрттирилганлигини кўрсатди. Бугунги кунда урушнинг биринчи ойигача 14 минг рус аскари ҳалок бўлгани, руслар 500 танк, 500 зирҳли машина ва 90 самолёт йўқотгани, ҳатто рус армиясининг 15 фоизи йўқ қилингани иддао қилинмоқда. Россия томонининг маълумот яшириши украинларнинг баёнотларини тасдиқлаш ёки инкор қилиш имконини бермаяпти.
Собиқ совет маъмурияти Афғонистон урушини рус халқига тушунтиришда қийналган бўлса, Путин миллатчи унсурлар билан Украина урушини қўллаб-қувватлаши мумкин.
Собиқ Иттифоқ Афғонистонга бостириб кирганидан сўнг Ғарб томонидан қурол-яроғ ва ўқ-дорилар билан қаттиқ қўллаб-қувватланган афғон мужоҳидларининг ўрнини эндиликда Украина кучлари ва ярим расмий қуролли бўлинмалари эгаллади. Кўриниб турибдики, Ғарб ўтмишда мужоҳидларни фақат ижобий томонлари билан жамоатчиликка кўрсатганидек, бугун Украина етакчиларини “қаҳрамон” сифатида талқин қиляпти. Бироқ афғон мужоҳидларининг катталари уруш тажрибасига эга одамлар эди. Украина ҳам худди шундай исёнчилар авлодини чиқара оладими, буни вақт кўрсатади.
Россиядаги сиёсий давраларда 10 фоизлик либерал гуруҳдан ташқари, Украина уруши кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланиши табиий.
Урушдан сўнг Афғонистондан келган биринчи қочқинлар учун ўз эшикларини очган, 1979-1989 йилларда Ғарб, шунингдек, АҚШ томонидан мужоҳидларга берилган қурол-яроғ ва ўқ-дориларни етказиш маркази бўлган Покистон ролини бугун Польша қай даражада ўз зиммасига олиши ҳам қизиқ. Польша фақат қочқинларни қабул қилиш билан кифояланадими ёки Покистон каби қуролли қаршиликни қўллаб-қувватловчи позицияни эгаллайдими, ҳозирча номаълум.
Асосий фарқ: география
Украина Россия учун янги Афғонистон бўладими ёки йўқ деган нуқтаи назаридан муҳокама қилинадиган асосий омиллар ўхшашликдан кўра, икки ишғол ўртасидаги фарқлардир. Аввало, икки давлат ўртасидаги энг муҳим фарқлардан бири, бу – географик хусусиятдир. Пасттекисликлардан иборат Украина асосан тоғли ва нотекис ерларга эга бўлган Афғонистондан жуда катта фарқ қилади. Афғонистоннинг бу хусусияти Совет Иттифоқига қарши урушнинг ҳал қилувчи омилларидан бири эди.
Ғарб матбуотидаги “Уруш Путинга қарши мухолифатни кучайтирди”, деган иддаолар ишонарли эмас.
Афғонистондаги мураккаб рельеф бир томондан совет армиясининг ҳаракатчанлигини чеклаб қўйган бўлса, мужоҳид жангчиларга катта афзалликлар берганди. Асосан уриш-қочиш тактикаси билан курашган мужоҳидлар зарур ҳолларди шўролар ҳужумидан ҳимояланиш ёки бир муддат яшириниш учун тоғларга чекиниши осон эди. Шу сабабли афғон мужоҳидлари шаҳар урушларида қатнашмадилар, қишлоқ ва тоғли ҳудудларда совет қўшинлари билан тўқнашдилар.
Афғонистоннинг мураккаб рельефи ҳал қилувчи омил бўлди, чунки советларга қарши кураш узоқ йиллар давом этди ва Афғонистонда машаққатли урушга айланди, бу ерда “шаҳар уруши” деярли бўлмади. Бошқа томондан Афғонистонга нисбатан текис ерга эга бўлган ва автомобил йўллари ривожланган Украинада урушнинг биринчи ойи якунламасданоқ шаҳар дарвозасига келган эди. Агар можароларни тўхтатиш бўйича музокаралар натижа бермаса, уруш тақдирини ҳарбий тилда айтганда, “шаҳар урушлари” белгилайди.
Тарихий ва маданий алоқалар
Яна бир муҳим фарқ шундаки, рус ва украин халқи ўртасидаги тарихий алоқа ва маданий яқинлик афғон халқи билан рус халқи ўртасида мавжуд эмасди. Афғонистондаги совет истилоси шаҳар аҳолисидан ташқари қўллаб-қувватланмади, айрим талқинларга кўра, тахминан 10 фоиз афғонистонликлар советлар тарафида бўлган, холос. Украина аҳолисининг тахминан 20 фоизини эса этник руслар ташкил этади. Украинадаги рус миллати вакиллари Россияни қатъий қўллаб-қувватлайди, деб даъво қилиш тўғри бўлмаса ҳам, икки мамлакат ва халқлар ўртасидаги тарихий ришталар, маданий ва диний яқинлик ўз таъсирини кўрсатмоқда.
Мисол учун, афғон уруши ҳар доим Россия жамоатчилиги томонидан қонунийлиги шубҳа остига олинган ва танқид қилинган мавзу бўлган. Украина уруши ҳақида эса бундай деб бўлмайди. Одесса, Севастополь ва Донбасс каби ҳудудларни руслар тарихий мерос деб иддао қилади. Собиқ совет маъмурияти Афғонистон урушини рус халқига тушунтиришда қийналаётган бўлса, Украина урушини Путин “Бу минтақалар бир пайтлар Россиянинг бир қисми бўлган” деган миллатчилик кайфиятидаги даъвоси билан халқнинг қўллаб-қувватлашига эришиши мумкин.
Украина ҳужумини қонунийлаштириш учун Путин томонидан илгари сурилган яна бир асосий иддао – “Украинадаги неонацистлар рус озчиликларини таъқиб қилмоқда” деган даъво илк бор Россиядаги иккинчи йирик партия – Коммунистик партияси томонидан айтилган. Айнан шу партия Донецк ва Луганск вилоятларини биринчи марта мустақил республикалар деб эълон қилган эди. Табиийки, Украина урушини ҳокимиятдаги партиядан ташқари, энг кўп қўллаб-қувватлаган ҳам Россия Коммунистик партияси бўлди.
Яна Россия сиёсатида салмоқли ўрин эгаллаган Владимир Жириновский каби ўта миллатчи етакчилар ҳам урушни ёқлаган. Сиёсий доирадаги либералларнинг 10 фоизи мустасно қилинса, Украина уруши Россияда кўпчилик томонидан қўллаб-қувватланяпти. Шу муносабат билан Ғарб матбуотидаги уруш Путинга қарши мухолифатни кучайтирди, деган иддаолар ҳақиқатни акс эттирмайди.
Ва ниҳоят, Украина урушини Совет Иттифоқининг Афғонистондаги урушидан ажратиб турадиган энг муҳим фарқлардан бири шундаки, бугунги вазият 1980 йиллардаги икки қутбли дунё тизимидан анча фарқ қилади. 1980 йилларда Совет Иттифоқининг жаҳон иқтисодиётидаги улуши 10 фоиз атрофида эди. Варшава шартномаси мамлакатлари қўшилганда бу кўрсаткич 15-10 га тўғри келарди. Бироқ, Совет Иттифоқи экспорт-импорт қилмайдиган ёпиқ иқтисодиётга эга бўлганлиги сабабли, ўзаро боғлиқлик ҳозиргидек чуқур эмас эди. Россиянинг жаҳон иқтисодиётидаги улуши бугунги кунда 2 фоиз атрофида бўлса-да, кўплаб Ғарб давлатлари энергия ва озиқ-овқат жиҳатидан Россияга қарам.
Шундай экан, Украинадаги 10 йиллик уруш жаҳон иқтисодиёти учун жиддий оқибатларга олиб келиши мумкин. Қолаверса, Украина географик жойлашуви ва жаҳон қишлоқ хўжалигидаги ўрни туфайли Ғарб нуқтаи назаридан Афғонистон каби осонлик билан қурбон қилинадиган мамлакат эмас. Украинадаги узоқ муддатли беқарорлик оқибатлари Европа давлатларига бевосита таъсир қилади. Бу масалалардан келиб чиқиб, Европанинг қоқ марказида жойлашган Украинада уруш Афғонистондаги каби узоқ давом этишини башорат қилиш тўғри бўлмайди. Россия ва Украина уруши “Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Иммунитетни кўтариш учун 6 та энг яхши витамин
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Шолц «тез орада» Путин билан гаплашишга тайёрлигини маълум қилди
Трамп АҚШ бош прокурори лавозимига конгрессмен Гетц номзодини илгари сурди
Реваншда ғалаба қозониш учун Тайсон Фьюрига нима керак?
1 декабрдан ичимлик ва оқова сув учун тўлов фақат электрон шаклда амалга оширилади