Дунё олимлари яна бир бор инсониятни жиддий хавф ҳақида огоҳлантирди. Канаданинг МакГилл университети тадқиқотчилари тайёрлаган сўнгги ҳисоботга кўра, агар иссиқхона газлари чиқиндиси ҳозирги суръатда давом этса, денгиз сатҳининг кўтарилиши глобал миқёсдаги экологик офатга айланиши мумкин.
Ҳисоботда таъкидланишича, келгуси юз йил ичида денгиз сатҳи сезиларли даражада ошиши ва натижада қирғоқбўйи шаҳарлар аста-секин сув остида қолиши кутилмоқда. Бундай иқтисодий зарар, миллионлаб одамлар учун ҳаёт маконини йўқотиш хавфини ҳам келтириб чиқариши мумкин.
Олимларнинг хулосаларига кўра, айниқса Африка, Жануби-шарқий Осиё ҳамда Жанубий ва Марказий Америкадаги шаҳарлар катта хавф остида. Таҳлиллар шуни кўрсатмоқдаки, бу ҳудудларда аҳоли зич жойлашган бўлиб, ҳатто кичик сув тошқини ҳам портлар, саноат зоналари ва маданий мерос объектларига улкан зарар етказиши мумкин.
Тадқиқот натижаларига кўра, ўрганилган минтақалардаги 840 миллиондан зиёд биноларнинг 136 миллиони 2100-йилга бориб денгиз сатҳининг тахминан 20 метрга кўтарилишидан бевосита зарар кўради. Бу фақатгина биноларни эмас, балки йирик инфратузилма тизимлари, электр станциялари ва транспорт тармоқларини ҳам хавф остида қолдиради.
Профессор Эрик Галбрайт таъкидлашича, иқлим ўзгариши ва сув сатҳининг кўтарилиши инсон ҳаётининг барча соҳаларига таъсир кўрсатади — “Океан яқинида яшамасангиз ҳам, унинг оқибатлари сизга етиб келади”, — дейди у.
Олимлар ҳисоботида бу маълумотлар фақат илмий таҳлил эмас, балки шаҳарсозлик, архитектура, қурилиш ва девелопмент соҳаларидаги мутахассислар учун амалий қўлланма бўлиши кераклигини таъкидлашган. Улар ушбу натижалардан фойдаланиб, келажакдаги зарарни камайтириш ва янги шаҳар моделларини хавфсизроқ йўналишда режалаштиришлари мумкин.
Шунингдек, ҳисоботда ҳар бир мамлакат ҳозирданоқ иқлим сиёсатини қайта кўриб чиқиши, иссиқхона газлари чиқиндисини чеклаш ва табиий муҳитни муҳофаза қилиш бўйича қатъий чоралар кўриши зарурлиги таъкидланган.
Эслатиб ўтамиз, аввалроқ Буюк Британиянинг Саутгемптон университети олимлари Эфиопиянинг Афар минтақаси остида Ер қаъридан ритмик равишда кўтарилаётган эритилган мантия оқимларини аниқлаганди. Улар бу жараённи “Юрак уриши”га ўхшатиб, Африка қитъаси аста-секин ёрилиб, янги океан шаклланиши мумкинлигини билдиришган.
Мутахассислар фикрича, бу каби табиий жараёнлар инсониятни янги геологик давр остонасига олиб келмоқда. Улар инсон фаолияти билан боғлиқ таъсирлар билан бирлашганда, Ер иқлимида содир бўлмаган ўзгаришлар юз бериши мумкинлигини таъкидлашмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!