Бутунжаҳон нон кунига бағишлаб РИА Новости томонидан ўтказилган таҳлилда дунё мамлакатларидаги оқ нон нархлари солиштирилди. Тадқиқот натижаларига кўра, батоннинг ўртача баҳоси 138 рубл ёки тахминан 21 минг сўмни ташкил этмоқда.
Энг қиммат нон Африканинг Жибути давлатида сотилади — тахминан 134 минг сўм. Бу мамлакат озиқ-овқат, жумладан буғдой импортига кучли боғлангани боис нархлар юқори. Қиммат нон сотиладиган давлатлар қаторидан Бермуд ороллари (≈103 минг сўм), Кайман ороллари (≈76 минг сўм), Монако (≈64 минг сўм) ва Баҳама ороллари (≈63 минг сўм) ҳам ўрин олган.
Шунингдек, топ-10 ичида Конго (≈61 минг сўм), Марказий Африка Республикаси (≈54 минг сўм), Исландия (≈51 минг сўм), Лихтенштейн (≈51 минг сўм) ва Жанубий Африка Республикаси (≈50 минг сўм) каби давлатлар ҳам бор.
Аксинча, давлат субсидиялари ҳисобига нон нархи энг арзон бўлган мамлакатлар ҳам аниқланган. Бу рўйхатда Жазоир биринчи ўринни эгаллади — бу ерда нон тахминан 2100 сўмга сотилади. Кейингилар: Тунис (≈2300 сўм), Эсватини (≈2400 сўм), Афғонистон (≈3000 сўм), Ливия (≈3400 сўм), Чад (≈4300 сўм), Ўзбекистон (≈4800 сўм), Қирғизистон (≈5100 сўм), Қозоғистон (≈5300 сўм) ва Озарбойжон (≈5500 сўм).
Россия 35-ўринда (≈8700 сўм), Беларус эса 42-поғонада (≈9500 сўм) жойлашди.
Таҳлилчилар фикрича, нон нархидаги бу катта фарқлар давлатнинг иқтисодий сиёсатидан, қишлоқ хўжалиги салоҳиятидан ва озиқ-овқат импортига бўлган боғлиқлик даражасидан далолат беради.
Шундай қилиб, дунёда энг қиммат нон Жибутида, энг арзони эса Жазоирда сотилмоқда — Ўзбекистон эса арзонлик бўйича етакчи ўнталикка кирди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!