Январь ойида президент Тоқаев илтимосига кўра Россия, Қирғизистон ва Арманистон қўшинлари унга ҳокимиятни сақлаб қолишда ёрдам берганидан сўнг, Қозоғистон Коллектив Хавфсизлик Шартномаси Ташкилотида (ОДКБ) Россиянинг кучли таянчига айлангандек туюлган эди. Ўша пайтда кўпчилик энди рус қўшинлари мамлакатда узоқ вақт қолишини тахмин қилишган эди. Бироқ улар тез орада қозоқ заминини тарк этишди: Қозоғистон раҳбари ҳам анойилардан эмас экан.
Март ойида Владимир Путин КХШТ қўшинларини Украинадаги «махсус операция»га жалб қилмоқчи эканлиги ҳақида маълумотлар пайдо бўлган эди. Аммо ташкилотдаги ҳамкорлар бу ишга унчалик қизиқиш билдиришмади. Фақат Беларусь бундан мустасно, мамлакат Россия армиясининг учун ўз ҳудудини берди, аммо ўз ҳарбийларини Украина чегарасидан ўтказмади.
Энди, Киевга ҳарбий босим амалда олиб ташланган ва ҳужум бўлинмалари қисман мағлубиятга учраган, қисман чекинганида, Александр Лукашенко енгил нафас олиши мумкин: Беларусь армиясининг урушда бевосита иштирок этишининг маъноси қолмади. Якка ўзи Украина учун муаммо ярата олмайди ва Украина пойтахтига ҳужумда ёрдамчи роли йўқолди.
Ҳозир, бир ойдан кўпроқ вақт ўтгач, рус армияси олдига қўйилган бирорта жиддий вазифани бажара олмади. Ҳатто узоқ вақтдан бери қамалда қолган Мариуполни ҳам назоратига ололмади. Санкциялар шиддати Россия иқтисодиётини шафқатсизларча вайрон қилмоқда. Қозоғистон бу ҳолатларнинг барчасини ўлчаб, муҳим қарор қабул қилди. Бу ҳақда Қозоғистон президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменов маълум қилди.
Асосий иқтибослар: «Қозоғистон АҚШ ва Европа Иттифоқининг Россияга қарши санкцияларини четлаб ўтиш воситаси бўлмайди. Биз санкцияларга риоя қиламиз. Гарчи биз Россия, Беларусь ва бошқа давлатлар билан иқтисодий иттифоқнинг бир қисми бўлсакда, халқаро ҳамжамиятнинг ҳам бир қисмимиз. Шунинг учун биз АҚШ ва Европа Иттифоқи Қозоғистонга нисбатан иккинчи даражали санкцияларини қўллашини истамаймиз».
“Россия «уруш» сўзини тақиқловчи қонунни киритишга қарор қилди. Улар буни махсус ҳарбий операция деб аташади. Лекин Қозоғистонда афсуски, биз буни борича айтамиз”.
«Албатта, Россия биздан кўпроқ улар томонида бўлишимизни хоҳларди. Аммо Қозоғистон Украинанинг ҳудудий яхлитлигини ҳурмат қилади. Биз Қрим билан боғлиқ вазиятни ҳам, Донбасс билан боғлиқ вазиятни ҳам тан олмадик ва тан олмаймиз, чунки БМТ уларни тан олмайди».
Бу Кремль учун жуда ёмон хабар. Биринчидан, улар Қозоғистон Россиянинг ҳозирги вазиятда кучсизлиги, шимолий қўшнисига ёқмайдиган позицияни омма олдида эгаллаши учун етарли деган хулосага келганидан гувоҳлик беради. Иккинчидан, содиқ иттифоқчи душман позициясидан фарқ қилмайдиган позицияни эгаллади. Учинчидан, бу баёнот Қозоғистон раҳбарияти мамлакатдаги кўплаб иқтисодий лойиҳаларга киритилган Ғарб ва Қозоғистон иқтисодиётида ҳам жиддий ўрин олган Хитой ўртасида мувозанатни сақлашни ўзи учун энг маъқул деб ҳисоблаганидан далолат бериши мумкин.
Шу мақола мавзусига Azon.uz сайтининг сиёсий эксперти Камолиддин Раббимов ўз фикрларини билдириб, жумладан, шундай деди:
“Қозоғистон Президенти маъмурияти раҳбарининг биринчи ўринбосари Тимур Сулейменовнинг баёнотлари, аслида Қозоғистон миллий манфаатларини ифодалайди. Қозоғистон давлатчилиги, йиллар давомида Москва босими остида эканлигини англаш қийин эмас. Экспертлар орасида шундай тафаккур шаклланганки, Россиянинг Қозоғистонга таъсир қилиш воситалари ниҳоятда кўп.
Ҳарбий-стратегик жиҳатдан, бу икки давлат ўртасидаги кучлар нисбати ўртасида ўнлаб баравар фарқ мавжуд. Бу икки давлат ўртасидаги чегара узунлиги – етти ярим минг километр атрофида, яъни, дунёдаги энг узун қуруқлик чегараси. Россия ОАВларининг таъсири, ўзаро иқтисодий алоқалар ва бошқа кўплаб омилларга кўра, Қозоғистон давлатчилиги тўлақонли РФнинг босими остидаги давлат сифатида кўрилади. Шунинг учун ҳам Қозоғистон сиёсий элитаси, имкон қадар Москва билан тўқнашмаслик, балки унга мослашиш йўлини маъқулроқ кўриб келишган.
Лекин, кейинги йилларда, айниқса, Қрим аннексия қилинган 2014 йилдан бошлаб, Қозоғистон РФнинг тажовузкор сиёсатидан хавотирланиб келади. Чунки Россиядаги кўплаб сиёсатчилар орасида кейинги ўлжа ва лойиҳа сифатида «Павлодар халқ республикаси» каби Қозоғистонни парчалашга қаратилган ғояларни олға суриш ҳоллари кўп кузатилган. Ҳатто В.Путин ҳам 2021 йил май ойидаги интервьюсида «Собиқ СССРга кичик бўлиб кириб, катта рус ерларини олиб чиқиб кетган давлатлар бор» дея, Қозоғистонга шаъма қилганди.
Бугун Қозоғистон ўта қаттиқ босим остида. Бир томондан РФнинг тажовузкорлигидан қўрқади. Иккинчи томондан, ўзининг ҳудудий яхлитлигини таъминлаш учун тушунарли ташқи сиёсат юритиши лозим. Яъни, Украина уруши борасида Қозоғистон бу давлатнинг ҳудудий яхлитлигини қўллаши аниқ. Украина ҳудудий яхлитлиги, санкциялар борасида Россияга яширинча ёрдам бермаслиги – албатта Кремлни ғазаблантиради. Лекин Қозоғистон қанчалик Кремлдан қўрқмасин, ўзининг манфаатларини ўйлаган ҳолда, аниқ ва тушунарли баёнотлар беришга мажбур”. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Чет эл валюталарининг ўзбек сўмига нисбатан янги қийматлари эълон қилинди
Сирдарёда ЙТҲ содир этган ҳайдовчидан пул олган ЙПХ ходими қамалди