2 054
«Бу ҳеч кимга раво кўрилмас кечинмадир…». Украинанинг биринчи хоними Олена Зеленская интервью берди
2019 йил 20 майдан Украинанинг биринчи хонимига айланган Олена Зеленская мамлакатдаги уруш даҳшатлари, украиналикларнинг изтироби, болалар ва оналар ўлимининг ҳаддан ташқари кўплиги, оғир шароитда қаҳрамонлик кўрсатаётган ватандошлари ҳақида Американинг Vogue Ukraine журналига интервью берди. Ҳозирда икки фарзанди билан Украинада бўлиб турган ва юртдошларига турли йўллар билан гуманитар ёрдам беришга уринаётган Зеленская хоним билан ўтган суҳбатни «Дарё» ўзбек тилига ўгирди.
— Махсус операция бошланган илк кунларни эслай оласизми? Ёдингизда қолган энг муҳим воқеани айтиб берсангиз.
— Ҳаммаси қандай бошланганини жуда яхши эслайман. Одатдаги иш куни тугаб, кеч кираётганди: болалар мактабдан қайтган, уйдаги майда-чуйда ташвишлар, эртанги дарс машғулотларига тайёргарлик... Ҳаммамиз аллақандай асабий ҳолатда эдик.
Фото: «diez.md»
Ҳар ёқда бўлиши муқаррар уруш ҳақида гап-сўз айланиб юрарди. Лекин охирги дақиқаларгача ҳарбий ҳужум бошланишига ишониш қийин эди. XXI асрда яна! Замонавий дунёда! Эрталаб соат 4 ёки 5 оралиғида ғалати шовқиндан уйғониб кетдим. Аввалига бунинг бомба эканини англолмадим. Ниманинг овози эканига тушунолмадим. Турмуш ўртоғим ўрнида эмасди. Жойимдан туриб, қарасам, у аллақачон кийиниб олганди (уни ўшанда охирги марта оқ кўйлак, костюмда кўргандим, шундан кейин фақат ҳарбий кийимда юрибди). «Бошланди!» – айтган гапи шу бўлди.
Буни хавотир-таҳлика, деб айтолмайман. Балки довдираш, саросима дейиш мумкиндир. «Болалар билан нима қиламиз?», дедим. «Кут», деди у. «Ўзим хабар бераман. Ҳозирча энг муҳим ҳужжатлар ва керакли нарсаларни йиғиштириб тур», дея хонадан чиқди-кетди.
— Ўғлингиз 9, қизингиз эса 17 ёшда. Рўй бераётган воқеалар ҳақида уларга нима дедингиз?
— Бу ерда болаларга тушунтиргулик ҳеч нима йўқ. Улар украиналик болалар нимани кўраётган бўлсалар, ўшани кўриб-кузатишяпти. Албатта, бу болалар кўрадиган манзара эмас, аммо улар жуда бағрикенг ва самимий хилқат. Улардан ҳеч нимани яшира олмайсиз. Шу боис, энг тўғри йўл – бор ҳақиқатни айтиш. Қизим ва ўғлим билан ҳаммасини бир чеккадан муҳокама қилганмиз. Уларнинг ҳамма саволига имкон қадар жавоб беришга ҳаракат қилганман. Нимаики қалбимизни кўп жароҳатласа, ўша ҳақида соатлаб гаплашамиз, ичимиздаги жимлик, мутелик билан қолишни хоҳламаймиз – бу психологик синалган усул. Чиндан фойда беради.
— Оилангиз хавфсизлиги ҳақида қайғураётганингиз очиқ-ойдин билиниб турибди – зўравонлик-у қаттоллик оддий украин фуқароларига ҳам қилинаётганини кўриб турибсиз. Шахсий ва фуқаролик ҳисларингиз қоришмасини тасвирлаб бероласизми?
— Уруш аввал бошдан шахсий ва жамоавий бўлиб аралашиб кетди. Бу, эҳтимол, бизга ҳужум бошлаган золимнинг машъум хатосидир. Ҳаммамиз аввало украиналиклармиз, кейин бошқа нарса. У бизни бўлиб юборишни, нифоқ солишни, синдиришни, ўзаро қарама-қарши қўйишни хоҳлаганди, лекин буни украин халқи билан амалга ошириш имконсиз. Орамиздан қай биримизгадир зулм қилинса, зўрланса ёки ўлдирилса, буни барчамиз зулм кўрган, зўрланган ё ўлдирилган деб биламиз.
Қаршилик кўрсатиш ва фуқаролик онгини туйиш учун бизга пропаганда керак эмас. Бу биз ҳис этадиган оғриқ ва ғазаб бўлиб, лаҳзадаёқ барчамизнинг қонимизни қайнатади, тажовузкорликка қарши оёқлантиради, ҳурликни ҳимоя қилади. Буни ҳар ким қўлидан келганича уддалайди: аскарлар қўлларидаги қуроллар билан, муаллимлар дарсини ўтишда бардавом бўлиб, шифокорлар ҳужумлар ёмғири остида қолса ҳам, мураккаб жарроҳлик операцияларини давом эттирган ҳолда.
Вайрон бўлган Мариупол шаҳрининг юқоридан олинган сурати
Фото: AFP
Юртимизни варварларча талаётганларида ҳамма – санъаткорлар, ресторанлар эгаси, сартарошлар – кўнгиллига айланади. Болаларимизда ўта чуқур илдиз отган ватанпарварлик ҳисси ўсаётганини кўрганман. Йўқ, фақат менинг болаларимда эмас, балки бутун Украина болаларида. Улар энди ватанпарвар бўлиб улғайиб, она заминлари ҳимоячисига айланадилар.
— Ҳисларингизни қандай жиловладингиз? Шу вақт давомида сизга кўмак берган, қўллаб-қувватлаган дўстларингиз ёки бирор паноҳингиз бўлдими? Урушнинг илк ҳафталари турмуш ўртоғингиз билан нечоғлик тез-тез боғланиб турдингиз?
— Уруш бошиданоқ ортиқча ҳис-туйғуларга ўрин қолмаганди. Бу болаларнинг хавфсизлиги, уларнинг руҳий-ҳиссий ҳолати учун ҳам зарур эди. Шунинг учун ўзимни босишга, жилмайишга, ғайратли бўлишга, нега ертўлага тушиб ўтиришимизни ва чироқларни ёқа олмаслигимни тушунтиришга тўғри келди. Уларнинг ҳар бир саволига очиқ юз билан жавоб беришга уриндим. «Дадамизни қачон кўрамиз?», дейишса, «Ҳадемай», дердим. Илк кунлари биз ҳаммамиз бирга қолсак керак деб ўйлагандим. Бироқ президент қароргоҳи ҳарбий бошқармага айлантирилиб, болаларим билан мен у ердан кўчирилдик. Бизга хавфсизроқ жойга кўчиш айтилди – Украинада ҳам ҳозир бехатар жой топиш мумкин... Ўшандан бери Вoлoдимир билан фақат телефон орқалигина боғлана оляпмиз.
— Россия ҳужуми бошлангач, юртингиздаги аёллар қандай ўзгаришларни бошдан кечирмоқда?
— Бутун дунё аҳли украин аёллари тинч-осуда замонда яшагани, замон билан ҳамнафас ҳаёт кечириб, бошқа ўлкалардаги одамлардек Vogue журналини ўқиб келганини тушунишларини истардим. Улар снарядлар ҳужуми учун бомбапаноҳлар ҳозирлашмаганди. Бироқ илк кунданоқ Россия томони турли шаҳарларимиздаги ҳукумат қароргоҳларига ракеталар ёғдиравергач, Россия тинч аҳолига ҳам омонлик бермаслиги ойдинлашди. Украиналиклар хавф-хатардан холи эканмиз, деган ўйни бир четга суришди. Хавф бонги чалиниши билан зудлик билан биродарларимизни бир жойга йиғишни, яқин орадаги ертўла, метро бекатларига яширинишни ўргандик.
Краматорскдан эвакуация қилинаётган аёл турмуш ўртоғи билан хайрлашмоқда
Фото: AFP
Урушнинг учинчи куни бир украин боласи бомбапаноҳда туғилди. Шундан кейин минглаб украин аёлларининг шундай бомбапаноҳларда кўзи ёриди. Чунки Мариуполдаги туғуруқхонани рус ҳарбийлари қандай бомбардимон қилганини кўриб бўлгандик-да. Жиддий касалликка чалинган болажонларни қандай даволаш муаммоси муаммоси кўндаланг турибди энди. Оналар ва бувилар шундай фарзандлари билан касалхоналарда ойлаб ётишибди. Энди уларни даво илинжида хорижга чиқариб юборишимиз шарт.
Аёллар қамал қилинган ҳудудлар, масалан, Буча, Гостомелни отишмалар ичида, ҳаётини хавфга қўйиб, болалар ва кексалар билан баъзан пой-пиёда, баъзан эр-хўжаларисиз ташлаб кетишларига тўғри келди. У ердаги эркакларнинг чиқиб кетишига истилочилар рухсат бермасди. Бутун дунё март ойининг бошларида одамларнинг Ирпен шаҳридаги кўприкдан ўтаётганда портлатиб юборилганига гувоҳ бўлди.
Бугун эса қамалдаги ҳудудлар озод этилгач, украин аёллари қандай фожиаларни бошдан кечирганларини кўряпмиз: бутунлай ожиз ва қатъиятсиз, зўравонлик қурбони... Халқаро тергов бўлинмалари бу борада нимадир дейиши шарт.
Ўғлининг қабрида устида турган бучалик кекса аёл. Марҳум уй боғига дафн этилган
Фото: AFP
Херсон, Мелитопол, Берянскда яна қанчадан қанча аёллар қамал ҳолатида қолиб кетган экан? Улар ҳатто яқинларига ҳам ўзлари билан нималар содир бўлаётганини айта олмайдилар. Чунки алоқага чиқиш учун на восита, на улар топа оладиган рақамлар бор.
Мариупол вайроналари орасида ўн минглаб аёллар болалари билан қолиб кетяпти. Гуманитар ёрдам етиб бормаётгани учун бир ойдан бери ярим кечаси кўпи ташқарига чиқиб, отишмалар остида ейишга овқат излаётганини тасаввур қилинг-а!
Тўрт миллион аёл ва бола муҳожирга айланиб, ҳозир бошқа ўлкаларда яшаб юрибди. Муҳожир бўлиш ҳар руҳан, ҳам жисмонан ўта мушкул иш. Негаки ҳаммасини қайта бошлашингиз керак бўлади.
Ўз кийим-бошингни кия олмасанг, бу қандай яшаш? Ўз каравотида ухлашдан маҳрум болангга нега шундайлигини қандай тушунтира оласан? Бу ҳеч кимга раво кўрилмайдиган кечинмадир.
— Ўша минглаб аёллар орасида сиз айта оладиган бирор алоҳида ҳикояси бори учраганми?
— Юзлаб бундай ҳикояларни айта оламан. Масалан, Киев вилояти қайтариб олингач, Бучада қолган шифокор Ирина Язованинг кечмишларини эшитдик. У русларнинг отишмаларидан жароҳатланган, бомбапаноҳларга келтирилган ярадорлар, бегоналар ва қўшниларининг ҳаётини сақлаб қолади. Уларнинг оғриғига малҳам бўлиб, ярасини боғлайди. Ҳатто чироқ, газсиз шароитда, тинмай ўт очилаётган уйда ҳам туғуруқни эплайди. Унинг мардликка тўла кундалик ҳаётидан сўзлайдиган ҳикоясини ундан жуда кўп яхшиликлар кўрган қўшнилари сўзлаб юришибди.
Киевлик яна бир она – Олганинг қисматини олайлик. Уйини ракеталар нишонга олиб, бомбардимон қилганида икки ойлик гўдак қизининг устига ётиб, боласига балогардон бўлади. Ёки Черниговдаги етим-есирлар мураббияси, 30 чоғли бола (улардан бири ўзиники) билан ертўлаларда жон сақлаган ўқитувчини олайлик. У болаларни парваришлаб, қорнини тўйдириб, қаердандир транспорт топиб, отишмаларга қарамай (чунки Чернигов аввал бошдан портлашлар остида қолаётганди), уларни хавфсиз жойга кўчиради.
Черниговдаги вайрон қилинган уй. Шаҳар бир неча ҳафта давомида кенг кўламда ўққа тутилди
Фото: EPA
Украиналиклар ҳақида керагидан кўп кечмишлар бор. Telegram канал очиб, унга юртдошларимни таклиф этиб, урушда кўрган-кечирганларини бошқалар билан бўлишишни сўрадим. Ҳар бир шахс кечмиши – бу мамлакатимиз тарихидир.
— Украина шаҳарлари ва туманларининг вайронага айлантирилиши ўта даҳшатли. Путин ва рус армияси қанчалик узоққа боришга тайёр эканидан хабар берувчи қандайдир эрта ҳужум рўй берганми? Мариуполдаги туғуруқхонага қилинган ҳужум-чи? Аввал бошдаги ҳисларингиз билан ҳозиргиси ўртасида боғлиқлик борми?
— Сиз айтаётган боғлиқлик илк кунданоқ – ҳа, биринчи кунданоқ бўлган! Россия ўшанда (ҳозир ҳам) фақат ҳарбий объектларни мўлжалга олаётганини айтиб, элни алдаган эди. Рости, 24 февралдаги ҳужуми оқибатида Чугуевда оддий фуқаро, газ хизмати диспетчери Светлана кундалик юмушини бажараётганда ҳалок бўлади. Биринчи кунданоқ!
Кейинги кунлари эса болаларни йўқота бошладик. Улар ўз уйларида снаряд парчаларидан бевақт кўз юмавердилар. 200 дан ортиқ болани йўқотдик.
Шу боис, ҳар бир жиноят биз учун нишона. Қамал қилинган, бузиб ташланган Мариупол энг оғриқли бўлагимиздир. Ҳали яна давом этади булар. Киев шаҳарлари ҳам аянчли ҳолатга келган – рус армияси чекинган пайти ҳаммаси очиқ-ошкора кўрина бошлади. Бутун дунё Буча деган номни билиб олди. Бу пойтахт яқинидаги энг чиройли шаҳарлардан бири эди – бироқ Киев шаҳарларидаги қишлоқ ва посёлкаларда шунга ўхшаш даҳшатларнинг минглабини кўриш мумкин. Одамлар шундоқ кўчаларда ўлдирилган. Ҳарбийлар эмас – оддий фуқаролар! Ўйингоҳлар яқинида эса қабрлар дўмпайиб турибди. Очиғи, буни тасвирлаб ҳам беролмайман. Бу манзара мени гунг қилади. Бироқ вазиятга тик қараш ҳам керак.
Россия томони юбораётган муждани ёлғиз биз кўрмаяпмиз деган умиддаман. Ушбу муносабат фақат бизгагина қаратилмаган. Бу уларнинг бутун дунёга йўллаган муждасидир! Россия ёқтирмаса, истаган мамлакатни бизникидек кўйга солиши мумкин экан.
— Сиз ва турмуш ўртоғингиз халқларга мурожаат этиб, бу урушга кўпроқ диққат қаратишни сўраяпсизлар. Айнан ўзингиз АҚШни парвозлар тақиқланган ҳудудни ташкил этишга чақирдингиз. АҚШнинг шундай йўл тутишини ҳалиям муносиб ҳаракат деб биласизми?
— Ҳа, биз шундай қилишни ҳам расман, ҳам норасман сўрадик. Ҳар бир украиналик каби ижтимоий тармоқларда, намойишларда талаб этавердик. Русларнинг Мариуполдаги қотилликлари бошлангач, Россия фақат ракетадан фойдаланмаётгани, яна ҳаво орқали бомбардимон қилаётгани ҳам ойдинлашди. Шундай бомбалардан бири минглаб инсон яширинган театрга ташланди. Уч мингга яқин одам ҳалок бўлди. Ўғли, қизи ва набирасини йўқотган оилани биламан. Фақатгина бобо-буви билан энг катта қизигина тирик қолишган. Энди улар қандай кун кечиради?
Украиналиклар ҳалок бўлмаслиги учун тепамиздаги осмонни ёпиб қўйишларини сўрадик. Лекин НАТО буни Россияга тўғридан-тўғри қарши чиқиш деб ҳисоблади. Энди шу жойда жамики қурбонлар учун биргина Россия айбдор деб айта оламанми? Риторик савол-а! АҚШ учун тўғри ҳаракатлигини билиб туриб сўралган, холос. Тажовузкорнинг хатти-ҳаракатларига муносиб жавоб беринг – бу нафақат Қўшма Штатларга тегишли – ёки тажовузкор бадтар қутуриб, олдинга юришига йўл қўйилади, деб айтаман.
Россия Ғарбнинг осмонни ёпмаслигини яхши биларди ва бу имконият уни янаям шафқатсиз бўлишга ундади. Демократик дунё бирлашиши ва қатъий ирода кўрсатиши шарт. Чунки йигирма биринчи аср тинч аҳолини ўлдириш ва бошқа ўлка ерига кўз олайтириш замони эмас. НАТО ва халқаро ташкилотларнинг Украина билан бирга ерпарчин бўлаётган уйларни бемалол томоша қилиб ўтирган карикатурасига кўзим тушди. Балки бу ўта бўрттириб юборишдир – чунки Украина қурол-яроқ олиб турибди. Аммо шунда ҳам кўмакка муҳтожмиз!
Четга кетаётганлар учун ҳам шундай кўмак берилиши ҳам айни ҳақиқат. Миллионлаб аёл ва болаларимиз бир неча ҳукуматлардан ёрдам олмоқда, миллионлаб фуқароларимиз Европа Иттифоқи ҳимоясида. Бунинг учун чин дилдан миннатдорман.
— Рус армиясининг охирги ҳаракатларига нима дейсиз? Россиянинг деэскалация қилмоқчилигига бирор белги-ишора кўряпсизми?
— Бу ерда нимани ўйлаётганим эмас, ҳақиқатда нималар бўлаётгани муҳим. Очиғи, ҳеч бир украин нариги томоннинг бирор гапига ишонмайди. Деэскалация ҳам мужмал масала. Руслар Киевдан чиқиб кетди, лекин Донецк ва Одессада ҳарбий ҳужумларни аввалгидан-да кучайтирмоқда.
— Оддий фуқаро украиналикларга қандай кўмак бера олиши мумкин?
— Асосий масала – урушга тоқат қилмаслик, уни статистик рақамларга айлантирмаслик. Қаршилик намойишларини давом эттириш, ҳукуматингизни ҳаракатга ўтишини талаб қилавериш керак. Украиналиклар ҳам худди сиздек одам, лекин атиги бир неча ой аввал ҳаётимиз бутунлай ёмон томонга ўзгарди. Улар ҳам бошқалардек иссиқ уйини ташлаб кетишни хоҳламайди. Аммо қисқа фурсатда орқадаги бошпаналари ҳам қолмади.
Олти ёшли бола очликдан вафот этган ва ҳовлига кўмилган онасининг қабрига қараб турибди. Буча
Фото: AP Photo
Украиналикларнинг кўпи Европа шаҳарлари орасида визасиз узоқ вақт кўчиб юрган – аксари саёҳат қилган. Сон-саноқсиз фуқароларимиз илгари хорижда бир неча марта бўлиб қайтган. Лекин ҳеч бири қочоққа айланишни режалаштирмаган. Шу сабаб, уларга худди биродарингиздек муомала қилинг. Оналар ва болаларнинг бирдан бир орзуси – қадрдон гўшасига қайтиш, бўлинган оиласини тиклаш. Ортга қайтгунларича уларга мослашишга – уй, иш, болаларга мактаб топиб беришда, ўтинаман, ёрдам беринг.
Дунё аҳли билиши керак – Россия жаҳон саҳнасида уруш билан боғлиқ улкан ахборотни бошқаряпти. Улардан келаётган ҳар қандай ахборот ўта синчковлик билан кўрилиши ва танқидий фикрлашдан ўтказилиши шарт. Мана, ўтган кунлари Германия, Греция ва баъзи давлатларда Россияни қўллаб-қувватлаган бир қанча ҳаракатларга гувоҳ бўлдик. Буларнинг бари Россиянинг иши. Ақли-ҳуши жойида бўлган россиялик ўз юртининг бундай қилмишларидан, армиянинг шафқатсизлигидан уялади. Мен уларни зўравонликка чақирмайман. Аммо урушни ёқлаётганларга ишонмаслик керак.
— Ҳаётингиз ҳозир қандай кечяпти?
— Худди бошқа украиналиклардек яшаб келяпман. Барчамизнинг ягона, улкан мақсадимиз бор: тинчликка етиш. Ҳар бир она ва рафиқадек мен ҳам турмуш ўртоғимдан мудом хавотирдаман ва болаларимни соғ-саломат бўлиши учун қўлимдан келганини қиламан.
— Сизга нима умид бағишлайди?
— Оиламда – ҳар бир украиналик каби – ватандошларим орасида ажойиб инсонлар жам: улар армияга ва бир-бирига ёрдам беришга ҳамиша шай. Ҳозир барча украиналик армияда. Ҳар ким қўлидан келганини қиляпти. Бувилар ўз ташаббуси билан армиядаги йигитларга нон пишириб бераётгани ҳақида эшитяпмиз. Улар ғалабанинг тезроқ келишини хоҳлашяпти. Мана, украиналиклар қандай халқ! Биз улар учун, ўзимиз учун умид қилишдан чарчамаймиз.
— Охирги ойда ёдингиздан бир умр чиқмайдиган қандайдир воқеа рўй бердими?
— Уруш бошланганидан тахминан бир ҳафта ўтиб, яқинларимга телефон орқали боғланишга, уларнинг соғ-омонлигини билишга уринаётгандим. Бир лаҳза қадрдону меҳрибонларимни яна кўрармиканман, деган ўй хаёлимдан ўтди. Эҳтимол, умримда биринчи марта бақиргандирман – илк марта ҳиссиётларимни ташқарига чиқаргандирман. Чунки бунга дош беролмасдим-да!
Яқинларим ва дўстларим, ҳарбий формадаги жамики эркак, йигитлар ҳар доим ёдимда. Дугоналарим нақадар жасур ва мард бўлганини ҳамиша хотирамда сақлайман. Ўша аёллар – тинчлик замонида заиф ва башанг бўлишган эса-да – атрофида уруш ваҳшати кезиб юрган чоғ ҳар ишни қилишга қодир! Уларнинг кечмишлари мени лол қолдиради. Улар билан чинакамига фахрланаман. Улар билан яна юз кўришиш умидидаман.
Украинанинг биринчи хоними, Олена Зеленская, Уруш даҳшатлари, Болалар ва оналар ўлими Россия ва Украина уруши «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Рақобат қўмитаси биржада Аи-80 бензини бошланғич нархига чеклов ўрнатди
Блинкен Исроилдан учта муаммони ҳал этишни талаб қилди
НАТО бош котиби Украинанинг фронтдаги аҳволи ёмонлашганини тан олди
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Шавкат Мирзиёев: “Фаластинлик болалар ва аёлларни беғараз даволашга тайёрмиз”
Боррел ЕИнинг Исроил билан мулоқотини тўхтатишни таклиф қилди
Эрдўғон Туркия Исроил билан алоқаларини узганини маълум қилди
Қозоғистонда яна 1 млрд доллар ноқонуний активлар давлатга қайтарилди