11:13 / 10.10.2017
5 757

Мутахассис изоҳи: Нега нақд чет эл валютасини сотишга шошмаслик лозим?

Мутахассис изоҳи: Нега нақд чет эл валютасини сотишга шошмаслик лозим?
Ўзбекистонликлар Марказий банк аҳолига нақд чет эл валютаси эркин сотувини бошлашини кутмоқда. Иқтисодиёт фанлари номзоди Фарҳод Қурбонбоев бу чорага шошмаслик мумкин деб ҳисоблайди, деб ёзади Дарё.
5 сентябрдан мамлакатимиз иқтисодиёти янгича воқеликда — миллий валютанинг деярли икки карра девальвацияси шароитида амал қила бошлади.

Бу воқелик импортчиларни деярли икки карра камбағаллаштириб, экспортчиларни деярли икки карра бойитди. Импортчилар аҳволини импорт божхона тўловларини камайтириш мақсадида қайта кўриб чиқиш яхшилайди. Экспортчилар-чи? Улар фаоллашдими?
Жавоб ҳозирча номаълум, чунки жуда кам вақт ўтди. Бироқ давлат органлари экспортни ошириш бўйича прогноз маълумотларига эга эканлиги ва бу прогнозлар яқин вақт ичида амалга ошишига ишонгимиз келади.

Кўпчилик эркин конвертациядаги валютанинг нақд сотилиши бошланишини кутмоқда.
Баъзи мутахассисларга бу иқтисодий равнақ бошланишига олиб келувчи охирги нуқта бўлиб туюлмоқда. Бироқ бу хом хаёл. Қолаверса, хавфли тушунча ҳамдир.

«Конвертация жорий этилиши туфайли иқтисодиётнинг долларлашуви кучаядими?» деган саволга обрўли экспертлардан бири «Иқтисодиётимиз айнан конвертация йўқлиги ва валютанинг доимий етишмовчилиги туфайли долларлашган», деб таъкидлайди.
Аслида эса долларлашув сабаби — параллел (яширин) иқтисодиёт ва нобанк нақд пул айланмаси. Қонуний тадбиркорлик суст ривожланган, экспорт зарур даражадан икки—уч баробар паст.

Эркин конвертациянинг биринчи ҳафтасида банклар томонидан 300 миллион доллар, шундан 200 миллион доллари аҳолидан сотиб олинганлиги маълум қилинди.
Ҳозир қандай? Бир ой давомида қанча сотилган ва сотиб олинган? Асосий масала: мувозанат қанақа, кўпроқ сотилаяптими ёки харид қилинаяптими?

Агар экспорт ошиб, банклар томонидан эркин конвертация қилинувчи валютани харид қилиш барқарор равишда сотишдан ошаётган бўлса, нақд конвертацияни жорий этиш эҳтимоли ҳақида гапириш мумкин.
Гап шундаки, қонуний ишловчи экспортчига хўжалик операциялари учун нақд доллар керак эмас.

Аҳолининг авто ёки кўчмас мулк харид қилиш учун эркин конвертациядаги валютага эҳтиёжига келсак, бу муаммо янада йирик миллий валюта чиқариш йўли билан ҳал этилиши мумкин.
Чет эл валютасини чет элга ўтказиши керак бўлган фуқаролар нима қилиши керак, деб тез-тез сўрашади. Кўпчиликнинг чет элда талаба фарзандлари ва моддий ёрдам керак бўлган бошқа қариндошлари бор.

Ушбу мақсадлар учун эркин конвертациядаги валютани ўтказиш имкониятини кўзда тутувчи махсус низомни ишлаб чиқиш ва тасдиқлаш лозим. Бундай расмиятчилик ҳақиқатда ўтказмаларни амалга ошириши керак бўлганларни қийнаб қўймайди деб ўйлайман.

Иккинчи кўп тарқалган савол: хорижий интернет-дўконлардан харидларни амалга ошириш учун чет эл валютасини қаердан олиш мумкин?
Ҳа, бу муаммо, бироқ фуқароларимининг кўпчилиги учун эмас. Валюта бозорининг асосий муаммолари ҳал этилса ва уларни келтириб чиқарувчи сабаблар бартараф этилса, солиқларни оптимизация қилиш йўли билан бизнес учун ҳақиқатда мақбул шароитлар яратилса, хорижий интернет-дўконларга тўловларни амалга ошириш муаммосини ҳам ҳал этиш мумкин.

Интернет-дўконларга нега эҳтиёж бор? Чунки ички бозор бир қисм фуқароларнинг баъзи эҳтиёжларини қаноатлантирмайди, чет эл онлайн-дўконларида эса нархлар пастроқ, танлов ҳам кўпроқ.
Чет эл интернет харидларига эҳтиёж юзага келиш сабаблари — ички ишлаб чиқариш ва тадбиркорликнинг суст ривожланганлиги ва импорт божхона божларининг юқори эканлиги.

Барчаси охир-оқибатда ички иқтисодиётимизни ривожлантириш йўли билан ҳал этилади! Солиқлар оптимизацияси орқали ички бизнес ва экспорт — муаммоларнинг асосий ечими мана шу. Ҳозирги шароитда эркин нақд конвертация — бевақт ноўрин яримчора.
Марказий банкнинг яқин вақт ичида исталган талабгорларга эркин конвертациядаги валютани нақд сотишни очиш бўйича бирор-бир мажбуриятни зиммасига олиши мақсадга мувофиқ бўлмасди.

Биргина Марказий банк валюта бозорини барқарорлаштириш вазифасини уддалай олмайди. Унга макромолиявий таҳлилга асосланган солиқ оптимизацияси бўйича чоралар билан Иқтисодиёт вазирлиги ва Молия вазирлиги ёрдам бериши керак.
Демак, валюта либерализацияси ортидан солиқ оптимизациясини ўтказиш зарур.

Қабул қилинган қарорлар, жумладан президентнинг 2017 йил 13 сентябрь кунги «Пул-кредит сиёсатини янада такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги қарори 4-бандини қатъий бажариш зарур.
Иқтисодиёт вазирлиги, Молия вазирлиги ва Марказий банк мувофиқликда фаолият кўрсатувчи учлик бўлиши лозим.

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Иқтисодиёт » Мутахассис изоҳи: Нега нақд чет эл валютасини сотишга шошмаслик лозим?