Протеин ёки оқсил инсон организми учун энг муҳим компонент ҳисобланади. Мушаклар оқсилдан иборат бўлиб, у бириктирувчи тўқималар ва тери учун ниҳоятда зарур элемент. Фермент оқсиллари, антитана оқсиллари мавжуд, кўпчилик гормонлар ҳам оқсиллардир. Касалликлар туфайли протеин алмашинуви бузилади. Аммо қатъий диеталарга риоя қилганлар ёки парҳезни нотўғри тузганлар хавф остидалар, чунки улар озиқ-овқат оқсилларини етарли даражада истеъмол қилишга эътибор бермайдилар.
Протеин организмнинг асосий қурилиш блокидир, шу боис протеин етишмовчилиги нозик аломатлар билан юзага чиқади. Яъни организмда оқсил танқислигининг оддий шакллари ҳам инфекцияларга қарши туриш қобилиятини пасайтиради, тирноқ ва сочларнинг ўсишини секинлаштиради ва юзнинг ташқи кўринишига таъсир қилади.
Оқсил етишмовчилигини эрта аниқлаш соғлиқ учун жиддий оқибатларнинг олдини олишда жуда муҳимдир. Ва бунга ишора қилувчи асосий белгилар бор. The Voice Mag нашри ана шу белгиларни санаб ўтди.
Протеин етишмовчилиги қандай намоён бўлади?
Ташқи кўринишдан:
- Соч ва тирноқларнинг мўртлашуви;
- Терининг қуруқлашиши натижасида қичишиши;
- Рангпарлик (анемия белгисига яқин кўриниш);
- Аниқ сабабларсиз шиш пайдо бўлиши.
Асаб тизимидан:
- Кучли, тез-тез бош оғриғи;
- Уйқучанлик, бефарқлик ҳисси;
- Хотира сусайиши;
- Уйқусизлик;
- Организмнинг умумий ҳолати жиҳатидан:
- Мушаклар оғриғи;
- Иммунитет заифлашиши;
- Диарея ёки ич қотиши;
- Тез-тез кўнгил айниши;
- Ширинликларга бўлган истакни тийиб тура олмаслик.
Кимларда протеин етишмайди?
Гўшт истеъмол қилмайдиганлар, вегетарианлар оқсил етишмаслиги хавфи остидагилар ҳисобланади. Ўсимликка асосланган озиқ-овқатлар енгиллик ҳиссини бериши мумкин, улар ўзининг ҳажми билан клетчатка ва пектиннинг кўп миқдори туфайли ошқозонни яхши тўлдира олади. Шу боис ҳам протеин етишмовчилиги эътибордан четда қолиши мумкин. Бироқ шу ерда муҳим савол туғилади: агар сиз ҳайвон гўштлари асосида тайёрланадиган маҳсулотлар қатъий чекланган диетага ўтишга қарор қилсангиз, таомномадаги протеин етишмаслигини қайси манбалар ҳисобидан қоплайсиз, шуни олдиндан аниқлаб олинг.
Худди шу сабабга кўра, очлик ва баъзи озиқ-овқатларни кескин чеклаш ёки истеъмолни сезиларли даражада камайтириш билан боғлиқ диеталар хавфлидир.
Моно диеталар деярли ҳар доим протеин етишмаслигига олиб келади (протеинли моно диeталар эса оқсилни меъёрдан ошириб юбориши мумкин, бу унчалик фойдали бўлмаган бошқа ҳикоя).
Шунингдек, оқсиллар алмашинувида айрим нуқсонларни келтириб чиқарадиган касалликлар мавжуд. Ва беморлар улардан азият чекаётганини билмасликлари ҳам мумкин — айниқса, касаллик балоғат ёшида ривожланган бўлса.
Протеин етишмовчилигини аниқлайдиган анализлар
Агар жиддий протеин танқислиги ёки унинг сўрилиши бузилганлиги ҳақида шубҳада бўлсангиз, шифокор қуйидаги клиник тадқиқотларни буюриши мумкин:
- Клиник қон таҳлили (ESР);
- Реберг-Тареев тести;
- Кундалик пешобда карбамид;
- Пешобда креатинин;
- Пешоб ва зардобдаги умумий протеин таркибини таҳлил қилиш;
Ушбу кўрсаткичларни аниқлайдиган яна бир нечта анализ тестлар мавжуд. Ҳолатга қараб, шифокор керакли тадқиқотни ёки уларнинг комбинациясини танлайди.
“Замин” янгиликларини “Инстаграм”да кузатиб боринг