Янги йил байрами яқинлашгани сайин аёлларнинг аксариятида узоқ кутилган оқшомгача бир неча килограмм ортиқча вазндан қутулиш истаги пайдо бўлади. Аммо тезроқ озиш мақсадида “очлик эълон қилиш” ҳеч қачон ижобий натижа келтирмайди. Организм калориялар ўрнини тўлдириш учун максимал даражада ҳаракат қилади ва сизни тунда музлаткич томон йўл олишга ундайди. Шунинг учун ҳам ўта қатъий усуллар билан озишга ҳаракат қилиш кўп ҳолларда исталган натижагача олиб бормайди. Аммо...
Сизга оддийгина зираворлар ёрдамида озишингиз мумкинлигини айтсак ишонасизми?
Улар ҳар бир уй бекасида бўлгани каби сизнинг ошхонангиздан ҳам албатта, топилади. Ушбу зираворлардан ҳар куни турли таомлар тайёрлаш жараёнида фойдаланишингиз аниқ. Албатта, яхшигина озишни мақсад қилсангиз бўлсангиз, уларнинг ўзи билан иш битмайди. Бунинг учун тўғри овқатланиш, жисмоний машғулотлар билан шуғулланиш шарт. Бироқ биз қуйида санаб ўтмоқчи бўлган зираворлар ортиқча килограммларга сабаб бўладиган зарарли одатларга қарши курашишга ёрдам беради.
1-ёрдамчи: Долчин
Ушбу зиравор организмнинг ширинликларга бўлган талабини сусайтириш, иштаҳани назорат остида ушлашга кўмаклашади. Биз қондаги қанд миқдори ошиб кетиши натижасида кучли очликни ҳис қиламиз, долчин эса қанд миқдорини меъёрида ушлаб туришга ёрдам беради.
“Мен ҳар куни тонгда сутга пиширилган сули бўтқасини банан ва долчин билан бирга тановул қиламан. Бу дунёдаги энг яхши егулик!”
Кортни Мери Кардашян, модел
Парҳезшуносларнинг айтишларича, долчин таркибида организм учун фойдали витамин ҳамда минераллар сақланади, улар танангизни токсинлардан тозалайди ва иммунитетни оширади. Озиш ниятида бўлган инсонларга долчинни кукун кўринишида эмас, таёқча шаклида шакарга қўшиб истеъмол қилиш тавсия этилади.
Нималарнинг таркибига қўшиш мумкин: чой, сутли қаҳва, творог, пиширилган олма, табиий йогурт, мевали салатлар.
Қарши кўрсатмалар: кўплаб фойдали хусусиятларига қарамай, долчинни ошқозон-ичак тракти, юрак-қонтомир тизими, буйраклар, жигар касалликларидан азият чекадиган беморлар, шунингдек гипертониклар истеъмол қилиши мумкин эмас.
2-ёрдамчи: Куркума
Кўпчиликка яхши таниш бўлган ушбу зиравор таомларга ўзига хос таъм ва тилларанг тус беради, шу билан бирга организмда моддалар алмашинувини тезлаштиради. Парҳезшуносларнинг айтишларича, буларнинг барчаси зиравор таркибидаги куркумин моддаси шарофатидан. У танада ёғ қатламлари пайдо бўлишининг олдини олади, уларнинг парчаланишига ёрдам беради, “оғир” (гўштли, ёғли, қовурилган) таомларнинг ҳазм бўлишини осонлаштиради.
Нималарнинг таркибига қўшиш мумкин: чой, қаҳва, қайлалар, салатлар, тобламалар (творогли ва картошкали), сабзавотлардан тайёрланган иссиқ овқатлар, гуруч ва дуккакли маҳсулотлар, димланган гўшт.
Қарши кўрсатмалар: овқат ҳазм қилиш тизими билан боғлиқ сурункали касалликлари мавжуд бўлган беморлар, шунингдек гипертоникларга куркума истеъмол қилиш тавсия этилмайди.
3-ёрдамчи: Ялпиз
Ялпиз кўплаб таом ва ичимликлар учун қўшимча таркибий маҳсулот ҳисобланади, уларга такрорланмас таъм ва ёқимли ҳид бағишлайди. Бироқ ялпизнинг ортиқча килограммларга қарши курашда фойдали эканлигини кўпчилик билмайди.
Гап шундаки, ушбу ўсимликда саломатлик билан боғлиқ кўплаб муаммоларни бартараф этиш хусусияти мавжуд: у сизни жиғилдон қайнаши, қорин дам бўлишидан халос этади, ошқозон фаолиятидаги бузилишларга қарши курашади, ичаклар ва ўт пуфаги саломатлигини қайта тиклайди. Ялпизнинг ошқозон-ичак тракти микрофлорасига кўрсатадиган ижобий таъсири натижасида иштаҳа сусаяди, моддалар алмашинуви яхшиланади.
“Мен ялпизли чойни жуда яхши кўраман, у ошқозонни дори препаратларидан яхшироқ тинчлантира олади”.
Дейдра ЎКейн, ирланд актрисаси, комик
Нималарнинг таркибига қўшиш мумкин: Чой, турли ичимликлар, салатлар, қайлалар, гўштли, балиқли ва сабзавотли таомлар.
Қарши кўрсатмалар: ялпиз ёш-у қари учун бирдек фойдали, фақатгина қон босими паст ҳамда варикоздан азият чекувчи инсонлар бундан мустасно.
“Замин” янгиликларини “Одноклассники”да кузатиб боринг