Фото: Marie Claire
Доимий муздек қўл-оёқлар жиддий хасталик аломати бўлиши мумкин. Шифокор қабулида бўлишнинг айни вақти эканини қайд этиш билан бирга уй шароитида қандай қилиб уларни иссиқ тутиш йўлларини айтамиз, деб ёзмоқда “Новый очаг” нашри.
Ташқарида қандай об-ҳаво бўлишидан қатъий назар, қўл ва оёқларингиз ҳамиша муздекми? Ёз пайтида улар кўп ғамхўрлик талаб қилмагани билан ҳаво совуши натижасида қўл ва оёқ бармоқлари иссиққа эҳтиёж сезади.
Нима учун қўл ва оёқлар совуқ қотади?
Танамиз биринчи навбатда қайси органларни сақлаш лозимлигини яхши билади, шунинг учун қон ва кислород билан таъминлашда устуворлик мия ва юракка берилади, оёқ-қўлларнинг озиқланиши “қолдиқ тамойили”га амал қилади. Қўл-оёқларингиз совуқ қотса, бу ҳозирги вақтда тана бутун қувватини юракнинг иш қобилиятини яхшилашга қаратганини кўрсатади.
Қандай қилиб иссиқ тутиш керак?
Юрак учун фойдали таомларни истеъмол қилинг. Муаммони ҳал қилишнинг энг яхши усули — бу унинг манбаси билан курашишдир. Бу ҳолда, қон айланишини яхшилашга ва юракни озиқлантиришга киришинг: юрак учун фойдали таомларни тез-тез истеъмол қилинг. Ёғли балиқ, ёнғоқ, зайтун мойи, мева ва сабзавотлар, қизил икра, банан, қора шоколад, Брюссель карами айни муддао.
Зираворлар истеъмолини кўпайтиринг
Куркума, занжабил, қалампир ва бошқа зираворлар тана ҳароратини оширади, қон айланишини яхшилайди — бизни қўлқоп ёки пайпоқ каби иссиқ тутади.
Суюқликларни қайноқ ҳолда ичинг
Совқотган бўлмасангиз ҳам, бир пиёла иссиқ чой, қаҳва ёки занжабил чойи тана ҳароратини оширишга ёрдам беради, шунингдек, иссиқликни бир текис тақсимлайди. Бундан ташқари, бир финжон иссиқ чойни ушлаб туриб ҳам, қўшимча равишда қўлларни иситамиз ва қон айланишини яхшилаймиз.
Спорт билан шуғулланинг
Мунтазам жисмоний машқлар нафақат қон ҳаракатини фаоллаштиради, шу билан бирга қон айланишининг умумий яхшиланишига ҳам ҳисса қўшади. Муздек қўл ва оёқлар одатий муаммоингиз бўлса, жисмоний тарбия билан жиддий шуғулланишнинг аллақачон вақти келди.
Шифокорга қачон кўриниш керак?
Айрим ҳолларда қўл-оёқларнинг доимий совқотиши хавфли хасталиклар ривожланишининг аломати бўлиши мумкин. Масалан, қизил югурук касаллиги, склеродерма, периферик артериал касалликлар ва қалқонсимон без касалликлари. Агар қўл-оёқларнинг совқотиши билан бирга тез-тез чарчоқ, соч тўкилиши, ич қотиши, оёқ-қўлларнинг шишиши, сочларнинг мўртлашуви ёки аксинча, қалинлашиши кузатилса, дарҳол шифокорга мурожаат қилишингиз керак.
“Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг