Одамлар орасида катта фарзанд бошлиқ, ўртанчаси тинчликпарвар, кенжалар эса масъулиятсиз ва исёнчироқ бўлиши ҳақида гап юради. Хоҳлаймизми-йўқми, оилада қайси фарзанд бўлиб туғилганимиз шахсиятимизда акс этади. Бунга оилада нечанчи фарзанд эканимизга қараб қилинган муносабат таъсир кўрсатади.
Оилавий муносабатлар ва шахсият
Австриялик психиатр Алфред Адлер 20-асрнинг бошларида оиладаги туғилиш тартибининг шахсиятга муҳим таъсир кўрсатиши мумкинлигини илгари сурган. Унинг туғилиш тартиби назарияси оиладаги ҳар бир фарзанднинг ўзига хос хусусиятлари ва психологик ривожланишига эътибор қаратади.
Адлер назариясига кўра, биринчи фарзандлар масъулиятни чуқур ҳис қилишга мойил бўлади, ўртанча фарзандлар эса диққат ва эътиборталаб. Энг кичик фарзандлар, аксинча, саргузаштга ва қоидаларни бузишга мойиллиги билан ажралиб туради.
Алфред Адлер, шунингдек, "оила констелляцияси" тушунчасини жорий этган. Бу назария оила аъзолари ўртасидаги динамик муносабатлар ҳар бир аъзонинг шахсий ривожланишига қандай таъсир қилишини ўрганади.
Бош фарзандлар
Биринчи фарзандлар одатда қуйидаги сифатлар билан тасвирланади:
- Лидерлар;
- Юқори натижаларга эришувчи;
- Тартиб-қоидали;
- Масъулиятли;
- Пишиқ.
Адлернинг туғилиш тартиби назариясига кўра, биринчи фарзандларга ота-оналар кўпроқ эътибор ва вақтини бағишлайди. Ўз навбатида янги ота-оналар ҳали болалар тарбияси ҳақида ўрганиш жараёнида бўлганликлари учун улар қоидага қараб иш қилувчи, қаттиққўл, эҳтиёткор ва баъзан ҳатто асабий бўлиши мумкин. Бу эса болага таъсир кўрсатади.
Бош фарзандларга кўпроқ масъулиятли лидер сифати хос.
"Тўнғич фарзандлар жинсидан қатъи назар, ҳаётларининг маълум босқичида ука-сингиллари туғилганда диққат марказидан четда қолишлари сабаб кўпроқ маҳрум бўлиш ёки ҳасад қилиш ҳиссини туяди. Бу эса уларни кўпроқ муваффақиятли бўлишга мойил қилиши мумкин", дейди сан-францисколик терапевт Авигаил Лев.
Биринчи фарзандларга кўрсатилган барча эътибор кичик укалари ёки сингиллари пайдо бўлганда кескин ўзгаради. Ука ёки сингилли бўлганда ота-онанинг диққатини баҳам кўриш керак бўлади. Бундан ташқари, ота-она бош фарзанддан кўпроқ нарса кутади, уларни кейинги фарзандларга ўрнак қилиб кўрсатади. Баъзида ука-сингилларини парваришлашга ҳам ёрдам беришгани сабабли тўнғичлар меҳрибон, масъулиятли бўлади.
Бундай хусусиятлар шаклланишига фақат туғилиш тартиби эмас, балки оиладаги муносабатлар, ота-онанинг қандай тарзда болага ёндашиши ва ука-сингиллар билан бўлган муносабат ҳам таъсир қилади.
Ўртанча фарзандлар
Адлернинг фикрига кўра, ўртанча фарзандлар кўпроқ оиланинг тинчлик ўрнатувчилари бўлади. Чунки улар кўпинча катта ва кичик фарзандлар ўртасидаги низоларни ҳал қилади. Ўртанчалар оилада катта ака-опа ва укалари ўртасида камроқ эътибор кўришлари сабаб ижтимоий ҳаётда кўпроқ эътибор топишга ҳаракат қилади.
Ўртанча фарзандлар кўп ҳолларда:
- мустақил;
- тинчликпарвар;
- одамларнинг кўнглини олувчи;
- очиқтабиатли;
- мослашувчан;
- эътиборга ўч;
- рашкчи;
- рақобатбардош бўлишади.
Кенжалар
Кенжалар "оиланинг гўдаклари" деб ҳам аталади. Улар опа-акаларига қараганда кўпроқ эркаланган ва яхшироқ парваришланган бўлади деб ҳисобланади. Бу вақтга келиб ота-она анча тажрибали бўлиб қолишади ва уларни вояга етказишда ҳам нисбатан юмшоқроқ усулларни қўллашади.
Кенжалар:
- очиқтабиат;
- хурсандчиликни яхши кўрувчи;
- эрксевар;
- ўзини биринчи ўринга қўювчи;
- манипуляцияга мойил;
- таваккалдан қўрқмайдиган бўлишади.
Адлер назариясига кўра, кенжа фарзандлар одатда ижтимоийлашган, тез чиқишиб кетувчи ва жозибали бўлади. Лекин улар ўзларида ўрганиш ва янгилик кашф этиш учун кўпроқ эркинлик бўлишига қарамай ўзларини ака-опалари соясида ҳис қилади. Бу "Кенжа фарзанд синдроми" деб аталади.
Ота-оналар кенжаларга нисбатан камроқ тартиб-интизом қўллашгани учун уларда ўзини тартибга олиш қобилияти сустроқ бўлиши мумкин.
Ёлғиз фарзандлар
Ягона фарзандлар оилада якка бўлишади ва ўз-ўзидан бор нарсаларини ҳеч қачон бошқалар билан бўлишишларига тўғри келмайди, доим эътиборда бўлади. Бу кўп жиҳатдан тўнғич фарзанд хусусиятларига ўхшаб кетади. Лекин ёлғиз фарзандлар ҳеч қачон ука-сингил, ака-опа билан муносабатга киришмайди.
Уларга қуйидаги хусусиятлар хос:
- вояга етган;
- меҳнаткаш;
- перфекционист;
- ўйлаб иш қилувчи;
- юқори натижаларга эришувчи;
- ўзига ишонувчи;
- таъсирчан.
Албатта, фақатгина оилада нечанчи фарзанд бўлиб туғилишнинг ўзи одамни шакллантириб қўймайди. Шахсият ривожланишида оиладаги муҳит, генетика, боланинг темпераменти ва ижтимоий-иқтисодий ҳолат ҳам рол ўйнайди. “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Халқаро жиноят судининг ордери Исроилни нега қўрқитяпти?
Италия суди Қуддус Исроил пойтахти эмаслиги ҳақида қарор чиқарди
Туркия ўзининг биринчи квант компютерини тақдим этди
Ҳусийлар Исроил авиабазасига гипертовушли ракета билан зарба берди
Кимёвий воситалар билан дарахтларга шикаст етказганлик учун жавобгарлик белгиланди
Рўзиқул Бурдиев: "Чемпионатда ҳеч қандай мақсад қолмаган"
АҚШда 10 ёшли бола полицияга қўнғироқ қилиб, математикадан уй вазифасини бажаришда ёрдам сўради