09:35 / 24.11.2016
12 414

Бир уйдаги қондош тўрт бегоналар

Бир уйдаги қондош тўрт бегоналар

Интернет ва ижтимоий тармоқлар оиламни бузаётганини ҳис қилаяпман. Ёшим 40 да, аёлим 36 да, ўғлим 13, қизимиз эса ўн ёшга кирди. Мен уларни йўқотаётганимни сезяпман. Гапимни сўзма-сўз тушунманг: ҳозирча ҳеч ким ажрашаётгани йўқ, болаларим менга ота сифатида бирон эътироз билдиришмаяпти, лекин улар билан мулоқотларимиз тобора камайиб бормоқда.

Бунга менинг камгаплигим ёки футболни ҳаддан зиёд севишим эмас, балки айнан ижтимоий тармоқлар сабабчи, деб биламан. Отам доим: «Оиладаги муаммолар оила аъзоларининг ўзаро гаплашмай қўйганидан келиб чиқади», дердилар. Менинг оиламда айнан шу ҳолат юзага келган. Ишдан саккиздан кейин келаман. Биз камдан-кам ҳолларда бир дастурхон атрофида йиғилиб ўтирамиз. Ҳар ким ўзи хоҳлаган пайтда тик оёқда тамадди қилиб кетаверади. Хотиним мактабда ишлайди, у дарсга тайёрланиши кераклигини айтиб, бўш қолди дегунча «Одноклассники»га киради. У мендан кўра кўпроқ ҳозир хорижда яшаётган синфдош дугонаси билан суҳбатлашиб ўтиришни маъқул кўради. Улар «Skype»да гаплашишади. Бир курсдоши эса Англияда яшайди. Хотинимга улар билан мулоқот қилиш кўпроқ ёқади. Уларни ўчириб-ёқиш мумкин, улар бир қарашда жонли, айни дамда виртуал.

Ўғлим ҳам худди шундай – ўйинлардан, турли чатлар, жумладан, «Facebook», «ВКонтакте»дан чиқмайди. У билан гаплашишга ҳаракат қилсам, дарров сергак тортиб, математикадан «уч» олгани ёки дарс қолдиргани учун танбеҳ бермоқчи, деб ўйлайди. Фикримча, уни статусидаги ёзув ва интернетдаги дўстлари билан мулоқотдан бошқа ҳеч нима қизиқтирмайди. Мен эса гаплашиш мумкин бўлган одамлар рўйхатидан ўчирилганман, ахир мен «ВКонтакте»да бўлмасам…

Қизим ҳам «WhatsApp», «Вичат»да дугоналари билан гаплашгани-гаплашган. Шу ёшда бунча берилиб нима ҳақда гаплашиш мумкин, тушунолмайман.

13 яшарлигимда дўстларим билан уззу-кун кўчадан бери келмай, тўп тепардик. Каттароқ бўлганимдан кейин эса қизлар билан қизиқиб, кино-театрларга борардик, уларга муҳаббат мактубларини битардик. Ҳозирги болалар эса кун бўйи уйда ўтиришади, ҳеч қаерга қочиб кетишмайди. Бир қарашда, уларни назорат қилиш осондек, лекин аслида ундай эмас. Менимча, ижтимоий тармоқлар оила аталмиш муқаддас даргоҳ анъаналарига путур етказади. Мен уйда телевизор кўраман, хотиним ноутбуки билан ётоқхонада, ўғлим ўз уйида компьютердан турмайди, қизим эса телефон «жинниси». Агар мен уйдагиларга биргаликда бирон ерга боришни айтсам, ҳар бири баҳона топади. Бора-бора мен уйга кеч келадиган бўлдим. Уйда ҳеч ким сен билан қизиқмаса, у ерга боришдан нима наф? Балки шунинг учундир, аёлимга хиёнат қилишгача бордим. Чунки менга инсоний мулоқот керак, гаплашишни хоҳлайман. Баъзида хаёлимга шундай фикр келади, бордию хотинимга: «Мен сени ташлаб кетяпман. Бошқасини севиб қолдим», десам, у қайрилиб ҳам қарамасдан: «Бўпти, кечқурунроқ гаплашамиз», деса керак.

Виртуал дўстлар, виртуал ҳаёт бугунги кунда ҳақиқий оила, ҳақиқий дўстлардан муҳим бўлиб бораётгани жуда ташвишли ҳолдир.

Манба: diydoraziz.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бир уйдаги қондош тўрт бегоналар