Мач Индустриес мудофаа стартапи бир йилда ўз қийматини 4 бараварга оширди

22 ёшли Итан Торнтон томонидан асос солинган Мач Индустриес мудофаа технологиялари стартапи К сериясидаги инвестиция раундида 300 миллион доллар жалб қилди. Мазкур молиялаштириш босқичидан сўнг компаниянинг бозор қиймати 1,8 миллиард долларга етди. Бу ўтган йилги кўрсаткичдан қарийб тўрт баравар кўпдир — 2025-йил июн ойида компания 470 миллион долларга баҳоланган эди. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Ушбу инвестиция раундига Инфините Капитал ва Риббит Капитал жамғармалари бошчилик қилди. Шунингдек, лойиҳада Бедрокк Капитал, Сеқуоиа Капитал ва Хосла Вентурес каби йирик инвесторлар иштирок этган. Мач Индустриес асосчиси Итан Торнтоннинг сўзларига кўра, автоном қурол тизимларини ишлаб чиқариш катта капитал талаб қилади, шу сабабли компания дастлаб 200 миллион доллар жалб қилишни режалаштирган эди, бироқ инвесторлар қизиқиши юқорилиги сабабли бу миқдор 300 миллион долларга оширилди.
2023-йилда ташкил этилган Мач Индустриес ҳозирда бешта автоном восита устида иш олиб бормоқда: Випер (вертикал учиш-қўниш хусусиятига эга реактив аппарат), Глиде (юқори баландликдаги планер), Стратос (ҳаво кузатув платформаси), Дарт (дронларга қарши арзон тутувчи восита) ва Piке (узоқ масофали ўқ-дориларни учириш қурилмаси). Компания келаси йили ушбу тизимларнинг камида учтасини ишлаб чиқаришни бошлашни режалаштирмоқда.
Бундан ташқари, стартап яқинда АҚШ Мудофаа вазирлиги (Pentagon) билан янги шартнома имзолади. Дефенсе Инноватион Унит (ДИУ) билан тузилган келишувга кўра, компания Ҳарбий-денгиз кучлари учун учиш-қўниш йўлагига боғлиқ бўлмаган йирик зарбдор самолёт ишлаб чиқади. Ушбу лойиҳа келажакда тижорат мақсадларида ҳам қўлланилиши мумкин.
Ҳозирда Мач Индустриес жамоаси 350 нафардан ортиқ ходимни ташкил этади. Компания Калифорниянинг Хантингтон-Бич шаҳрида 10 минг квадрат метрдан ортиқ майдонни эгаллаган ишлаб чиқариш заводига, шунингдек, бошқа ҳудудларда дизайн ва лойиҳалаш марказларига эга. Итан Торнтон 19 ёшида МIT (Массачусетс технология институти)ни ташлаб, ушбу стартапга асос солган эди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!