Ижтимоий тармоқлар — замонавий ҳаётнинг ажралмас қисмига айланган. Бироқ олимлар огоҳлантирмоқда: бу платформаларнинг ортида инсоннинг руҳий саломатлигига салбий таъсир кўрсатадиган мураккаб психология бор. UnHerd нашри ёзганидек, ижтимоий тармоқлар казино тамойили асосида ишлайди — чексиз янгиликлар тасмаси, турли хил видеолар ва нон-стоп контент орқали инсон миясини “ҳузурли иллюзия”да ушлаб туради.
Бу иллюзиянинг энг хавфли жиҳати шундаки, биз вақтни тўғри ҳис қилиш қобилиятини йўқотамиз. Бир соатлик скролл бизга бир неча дақиқа бўлиб туюлади, аммо реал ҳаётда ўша соат қайта тикланмайди. Олимлар фикрича, бу ҳолат инсоннинг замонни идрок этиш қобилиятини издан чиқаради — ҳозирги воқелик йўқолади, ўтмиш эса хотирада ноаниқ қолади.
Кўпчилик ўзининг ижтимоий тармоқда қанча вақт ўтказганини аниқ эслай олмайди. Бу беихтиёр ҳолат эмас. Илмий тадқиқотлар шундан далолат берадики, ижтимоий тармоқлар қисқа ва узоқ муддатли хотира фаолиятини сусайтиради. Оқибатда инсон кўрган контентни эмас, фақат унинг ҳаяжонини эслаб қолади.
Олимлар буни "вақт иллюзияси" деб атайди. Яъни инсон виртуал ҳаётда яшаб, воқеликни янгиликлар тасмасининг тез айланиши орқали қабул қилади. Лекин бу тасма ҳеч қачон тугамайди — унинг боши ҳам, охири ҳам йўқ. Шу сабабли мия изчил воқеалар занжирини йўқотади, фақат пароканда маълумотлар оқимини қабул қила бошлайди.
Бундай шароитда руҳий чарчоқ ва диққат етишмовчилиги табиий оқибатдир. Психологлар таъкидлайди: инсоннинг диққатини бир жойда жамлай олмаслиги, безовталик ва ички бўшлиқ ҳисси — бу ижтимоий тармоқларга ортиқча боғлиқликнинг белгисидир.
Нима қилиш мумкин? Мутахассислар бир нечта амалий тавсия беради. Аввало, ижтимоий тармоқларда ўтказиладиган вақтни чегаралаш керак. Буни телефондаги “Screen Time” функцияси орқали назорат қилиш мумкин. Кунлик лимитни белгилаб, мияни “мажбурий дам”га чиқариш фойда беради.
Иккинчиси — маълум муддатга ижтимоий тармоқлардан тўлиқ воз кечиш. Тадқиқотлар шуни кўрсатадики, бир неча ҳафта давомида интернетсиз ҳаёт кечирган одамларда руҳий соғломлик яхшиланади, уйқуси тузатилади ва хаёл тарқоқлиги камаяди. Инсон вақтни яна реал ритмда ҳис қила бошлайди.
Психологлар яна бир жиҳатга эътибор қаратишни тавсия этади: умрни узунроқ ҳис қилиш учун шунчаки скролл эмас, балки англанган ҳаракатлар билан яшаш керак. Масалан, телефонни ёпиб, атрофга боқиш, табиат билан мулоқот қилиш, китоб ўқиш ёки яқинлар билан суҳбатлашиш — булар инсонни реал ҳаётга қайтариб, мияни қайта тиклайди.
Ҳозирги замоннинг энг катта муаммоси — вақтни ҳис қилмаслик. Шунинг учун ҳам ижтимоий тармоқлардан вақтинча узилиш, ҳаётга қайта "уланиш" демакдир.
Шундай қилиб, виртуал дунёдан қисқа муддатли танлов — реал ҳаётда катта ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин. Бу нафақат мия учун дам, балки руҳ учун ҳам ҳақиқий озодликдир.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!