20:37 / 31.10.2017
44 044

Фақат 18+! Аёллар ўқимасин... У қандай эркак?!

Фақат 18+! Аёллар ўқимасин... У қандай эркак?!
Азиз муштурий, аввало бир нарсага келишиб олайлик... “Фақат 18+” туркумидаги тавсиялар, аниқроғи унда кўтарилган мавзу балоғат ёшидан кичик мухлислар учун эмас, 18 ёш ва ундан катталар учун аталган.

Ёдингизда бўлса, мазкур рукн орқали бизни иснодга қолдираётган айрим иллатлар, оилада аёл-эркак муносабатлари, оилавий бахт тушунчаси, турмуш қурмаган катта ёшли қизларга айрим тавсиялар, бундан ташқари, ўғри бола муаммоси, мактаб-боғчадаги ўғирликлар, мазкур муаммонинг ечимларига бағишланган мақолаларда айрим тавсиялар, фикр-мулоҳазалар билан ўртоқлашган эдик.

Эндиги мавзу ҳам ҳам катта ёшли мухлислар учун аталган бўлиб, сарлавҳада атай “Аёллар ўқимасин” дедик, ваҳоланки қуйида келтирилган барча тавсиямиз аёлларимизга, хусусан балоғат ёшидаги турмушга чиқмаган қизларга аталган.

Чирой, ҳусн, гўзаллик каби сифатлар одатда хотин-қизларга нисбатан айтилади. Эркаклар эса мардлиги, ишончлилиги, қаттиққўллиги-ю бағрикенглиги билан сифатланиши ҳеч кимга сир эмас.

Бироқ эркаклар ҳам ўзлари ҳақида яхши таассурот қолдиришни исташади. Бу табиий ҳолат. Психологлар эркакларнинг ўзларига қўядиган талаблари аёлларникидан кам эмаслигини айтишади. Улар ҳам кийим-бошига, муомаласига, ўз амаллари-ю атрофини ўраб турганлар олдида ҳурмат-эътиборига жиддий ёндашадилар ва бу шундай бўлиши ҳам керак.

Одатда эркаклар нозик жинс вакилларига нисбатан анчайин камсуқум. Аёлларнинг либослари, психологик нуқтаи назардан олиб қаралганда, бошқаларнинг диққат марказда бўлиш учун турли кўринишдан турфа андозага “тусланади”!

Эркаклар учун эса кийим-кечак, шунчаки, “ҳимоя қобиғи” ҳисобланаркан. Нозик жинс вакилаларининг либос турлари уларнинг сонидан зиёд бўлиши мумкин, бироқ эркакларники деярли бир хил: костюм-шим, кўйлай, ранглариям, фасони ҳам жуда ўхшаш. Биргина фарқи — баҳосида!

Шунинг учун аёллар ўз жинси ва қарама-қарши жинс вакиллари қаршисида ўзининг либоси, тақинчоқлари билан ажралиб туришга интилади. Аёлларнинг табиатида эркакларни ўзига ром этиш “табиий хусусияти” мавжуд. Эркаклар эса аёлларга “баҳолаш” назари билан қарайдилар.

Бунда аёлнинг бўй-басти, қад-қомати, кийинишлари (либослари), муомалари, ҳатто қадам ташлашлари ҳам муҳим аҳамият касб этади. Кучли жинс вакиллари аёлларнинг кийиниш маданиятига зимдан эътибор бериб кузатишсаларда, ўзларининг кийим-бошига ҳар доим ҳам эътибор беравермасликлари мумкин. Қисқаси, эркакларнинг кийиниш масаласида “бирхиллик” кифоя қилади.

Бироқ эркаклар учун ҳам кийим кийиш бир кичик санъат, десак муболаға бўлмас, ва, бу нарса, у ҳақдаги айрим маълумотларни билиб олишга кўмак беради. Айниқса турмушга чиқмаган қизлар балоғат ёшидаги йигитларнинг кийиниш маданиятига қараб маълум маънода баҳо беришлари мумкин бўлади.

Галстук

I. Куйлак ва костюм-шимнинг рангига қараб танланган, ҳатто бунда бош кийим, пойабзалдан тортиб чарм белбоғ (ремень) рангига қараб ўта нозик дид билан боғланган бўйинбоғ — ҳамма-ҳамма нарсани тартиб-қоида асосида бажарадиган, консерватив руҳга эга эркакнинг (йигитнинг) феъл-атвори ҳақида сўзлайди.

У ҳар доим бир хил — ғурурли ва қаттиққўл!

Об-ҳавонинг жазирамаси-ю қаҳратони, расмий-норасмий учрашувлар, ҳатто айрим мавриди бўлган ва бўлмаган вазиятларда ҳам у бўйинбоғдан воз кечмайди. Шусиз ҳаётий принципларини бузиб қўйгандай бўлаверади гўё.

Муҳаббат бобида ҳам у қатъий, алдаганларни — жазолашга, унинг кўнглини овлаб турмаганларни (доимий қизиқиш уйғотолмаганларни) — тақдир йўлига ташлаб кетишга тайёр!

Агар бўйинбоғ кўйлак ва костюм-шимга жуда мослаб (ранги, матоси, тикилиш услуби) танланган бўлса, билингки, бу эркак ўз меҳнат фаолиятида ҳам шундай — ўзи томонидан яратилган тартиб-қоидага амал қилади ва бу қоидаларни четлаб ўтганларни хушламайди.

Бўйинбоғ тақиш бўйича этикет қоидаларини рисоладагидек бажарадиган киши — кўпинча раҳбар лавозимидаги етакчи бўлиб чиқишига шубҳа йўқ. Бу одат зарарли одатлардан холи бўлмаган олим, раҳбарлик курсига музёрар кемадек интилаётган ёш мутахассис ва санъатда ўз поғонасини эгаллашга эришган айрим санъаткорларда ҳам мавжуд.

II. Ҳеч эътибор берганмисиз, озода-тоза, яхши дазмолланган костюм-шим ва кўйлак кияди-ю, зарур бўлгандагина бўйинбоғ тақадиган эркаклар ҳам бор. У яратувчанлик ва ташаббускорликни ўзига шиор қилиб олган ходим, айрим қисми раҳбар ҳам бўлиши мумкин. У қатъий қарор қилишдан қўрқмайди, шижоатли ва ўз ишида анчагина қайсар ҳам. Бундан ташқари, бундай кийинишни одат қилган эркаклар қачон, қаерда, нима керак-нокераклигини яхши биладиган инсон бўлиб чиқади.

Хуллас, бундай эркаклар руҳиятида овчиларга хос хусусият бор ва улар ҳар қандай юмушда олдиндан ҳаракат қилиб қўйган бўлиб чиқади. Улар масалага бироз ҳазил, бироз ижодий ёндошади ва кўпинча ютадилар, айрим ҳоллардагина эса ютқизадилар.

Муҳаббат бобида эса унинг хатти-ҳаракатларини башорат қилиб бўлмайди: бугун севинч билан боқиб турган бўлса, эртага нафрат билан тикилиши мумкин.

III. Эркак киши ҳар куни ишга бир хил бўйинбоғ ва бир хил кўйлакда келаверса, бўйинбоғининг тугуни ҳар доим бир хил, кўпинча кич-чир, бир томонга қишайиброқ, нотўғрироқ турган бўлса, билингки, бу киши бундай кўринишда юришга ўзини мажбур қиладиган инсон. Ўзига-ку бу “олифталик” ёқмайди, бироқ ҳамкасбларидан ажралиб қолишни истамайди. Уни ташаббускор деб бўлмайди, негаки етакчилик унинг табиатига хос эмас.

Унга қаттиққўл раҳбар ва доимий назорат даркор!

Бундай кишилар кўпинча ўзларини ижрочи ролида кўришади. Айримлари руҳиятига дарз кетган, оиласида хотиржамлиги йўқ кишилар бўлиб чиқиши ҳеч гап эмас.

Улар муҳаббат бобида ҳам бироз бетайинроқ. Ё маҳбубасининг кўнглини оғритиб, узр сўраб юрган куни, ё иккитасидан биттасини танлолмай иккиланганича иккисидан ҳам қуруқ қолганидан фарёд чекиб юрган куни...

Азиз мухлислар, “Аёллар ўқимасин!” дея сарлавҳага чиқарган, аслида айнан улар учун аталган тавсияларимизнинг давомида эркаклар фойдаланадиган пойабзал ва уларнинг севимли автомобиллари ҳақида фикр юритамиз.

Манба: Qalampir.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Фақат 18+! Аёллар ўқимасин... У қандай эркак?!