Ҳеч кимга сир эмаски, бугунги кунда бутун дунёда “маънавий хуруж” аталмиш атаманинг ўрни ошиб бормоқда. Айниқса, Европадан кириб келаётган ҳазм қилиб бўлмас жиҳатлар, қўштирноқ ичидаги урф-одатлар қисқа фурсат ичида ёшларнинг онгини заҳарламоқда. Энг ачинарлиси, ёшлар ҳам ана шу аёвсиз душманнинг қулига айланишмоқда. Мана шу фожиавий ҳолат кўп жабҳаларда кўринади, ўзаро муомалада, отанинг болага ёки аканинг укага оқибатсизларча муносабатида, ёшларнинг ўзини тутишида ва ҳоказо. Биз эса мазкур саҳифамизда бошқа бир жиҳатга — кийинишга эътибор қаратмоқчимиз. Йўқ, яна ўша калта либослару алламбало кийимларми, дерсиз? Гап бунда эмас! Гап аксарият ёшлар кийиб юрган либосларнинг эгнидаги ёзувларда. Бир қарашда оддий ҳолдек, аҳамият қаратишга арзимайдигандек кўринган бу иллатлар замирида шунчалик катта фожиа ётадики… Энг ёмони, ёшларимиз ўз эгниларида инсонларни ёмонликка, ҳаёсизликка чорловчи, тўғри йўлдан оздирувчи “иллат”ни кўтариб юрганларини сезмайдилар ҳам. Шу боис ана шу иллатларни фош этишга қарор қилдик.
«Мени ўлдир, севгилим»
Ваҳимага тушдингиз-а! Сиз бу жумлани ҳозир бир мартагина ўқидингиз холос. Аммо айрим йигит-қизларимиз худди шундай сўзлар катта ҳарфлар билан ёзиб қўйилган либосларни лоқайдларча кийиб юришибди. Сиз ҳам шу пайтга қадар бунга эътибор қилмагандирсиз, балки. Ҳа, бундай йигит-қизлар кийиб юрган либосларга ка-а-а-тта ҳарфлар билан «PLEASE, KILL ME» деб ёзиб қўйилган. Бу жумла «Илтимос, мени ўлдиринг», деган маънони билдиради. Либосдаги бу ёзув атрофдагиларнинг эътиборини тортар даражада ёзилгани эса кишининг дилини ғаш қилади. Энди ўзингиз ўйланг, шу гапни ўқиган одамнинг миясига ижобий фикр келадими? Тўғри, бу бир қарашда ҳеч қандай таъсир кўрсатмаслиги мумкин, аммо қайта-қайта кўраверган киши бу ёзувга ўрганиб қолиши ҳеч гап эмас. Энг ёмони, «Илтимос, мени ўлдиринг!» жумласида на инсонийлик бор, на эзгуликка, яхшиликка етакловчи жиҳат. У инсонни ёвузликка ундашдан бошқасига ярамайди.
Бу ҳали ҳаммаси эмас. Айрим либослардаги «I WANT TO DIE» деган ёзувни ўқиб, ҳайратдан ёқа ушлайсиз. Чунки бу ёзув «Мен ўлишни истайман» деган маънони беради. Мазкур жумлани ўқиганингиз заҳоти аъзойи баданингиз жимирлаб кетади. Энди бу ёзув ёзилган либосни доим кийиб юрадиган йигит-қизларга у қанчалик таъсир кўрсатиши мумкинлигини тасаввур қилаверинг. Жумладаги пессимистик, инсонни қабиҳликка ундовчи руҳ акс этганини билиш қийин эмас. Бу эса яхшиликдан далолат бермаслиги тайин. Оммавий маданиятнинг чиркин иллатларини тарғиб қилувчи, энг ёмони, ўлимни илгари сурувчи либослар шу билан чекланиб қолмайди. Бундай либосларда юқоридагилардан ташқари, «KILL ME, BABY» («Мени ўлдир, севгилим!») ва шунга ўхшаш разолатга етакловчи жумлаларни учратасиз.
Бундан ташқари, баъзи кийимларда кишини қўрқувга солувчи бош скелети, аллақандай даҳшатли қиёфалар расмини кўриш мумкин.
Ўзини ҳақоратлайдиганлар
Юқоридаги жумладан ажабланганлар учун шуни айтиб ўтмоқчимизки, бу ҳали ҳаммаси эмас. Айрим либослардаги ёзувларни ўқиб, ҳайратдан лол қоласиз. Мана, масалан, баъзи либосларда «Dirty girl» деган ёзувга кўзингиз тушгандир. Бу «Ифлос қиз» маъносини беради. Қулоққа жуда хунук эшитилади-а?! Наҳотки йигит-қизларимиз ўзлари кийиб юрган кийимда қандай сўзлар ёзилганига қизиқишмаса? Ахир «Ифлос қиз» жумласи кўтариб юрадиган, тағин ҳаммага кўз-кўз қиладиган жумла эмас-ку! Тўғри, инглиз тилини кўпчилик билмас, аммо бу кийимга ёпиштирилган «разил иллат»ларга бефарқ бўлиш керак, дегани ҳам эмас!
Ахлоқсизликнинг забонсиз кўринишлари
Ўзбек халқи маданияти, шарқона менталитетда ҳаё, ибо, иффат каби тушунчалар муқаддас экани кундек равшан. Ўзбек қизи, умуман, ўзбек фарзанди азалдан ҳаё, ор-номус тимсоли бўлиб келган. Хўш, унда айрим йигит-қизларнинг эгнидаги кийимларни кўргани кўз, уларда ёзилган жумлани ўқишга тил чидамайди. Қандай қилиб қизларимиз «I want you love me» жумласига эътибор беришмайди. Аммо бу «Мени севишингни истайман», деган маънони беради. Энди ўйлаб кўринг, бу жумла қиз болага ярашадими? Ахир бу ахлоқ, ҳаё, ибо мезонларига тўғри келмайди-ку!
Ёки катта ҳарфлар билан ёзиб қўйиладиган «I AM IMMORAL LOVER» жумласини олиб кўрайлик. Бу жумла «Мен ахлоқсиз ошиқман» маъносини англатади. Мазкур жумлани ўзини ҳурмат қилган одам ҳазм қила олмаса керак. Унда маданиятсизлик, ахлоқсизлик илгари сурилгани кундек равшан-ку! Ёки яна бир мисол. «Kiss me» («Мени ўп») деб ёзилган либосларни кўп бора учратгандирсиз. Хўш, бу жумлани қандай изоҳлайсиз? Бу жумла енгилтаклик каби иллатларни тарғиб қилишини яхши биламиз. Унда нега шу нарса акс этган либосларни кийиб юрамиз? Бунинг инсон онгига салбий таъсир қилиши ҳақида ўйлаб кўрмаймиз.
Кийимда акс этган уятсизлик
Юқоридагилардан ташқари, яна шундай мисоллар борки, уларни ўқиб ҳатто илон ҳам пўст ташлаб юборади. Ҳаёсизликни илгари сурувчи, жирканч, инсоннинг дунёқарашини тамомила тескари томонга ўзгартириб юборадиган бу каби жумлалар, минг афсуски, ёшларимиз томонидан оддий нарсадек қабул қилинмоқда. Тўғри, тилни билмайдиганлар ҳам бордир, аммо бу либосда нима ёзилгани билан (кичикроқ ёзилган бўлса ҳам майли, кўзга ташланмайди, деб оқлардик, аммо бундай эмас) қизиқиб кўрмасликни оқлаб бўлмайди. Бу лоқайдлик бора-бора салбий оқибатларга олиб келмайдими? Бугун кийимдан жой олган бу каби иллатлар эрта бир кун ёшларимизнинг тилига кўчмаслигига ким кафолат беради? Бундай кийимлар Европада авж олган оммавий маданият намуналари эмаслигига-чи?.. Эҳтимол, бу ғарбона қарашларнинг онгимизни эгаллашга қаратилган ўзига хос маънавий ҳужумидир. Ахир Абдулла Қаҳҳор бекорга сўзни атомдан ҳам кучли қурол, деб таърифламаган.
Балки, бугун кўзимизга оддий ҳолдек кўринаётган, «Либосдаги бир ёзув-да», деб қараётганларимиз онгимизни заҳарлашга, ёшларимизни жаҳолат, разиллик, ўлим каби совуқ тушунчаларга ҳамроҳ қилишга қаратилган қуролдир. Буни ҳеч ким инкор эта олмайди. Ахир бугун «Мени ўлдиринг», деган гапни ўқишга ўрганган, уни ҳар куни кўравериб, кўниккан, ўлим оддий ҳолга айланиб қолганларда эрта бир кун ўз жонига қасд қилиш хоҳиши ортиб бориши мумкин-ку! Тўғри, ҳозир бу гаплар сиз учун арзимас гапдек туюлар, аммо ҳар қандай арзимас иллат эрта бир кун куртак отиб, онгимизни тўлиқ эгаллаб олиши мумкин.
«Play boy» жумласи туширилган ва қуён расми чизилган либосларни ҳам кўп учратгандирсиз. Маълумотларга кўра, айнан шу расм ва ёзув Америкадаги журналлардан бирининг эмблемаси ҳисобланаркан. Бу журнал эса уятсиз, ахлоқсиз суратларни чоп этишга ихтисослашган экан. Мана, биз қандай либосларни кийиб юрибмиз, мана, биз қандай эмблемаларни кўтариб юрибмиз. Бу фожиа эмасми?
Журналистик нигоҳ!
Биласизми, худди ана шу масала бўйича сотувчиларнинг фикри билан қизиқиб кўрдик! Яъни бозорда худди шундай либосларни сотаётган сотувчига “Бу кийимлардаги жумлалар қандай маънони беришини биласизми? Нега айнан шундай либосларни сотяпсиз?” дея савол берганимизда у: “Ҳозир ёшлар шунақа кийимларга ўч. Буям замонавийликка интилиш-да! Биздан айнан шунақа кийимларни сўрайдиган ёшлар кўп. Улар бир-биридан қолишмасликка интилади”, дея жавоб қайтарди. Таассуфки, сотувчи ҳақ. Айни дамда биз иллат, разолат дея таърифлайдиган жиҳатларни айрим ёшларимиз “замонавийлик белгиси” дея қабул қилишмоқда. Мана бизнинг фожиамиз нимада? Мана маънавий қуллик бора-бора қандай оқибатларга олиб келишини исботловчи жиҳат!
Ўзлигимизни асрайлик
Мафкуравий кураш тобора авж олган бугунги даврда оммавий маданият иллатлари дунёни эгаллаб олишга уринмоқда. Хусусан, бизда ҳам бу «маданият» кўзга ташланяпти. Юқорида таъкидланган, қораланган либослар ҳам оммавий маданиятнинг бир кўринишдир. Шундай экан, пулимизни ахлоқсизликни илгари сурган кийимларга сарфламайлик. Салбий иллатлар онгимизни заҳарлашига йўл қўймайлик. Инсонийлик, олижаноблик акс этган ўзлигимизни йўқотмайлик. Бунинг учун эса эътиборли, синчков ва зийрак бўлиш талаб этилади. Умид қиламизки, мазкур фикрларимиздан ўзингизга тўғри хулоса чиқара оласиз. Зеро, келажак авлоднинг комил, ҳар томонлама етук инсон бўлиб етишиши ўзимизга боғлиқ. Келажакда аттанг деб қолмаслик учун ҳозирданоқ енг шимарайлик! Арзимас нарсаларга ҳам эътиборсиз бўлманг, чунки биз писанд қилмаган чўғ эрта бир кун шундай гулханга айланадики, уни асло ўчиролмайсиз. Фарзандларимизни ана шундай ахлоқсизлик, маънавиятсизлик гулханидан асрайлик.
Низомжон ИСЛОМОВ
Манба: mulohaza.uz “Замин” янгиликларини “Twitter”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
Ҳар қандай катта ёшдаги киши етук эмас
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
Пашинян Арманистоннинг Мустақиллик декларацияни энг катта муаммо ва фожиа деб атади
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди