Одатда эркаклар, тўғри кийиниш фақатгина аёлларга тааллуқли деб ҳисоблайдилар. Аммо бундай фикр фавқулодда нотўғри бўлиб, эркаклар кийимидаги мутаносиблик ҳам маълум дид ва малакани талаб қилади.
Бежирим ва замонавий кийинишни ҳар биримиз ҳоҳлаймиз, бироқ бу борадаги билим, дид ва маданият борасида турлича савия ва қарашларимиз бизни ҳар доим ҳам жамоатчилик орасида ўзимизни қулай ҳис қилишимизга имкон беравермайди. Бугунги кунда ахборот алмашинув жараёнининг кескин суръатларда ривожланиши ва дунё бўйлаб жуда тезкорлик билан ёйилиши натижасида ижтимоий, маданий иқтисодий глобаллашув жараёнлари юз бермоқда. Бу эса ҳар қандай жамиятнинг ижтимоий-маданий қадриятлари тизимида сифат ўзгаришларини келтириб чиқаради. Шундай экан кийиниш маданияти хусусида чуқурироқ ўйлаб кўриш, уни ижтимоий воқелик сифатида қабул қилиш зарур деб ҳисоблайман.
Келинг биринчи сабоқни костюм тугмаларини қадашдан бошлаймиз.
Демак костюм тугмаларини қадашнинг оддий қоидалари мавжуд бўлиб, улар қуйидагилардан иборат (1-расм).
Кийиниш масаласида менинг шахсий фикрим шундай: Муҳими дид, мода эмас. Дид бу аввало кенг тарқалган ва модага мос кийимлар орасидан, айнан сизнинг қадди-қоматингизга, ташқи кўринишингизга, ҳаёт тарзингизга, анъана, одатларингизга ва қизиқишларингизга мос келадиганини танлай олиш қобилияти, маҳоратидир.
Костюмнинг ўлчамларини тўғри танлаш бўйича йўриқномаларда асосан енгининг узунлиги, елка кенглиги, кўкрак тўлалиги ва костюмнинг ўзининг узунлиги ҳақидаги қатъий тавсияларини топишингиз мумкин. Бу борада шундай машҳур ибора мавжуд: “Костюм ёпишиб туриши зарур” (яъни қадди-қоматига мос келиши зарур).
Демак тавсияларга қайтамиз. Хўш костюмнинг ўлчамини қандай танлаш керак? Расмга диққат қилинг ва ўзингиз хулоса чиқаринг (2-расм).
Костюм, галстук ва кўйлакнинг бир-бирига мослиги ҳам бугунги кун мода оламида муҳим жиҳатлардан бири ҳисобланади. Хўш уларнинг мутаносиблигини қандай қилиб тўғри танласа бўлади? Бу борада сизга қуйидаги маслаҳатларни беришни лозим топдим. Улар сизга костюм, галстук ва кўйлакнинг ранглари, безакларини ҳам тўғри танлашингизда асқотади.
Дастлаб кўйлак рангига мос гулстукни танланг, сўнгра эса костюмга ўтинг. Ҳолбуки идеал ҳолатда ушбу учталик бир-бирига мос келиши зарур бўлсада, бу жуда ҳам муҳим эмас. Бу борада галстук ва кўйлакнинг бир-бирига мос келиши муҳимроқ. Нима учун? Чунки сиз костюмни ечишингиз мумкин, бу ҳолда кўринишда фақат кўйлак ва галстук қолади, шунинг учун кийимни танлашда айнан мана шу нарсага эътиборингизни қаратинг.
Агар ранг танлашда қийналсангиз, яхшиси бир рангдаги кўйлакни танланг. Агар қандай кўйлак кийишни билмасангиз, оқ рангни (оч ранглар, айниқса оч зангори ранг кўйлаклар) танланг, чунки у амалий жиҳатдан барча галстуклар ва костюмларга мос келаверади.
Классик рангларни танланг. Айнан ушбу рангларда костюмлар ярашиқли бўлади, бунинг устига ёрқин рангдаги костюмлар ҳаммага ҳам ярашавермайди (бу ёрқин рангларни кийманг дегани эмас – фақат бунинг учун мос келадиган ташқи кўриниш ҳам керак). Бу борада энг муваффақиятли вариантлар қора, кул ранг, тўқ кўк ва баъзида жигар ранг ҳисобланади. Бу ранглар улуғворлиги туфайли расмий тадбирлар учун идеал даражада мос келади, улар турли ранглардаги кўйлаклар ва галстуклар билан ҳам мос келаверади.
Пастдаги чизмада: костюм марказда, марказ билан четки доира ўртасида кўйлак ва ташқи томонда уларга мос келадиган галстук тасвирланган (3-расм).
Яхши кўйлак ва галстукни ва костюмни танлаб бўлдингиз дейлик, бироқ бу ҳали иш охирига етди дегани эмас. Энди сиз, айнан ўзингизга мос келадиган шимни топишингиз зарур, бу ҳам осон иш эмас. Хўш шимнинг ўлчамини қандай танлаш керак?
Костюм билан кийиладиган шимлар белда, тос суягидан юқорида, киндик тагида туриши керак. Кийганингизда шимнинг орқа томони жуда ҳам ёпишиб турмаслиги, шу билан бирга барча жойлари осилиб ҳам турмаслиги зарур. Чўнтаклари қаппайиб қолмаслиги, дазмол чизиғи “синмаслиги” зарур. Барчаси текис ва сизнинг ҳаракатларингизни чекламаслиги керак. Расмга диққат қилинг (4-расм).
Шимларни сизнинг дид ва таъбингизнинг моҳиятини белгиловчи элементлардан бири десам адашмайман. Аммо кўплаб ҳолларда ёш йигитлар ва баъзан катта кишилар ҳам шимни қандай қилиб тўғри танлаш кераклигини билишмайди. Менинг назаримда кўпчилик эркаклар биринчи, ёхуд жуда борса иккинчи бўлиб учраган шимни албатта сотиб олишади, сотувчи эса томоғини йиртиб “Ушбу шимлар айнан сизга мос, бошқа ҳеч кимга эмас” деб ишонтиришади. Нима, сиз ўзингиздан ҳам, кўпроқ бегона одамга ишонасизми? Ўйлайманки йўқ. Мен айнан шунинг учун ҳам ушбу мақолани ёзишга қарор қилдим.
Шимлар қандай мос келиши зарур деган масалани батафсил қараб чиқишдан олдин сизнинг эътиборингизни шимнинг пастки қисмидаги тахига (қат, букланган жойи) қаратмоқчиман. Менинг фикримча бу борада аниқ қоида йўқ. Барчаси шимни танлашдаги дидга, сизнинг кийган пойабзалингизга ва албатта бўй-бастингизга (гавда бичими, қадди-қомат, жусса, бичим) боғлиқ. Шимнинг тахи масаласида қуйидаги 4 та қоида мавжуд: тўлиқ қатланган, ярим қатланган, чорак қат ва қатсиз. Бу ердаги фарқни англаш учун пойафзалнинг орқа томонига қараш зарур бўлади. Агар шим қатсиз бўлса, шимнинг почаси пойабзал орқа томонини озгина қоплайди. Тўлиқ қатланган ҳолатда эса почалар пойабзалнинг орқа қисмини тўлиқ эгаллайди ва пойабзал тагининг бир қисмигина кўриниб туради (5-расм).
Агар сиз қатланмайдиган шимни танлаган бўлсангиз, у ҳолда юрган пайтингизда шимингиз бир оз кўтарилади ва пойпоқларингиз кўринади. Стулда ўтирган пайтингизда ҳам худди шундай бўлади. Бундай вазиятда пойпоқлар узунроқ бўлиши тавсия қилинади, чунки оёқларнинг ялонғоч қисми кўриниши керак эмас.
Агар сиз қатланадиган шим танлаган бўлсангиз. Юрган пайтингизда у тўғирланади ва ўтирган пайтингизда пойпоқларингизнинг кўринадиган қисми очилмайди.
Анъанавий шимларни танлашда қўшимча равишда қуйидагиларни маслаҳат беришим мумкин. Шимларнинг ўлчамлари алоҳида танлади, фақатгина бир нечта эслатмаларни бераман.
Тугмалари қадалган шим ва кийган кўйлагингиз орасидаги жой кўп бўлмаслиги маъқул. Иккита бармоқ кирса етарли бўлади. Акс ҳолда камарни тортганингизда шимнинг белида турли тиришлар ва деформациялар юзага келади.
Агар шимнинг узунлигини танлашда қийналсангиз, пастки қисмида қатланиш кўп бўлмайдиганини танланг ва пойафзалингизнинг орқа қисмини ярим ёпиб турсин.
Агар сиз чўккалаб ўтирганингизда ортиқча торлик/кенгликни ҳис қилсангиз, билинки бу сизнинг ўлчамингиз эмас.
Агар ўз ўлчамингизни топа олмасангиз, бошқа ишлаб чиқарувчини изланг. Лекало ва бичим (андоза) ҳаммада ҳар хил. Албатта бошқа тикувчида сизбопи топилади.
Имкони борича белдаги қатланишлар бўлмагани маъқул.
Мана костюм ва шимнинг ўлчамларини ҳам танлаб бўлдик. Энди навбат пойабзалга. Бу ерда асосий моҳият пойабзал ва костюмнинг рангларини мос келтиришда. Демак расмга эътиборингизни қаратинг (6-расм).
Бугунги кунда турли рангдаги фотболкалар, кўйлаклар, свитерлар, жинсилар ва турли бичимдаги шимлар ёшлар ва катта ёшдаги кишилар орасида ҳам оммалашиб бормоқда. Аммо уларни кийишда ҳам ўзига хос кўринмас чегаралар мавжуд.
Кўпчилик орасида ахмоқхона кўринмаслик учун катта ёшдаги кишилар учун яна бир нечта тавсияларим бор. Расмга эътиборингизни қаратинг (7-расм).
Юқоридаги маслаҳатлар асосан тана тузилиши барваста (ортиқча семирмаган) эркаклар учун қўл келади. Шуни унутмангки, жуда кўп нарсалар ҳар биримизнинг ўзимизгагина хос бўлган ўта шахсий хусусиятларимизга боғлиқ бўлиб, қайсидир қоидалар яхшироқ, қайси бирлари эса камроқ иш бериши мумкин.
Сўнги сўз ўрнида шуни айтишим мумкинки, доимо ўзингизнинг ўлчамнгизни танлашга ва ўзингизнинг “тикувчингиз”ни топишга ҳаракат қилинг. Чунки кийим-кечак тикувчилар турли леклалалар билан ишлайдилар ва одамнинг тана тузилишига нисбатан ҳар бирининг ўзига хос меъёрлари мавжуд.
Манба: usm.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди