— Э, ҳадеб “Вазият тақозоси билан ундоқ бўлибди, вазият тақозоси билан ундоқ бўлибди”, деяверманг. Одам ҳар қандай вазиятдан устун келиши мумкин…
— Катта гапирма. Вазият одамни ҳар кўйга солиши мумкин…
— Бекор гап! Масалан, мен тўрт тарафига қирқ кун юриб етса бўладиган саҳронинг қоқ ўртасида қирқта эркак билан қолиб кетсам ҳам, эримга хиёнат қилмаслигимга ишонаман!
— Тавба, деб гапир!
* * *
Хира чироқ, одамнинг боши айланса, оёғи айланишига қийналадиган кичкина хонанинг клеёнка солинган столи, кулранг телефони, жавонларга терилган беш-олтита китоб ва катта-кичик икки-учта газета тахламларини яна ҳам хиралаштириб кўрсатарди. Оёғининг остига қўйилган плитанинг иссиғига ҳам қаноат қилмай пальтоси, рўмолига бурканиб ўтирган Фарида қўлидаги ручкасини ҳар замонда ёзаётган қалин иш дафтарининг устига қўйиб, бармоқларини жуфтлаб оғзига олиб борар ва “куф-куф”лаб иситгандек бўларди. Ташқаридан гурс-гурс қадам товушлари эшитилди. Фарида шошилганича ўрнидан туриб, юзини деразага тираб, ташқарига қаради ва келаётган одам маҳалла раиси эканлигини билгач, ёқа-енгини ўнглаган бўлди. Эшик забт билан очилиб, баланд бўйли, оқ-сариқдан келган, кўркам эркак — Фазлиддин ака кириб келди. Фарида бир бурчакка қисилиброқ тавозе билан салом берди-да, раиснинг қор босган эгни-бошини кўриб, унга яқинроқ борди:
— Яқиндагина учқунлай бошлаган эди. Бирпасда шунақа кучайиб кетибдими? Эгни бошингизни менга бера қолинг, қоқиб-суқиб қўйилмаса, ич-ичига дарров сув ўтиб кетади. Қуриши осонми? Касаллик дегани дарров наму захга ёпирилиб келади…
Фазлиддин ака пальтоси, телпагини ечиб, ўзи ҳам бир чеккага сал қоққандек бўлди-да, унга қараб турган Фаридага узатди:
— Дилшод қани? — деб сўради у ҳисобчи йигитнинг йўқлигини энди пайқагандек.
— Синглисини унаштиришаётган экан, дадаси йўқ-ку, “ота ўрнида отаман”, деб… — Фарида ҳисобчи йигитга раисдан бесўроқ жавоб бериб юборганига хижолат бўлди, шекилли, гапининг давомини айтолмай, чайналди.
— Ҳа, майли, яхши бўлибди. Вақти келганида қиз болани эгасига топшириб қутилиш керак. Айтишади-ку, “Қиз асрагандан бир сиқим туз асраган яхши”, деб. Ёлғиз ўтирмай маслаҳатчи хола — Сарви аяни чақира қолмабсиз-да. Ахир бу ерлар тоғ жойлари бўлса, овлоқ, ҳар хил одам бор… — Фазлиддин ака жойига ўтиб ўтирар экан, кўкрак чўнтагидан тароқ олиб оқ оралаган, лекин ҳали сийракламаган, тўлқинланиб турган сочларини тарай бошлади. Фарида Фазлиддин аканинг эгни-бошини голланд печкаси олиниб, бўшаб қолган ўрнига қоқар экан, унинг кийимларидан ўткир атир иси гуркиради. Авваллари ҳам Фарида узоқ йиллар ҳарбий хизматда бўлиб энди нафақага чиққанидан буён кўпчиликнинг илтимоси, юқоридагиларнинг қистови билан маҳаллага раислик қилаётган бошлиғининг қимматбаҳо атирларни гуркиратиб юришини биларди-ю, лекин бугунгиси бошқача эканми, боши айлангандек бўлди.
— Сарви аямга айтсам, ҳовлиқиб чиқардилар-у, лекин бунақа ҳавода овора қилгани… Сал андиша қилдим. Ҳа, майли, қор уриб турганда биров идорага келмаса ҳам керак-ку-я, Сиз ҳам тоғга — чўпонларнинг олдига кетган бўлсангиз, келолмассиз, деб ўйлаган эдим, — деди Фарида жойига ўтиб ўтирар экан. У ўтираётиб китобларнинг бурчагида эски, сарғайиб кетган газетага ўроғлиқ нарсага бир-икки бор кўз ташлаб олди.
— Тоғдан шомга яқин қайтдим. Мана, ҳаммасининг ҳасратларини эшитиб, ёзиб олиб келдим. Комиссия тузиб, битта-битта ўрганамиз энди… Иш кўп, идорага келмай бўладими? Вазифаларнинг кўламини ўйласам, кечалари уйқум қочиб кетади… Қани, бу ерда нима гаплар?
Фазлиддин ака Фаридага кулимсираб қараганга ўхшади. “Анави нарсани сездилар. Жуда сезгир одам-да, ўрни келганда берарман, дегандим. Яширганга, орқасидан иш қилганга ўхшаб кўринмай…” Фарида яна ўрнидан туриб, бориб ўша эски газета ўровини олди.
— Мана буни сизга Мамазойит аканинг ўғли ташлаб кетди. Хотини туппа-тузук, ҳеч нарса бўлмагандек, югуриб-елиб қайнатасининг хизматини қилиб юрганмиш…
Фазлиддин аканинг юзига кулги ёйилди:
— Шунақами? Ўзиям Мамазойитнинг келини: “Уйингга юр, ўзинг ўз фарзандингни тирик етим қиласанми?” деган бир оғиз гапни кутиб турган экан-да. Келинларнинг ҳоли шу-ю, яна: “Кетаман, ажрашаман” лагани ортиқча. Нима экан бу?
Фазлиддин ака ўровнинг шакл-шамойилидан нималигини сезиб турган бўлса-да, газетани шиқирлатиб очди. Шампан виноси ва конвертсимон идишда шоколад эди.
— Чиққан қиз чиғириқдан ташқари, дейишади. Баъзан бесабрлиги, баъзан “ялинтирай, эгиб олай”, деб, “кетаман”лашади-да, — деди Фарида бошлиғининг койимаганидан хурсандлигини яширмай сўзамолгина бўлиб.
— Сабр қилиш керак… Мана, сиз ҳам чидаяпсиз-ку… — деди Фазлиддин ака ғалати — меҳрибон бир овозда.
Фарида алланечук бўлиб кетди. Бирпасда ичидан йиғи келаётганга ўхшади, титранди.
— Аслида-ку ҳеч кимдан ҳеч нарса олмасангиз яхши бўларди. Чунки баъзан пашшадай нарсанинг орқасидан филдай гап чиқиб кетади. Лекин, модомики, бир оилага хотиржамлик қайтган экан, бу қувончли ҳодисани нишонласак нишонлабмиз-да. Ўзи бу жониворни тотмаганимизга ҳам юз йиллар бўлиб кетди-ёв… Кутилмаганда Фазлиддин ака хонанинг бир бурчагини эгаллаб ётган эски сейфни очди-да, иккита стакан олди.
Фарида бошлиғининг чапдаст ҳаракатларига қараб турар экан, беихтиёр сочлари тўкилиб кетган, инқиллаб-синқиллаб, букчайиб, ўзининг заруратига зўрға бориб-келадиган эри кўз олдига келди. Аёлванд она қўлида етим ўсиб, нимжон бўлиб қолганми, илиги тўлмаганми, ҳар ҳолда неча йиллардан буён эрини суяк касаллиги безовта қилади. Салга суяги синаверади, бир жойи тузалса, иккинчи жойида хасталик бошланаверади. Ҳадеб ётавергани, қўлидан келадиган ишни қилолмагани учунми, ўзи ҳам кун сайин эмас, соат сайин инжиқлашиб бормоқда. Лекин Фарида буни қисмат деб билади. Пешонасига ёзилгани шу экан, чидайди, бошқа нимаям қилади?
— Келинг, Фарида. Бу маишат эмас, шунчаки бировнинг хурсандчилигига шерик бўлиш, деб тушунинг. Фазлиддин акангизни танимаяпсизми? Ҳа, баъзан шунақа: одам ўзидан чиққиси келади…
Фазлиддин ака стаканларни қоғоз сочиқларда артиб, столга қўйгач, шампан виносини “пақ” эттириб очди. Вино вижирлаб тошиб, тўкилди. Фариданинг кўз олдига ёшлик, талабалик пайтлари келди. Янги йил оқшомларидаги худди шунга ўхшаш ҳолатлар, беғубор дамлардаги шўхчан кулгилар, мусиқа шовқинлари қулоғи остида акс-садо бера бошлади. Кулимсиради, юракдан…
— Сиз нима десангиз — шу. Бошлиқнинг айтганини қилмаган — номард! — деди Фарида ва стакандаги кўпикланиб турган винони баланд кўтарди:
— Хўш, нима учун ичамиз? Қадаҳ сўзи айтмайсизми? — деди шўхчангина овозда. Фарида ҳам одатда доим жиддий, босиқ юрар, эрининг ҳолати ҳамиша хаёлининг бир чеккасини қорайтириб турарди. Ҳозир Фазлиддин аканинг “ўзидан чиқиш” ҳақидаги гапидан сўнг у ҳам бирпас бўлса-да, ҳамма нарсани унутгиси келди. Зотан, хира чироқли кулбадаги вазият ҳам худди шуни тақозо этарди: ўткир атир бўйи гуркираган кўркам эркак, кутилмаганда очилиб, стаканларда кўпириб турган шампан виноси…
— Хурсандчилик учун, — деди Фазлиддин ака. — Ҳамманинг уйида хурсандчилик бўлсин!
… Фарида бошлиғини кутиб ҳам ўтирмади: кўтариб юборди. Фазлиддин ака унга шоколаддан синдириб узатди… Анчадан буён бунақа нарсалар оғзига тегмаган эди. Фазлиддин аканинг:
— Келинг, жуфтлаб қўяйлик, — деган таклифидан сўнг, яна бир стакандан ичилгач, Фариданинг кўз олди жимирлай бошлади. Оёғи-қўлларида олов югураётганга ўхшади.
— Қизариб кетдингиз. Бу аҳволда… уйга боролмайсиз энди. Ечиниб, озгина совуниб олинг, — деди Фазлиддин ака ва Фариданинг жавобини ҳам кутмай унга яқинроқ келиб пальтосига қўл узатди. Фариданинг кўзи сузилиб, боши айланар, рўмолини ечса-да, пальтосини ечолмай қийналар эди. Фазлиддин ака унинг енгидан тортиб, ёрдамлашди. Ундан яна гуркираб атир иси келди. Фарида эрининг кийимларини ҳар куни эрталаб алмаштирарди. Ундан аччиқ тер ҳиди… Ҳар хил суртмаларнинг бад бўйлари келарди… Фарида ҳозир бирпас бўлса-да, Фазлиддин аканинг бақувват билагига бошини қўйгиси келди. Худди шу истакни сезгандек Фариданинг пальтосини олаётиб, Фазлиддин аканинг бақувват қўллари Фариданинг қўлларига тегиб кетди… Бошини қўймоқчи бўлди-ю кимдир, нимадир тепадан қараб тургандек:
— Шунча йиллик садоқатингни бир лаҳзалик ҳаловатга алмаштирмоқчимисан? — дегандек бўлди. Фариданинг устига бирдан кимдир бир пақир муздек сув қуйиб юборганга ўхшади. Сесканиб, сал ўзига келгандек бўлди. Шошиб Фазлиддин акадан нари сурилди. Ҳансираброқ нафас ола бошлаган Фазлиддин ака ҳам қўлидаги пальто, рўмолни Фариданинг стули суянчиғига ташлаб, ўз жойига ўтиб ўтирди. Фариданинг йиғлагиси келди: бор овози билан ўкириб-ўкириб айюҳаннос солгиси келди. Лекин қўлларини столга маҳкам тираб, чуқур-чуқур нафас олиб, бу ҳолатни ўтказиб юборишга ҳаракат қилди. Унинг ҳолати Фазлиддин акага ҳам тушунарли бўлди, шекилли, шампан виносининг қопқоғини яхшилаб бекитди, стаканларни қоғоз салфеткалар билан обдон артиб, ҳаммасини сейфга солиб қулфлади.
— Мен… чекиб келаман. Титраяпсиз, совқота бошладингизми, кийиниб олинг, — деди Фазлиддин ака бўғиқроқ овозда ва жавоб кутмай чиқиб кетди.
… Энди Фарида ўзини тутолмади. Аввал секин, сўнгра ҳўнграб йиғлай бошлади. У йиғи аралаш:
— Асраганингга шукур, сақлаганингга шукур, — дея пичирлар, яна шўр таъмли кўз ёшлари лабларидан ияги, кўксига оқарди.
… Бир оздан кейин Фазлиддин ака қайтиб кирди. У аввалгидек жиддий, босиқ эди.
— Мен кетдим. Яна бирпас чироқ ёниб турсин. Кейин чиқаверарсиз…
Фазлиддин ака кийимларини кийиб, эшик олдига борди-да, Фаридага қарамасдан: — Бундан кейин Дилшодга жавоб берсангиз, албатта, Сарви холани чақиртириб келинг, — деди…
Қутлибека РАҲИМБОЕВА.
Манба: tasvir.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организм ўзини токсинлардан қандай тозалайди?
АҚШ ҳарбийлари орасида ўз жонига қасд қилиш кўпайди
АҚШ Исроилнинг икки вазирига санкция қўлламоқчи
Буйрак саломатлиги учун энг фойдали сабзавот...
Яхши пишган ва мазали анор танлашга ёрдам берадиган тавсиялар
Apple донгдор икки айфонини расман эскирган деб эълон қилди
Энди операциядан сўнг кесмалар ўрни икки баробар тезроқ битиши мумкин
Дональд Трамп 27 ёшли Каролин Левиттни Оқ уй матбуот котиби этиб тайинламоқчи