
Торонто университети олимлари мияга идрок этишда минимал энергия сарфини талаб қиладиган тасвирлар одамлар учун ёқимлироқ бўлишини аниқлади. Бу ҳақдаги тадқиқот натижалари PNAS Nexus журналининг янги сонида эълон қилинди.
Олимларнинг билдиришича, мия инсон танасидаги энг “энергия талаб қилувчи” аъзолардан биридир: у танага кирадиган умумий калориянинг қарийб 20 фоизини истеъмол қилади. Бундан ташқари, ушбу ресурсларнинг деярли ярми кўриш тизими фаолиятига сарфланади.
Жуда содда визуал сигналлар, масалан, бўш оқ хона осон идрок қилинади, бироқ тезда зериктиради. Жуда мураккаб тасвирлар эса кўп метаболик “харакатлар”ни талаб қилади ва ҳолдан тойдириши мумкин. Тадқиқотчилар эстетик афзаллик энергия жиҳатдан қулай бўлган “олтин ўрта”ни излаш билан боғлиқ бўлиши мумкин, деган фаразни илгари сурмоқда.
Гипотезани текшириш учун олимлар компьютер модели ёрдамида 4914 та тасвирни идрок этишнинг “энергия нархи”ни баҳолаган. Сўнг бу кўрсаткичларни 1118 нафар ҳақиқий иштирокчи берган жозибадорлик баҳолари билан солиштирган. Шундан кейин тадқиқотчилар тўрт нафар кўнгиллида кислород истеъмолини ўлчовчи мия визуализацияси орқали ҳисобланган “харажатлар”ни тасдиқлаган.
Ҳар икки тажрибада одамлар мия томонидан қайта ишлаш учун камроқ энергия талаб қиладиган тасвирларни ёқимли деб топган. Иштирокчиларнинг тезкор жавоблари айнан эстетик таассуротнинг илк босқичини – тасвир мазмуни ҳақида ўйлаб улгурмасдан пайдо бўладиган тезкор реакцияни қайд этиш имконини берган.
Тадқиқот муаллифларининг тахмин қилишича, визуал жозибадорлик яширин энергия тежаш стратегиясининг бир кўриниши бўлиши мумкин.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.