17:29 / 26.02.2018
4 398

Олдиндан тайёрланган рўйхатсиз янада самарали ишлашга доир тавсиялар

Қилиниши керак бўлган ишлар рўйхатидаги камчиликлар, уларсиз ишларни қандай уддалаш мумкинлиги, барчасига улгуриш ва муҳим ишларни орқага суришни бас қилиш ҳақида makeuseof.com'да фойдали маълумотлар берилди.

Нима учун ишлар рўйхати ёрдам бермайди?
Олдиндан тайёрланган рўйхатсиз янада самарали ишлашга доир тавсиялар
Markovitz Consulting раҳбари Дэниел Марковиц ўз мақоласида рўйхатларнинг самарасизлигига ишора қилувчи бир неча муаммони ажратиб кўрсатади.
  • Танлов парадокси. Ўнлаб пунктлардан иборат катта рўйхатлар баъзан чалғитади, қай биридан бошлашни билмай қоламиз. Психолог Барри Шварц ва психоиқтисодчи Шина Айенгар танлов варианти қанча кам бўлса, ишга киришиш шунча осон бўлишини аниқлашди;
  • Вазифаларнинг турли мураккабликда бўлиши. бажарилиши керак бўлган ишлар рўйхатидаги пунктларингизга қаранг - баъзи вазифаларни уч дақиқада тугаллаш мумкин, баъзилари эса соатлаб вақтингизни олади. Ҳойнаҳой, сиз кўп вақт талаб қилмайдиган ишлардан бошласангиз керак. Рўйхатингиз сезиларли даражада қисқаради, бироқ муҳим вазифалар қолиб кетаверади;
  • Контекстнинг йўқлиги. Ишлар рўйхати минимум маълумотни ўзида жамлаган бўлади. Сиз у ёки бу иш қанча вақт ва кучингизни олишини билмайсиз. Бу эса самарали режа тузиш учун жуда муҳим омил.

Қандай қилиб самаралироқ ишлаш мумкин?

Иш тартибингизга киритишингиз мумкин бўлган кичик ўзгаришлар сизга самарадорлигингизни оширишга ёрдам беради.

1. Ўз тақвимингизда яшанг

Дэниел Марковиц "Ўз тақвимингизда яшанг" деб номланувчи режалаштириш усулини таклиф қилади. Сиз ўзингизнинг барча вазифаларингизни рўйхатдан тақвимга кўчиришингиз, уларни бажаришга қанча вақт кетишини ҳисоблаб чиқишингиз ва кун, ҳафта, ойга мўлжаллаб режа тузишингиз керак бўлади.

Вақтингизни шу тариқа тақсимлаб, ўз жадвалингизни таҳлил қилиш ва тузатиш киритиш, шунингдек устувор вазифаларни тўғри жойлаштириш имконига эга бўласиз.

Тайм-менежмент ҳақидаги китоблар муаллифи ва LEADx.org таълим платформаси асосчиси Кевин Круз кўплаб миллиардерлар, Олимпия чемпионлари ва ишбилармонларни сўроқ қилиб, уларнинг ҳеч бири рўйхатлардан фойдаланмаслиги, лекин "ўз тақвимида" яшашини аниқлади.

2. "Икки дақиқа қоидаси"га риоя қилинг

Ишлар рўйхати тезликда янги пунктлар орттириб бораётганининг сабабларидан бири бизнинг майда вазифаларни кўп қўйишимизда. Рўйхатга қараганингизда имкон қадар кўпроқ ишларни ўчириш учун астойидил ҳаракат қиласиз, бироқ бунинг ўрнига асаблар зўриқишига йўлиқишингиз ҳеч гап эмас.

Таниқли блогер Жеймс Клир "икки дақиқа қоидаси"ни қўллашни таклиф қилади. Агар сизда бажарилишига икки дақиқадан кам вақт кетадиган иш пайдо бўлса, уни ёзиб ўтиришга ҳожат йўқ, шунчаки дарҳол бажариб қутулинг. Вақт ўтган сари рўйхатларингиз қисқариб боради, бир куни эса улардан буткул халос бўласиз.

3. Кўникмаларни ишлаб чиқинг

Ўз ҳаётингизни тақвим бўйича режалаштиришни бошлаганингизда уйларни йиғиштириш ва озиқ-овқат учун дўконга чиқиб келиш каби арзимаган нарсалар жадвалингизда хаосни юзага келтираётганини англайсиз. Устувор вазифалар кўплаб майда, иккинчи даражали ишларнинг орасида йўқолиб кетади. Бундай бўлмаслиги учун кўникмаларни ишлаб чиқиш керак. Харидлар учун муайян кунлардагина чиқинг, иш куни охирида почтани тозаланг, уйларни тозалаш учун эса шанбани танланг. Шу тариқа ўзингизни кундалик ишларни кун тартибига ўзгартириш киритиш заруратисиз бажаришга ўргатасиз.

Ёдингизда бўлсин, биргина маслаҳатга риоя қилиб, бирор натижага эришиш қийин, уларни комбинация қилиш ва иш жараёнига татбиқ қилишни ўрганиш керак. Шундагина яхши натижаларга эришишга муваффақ бўласиз.

Манба: Kun.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Олдиндан тайёрланган рўйхатсиз янада самарали ишлашга доир тавсиялар