14:20 / 06.04.2018
5 820

«Отангни рози қилмасанг, чақмоқ ерга ургандай, Худонинг Ўзи сени уриб қўяди!»

«Отангни рози қилмасанг, чақмоқ ерга ургандай, Худонинг Ўзи сени уриб қўяди!»
«Одамлар миллион кишилик меҳмон чақириб, тонналаб ош дамласа ҳам, токи дуоларида марҳум учун чин дилдан сўралган нажот йўқ экан, буларнинг бари хўжакўрсинга бўлиб қолаверади!»

Ярим тунгача беоромлигим сабабми, эрталаб бошим оғриб уйғондим. Эсимда, онам раҳматлининг вафотидан сўнг худди шундай аҳволга тушгандим. На еб-ичишимда ва на уйқумда ҳаловат қолганди ўша кезлар. Хаёлан ёшлик чоғларимга тез-тез қайтиб, ўша хотиралар билан узоқ ўтирадиган одат чиқаргандим. Отам эса бу паришонхотирлигимдан қўрқувга тушар, «Ҳадеб куйинаверма, болам, ота-она ўлмоғи мерос», дерди. Бугун эса менга айни шу далда етишмаяпти: «Ота-она ўлмоғи мерос». Бу сўзларни айта-айта отамнинг ўзи ҳам мени фоний дунёда ёлғиз қолдириб кетди. Волидам соғинчига отамнинг ҳижрони ҳам келиб қўшилди. Мана, бир ойдирки, ўз қобиғимга буткул ўралиб олдим. Эркак бошим билан дод солиб йиғлагим келади. Жанозага келган дўстларим кўп овутди: «Ўзингни қўлга ол, ҳаммамиз ўламиз!», «Тинчлан, отангнинг тўйи экан-ку, саксон ёш», «Куйинаверма, ҳаммасига вақт даво!»

Шу гапларни айтишаётганида ошна-оғайнимнинг кўзига қарайман. Ҳамдардлик ҳисси бор, аммо мени, барибир, тушунишмайди. Мен оиламизда кенжатой фарзанд эдим. Дадам ҳамма дўстларимнинг дадасидан анча катта, кўпни кўргани эди. Дарҳақиқат, дўстларимнинг ҳам отаси ҳали тирик (умри узоқ бўлсин). Балки, шу сабаб бунчалик узлатга чекиниб қолганимни тушунишмас, дея ўйлардим кечаги кунгача. Бир синфдошимнинг отаси эрта оламдан ўтди. Жанозага чиқдик. Кўнглимга «Уч кун ёнида ўтираман, яқин дўстим бўлмаса ҳам дарди оғир, ахир отасини йўқотди. Бу фожиада мендан ортиқ ким ҳам қалбига ором бўларди!» деган ўй кирди. Ёнида бўлдим ҳам. Бироқ…

У ўша куни қўшнилар олиб чиққан қайноқ шўрвадан мириқиб ичди. Ҳатто «Яна борми?» дейишни ҳам унутмади. Келган меҳмонлар билан одатдагидай кўришди, анчадан буён кўрмаган танишларини четга олиб, суҳбат ҳам қурди. Қандай айтсам экан, мийиғида кулди ҳам! Оҳ, мен бу жилмайишдан сўнг чидаб туролмадим, йиғлаб юбордим. Отамнинг қабрига бордим-у, ҳўнг-ҳўнг йиғлаб, хаёлга берилдим.

«Отажон! Сизни соғиндим! Эсимда, гўдаклигимда шу қабристонга олиб келардингиз, илк бора Фотиҳа сурасини ҳам шу ерда ўргатгансиз. «Бу ердагилар дуога зор, болам, мен ҳам ўлсам, кўп-кўп дуо қил!» дегандингиз.

Онажон! Сиз ҳам тинч ётибсизми?! Онажон, мен сизни ҳам соғиндим, бироқ отамнинг яраси ҳали анча янги! Эсимда, биз бу ерга сиз билан ҳам келардик. «Ўғлим, ўлсам, мени эслаб тур, ҳақимга тиловат қил, ёдингга тушишим билан қўлларингни кўтариб, дуо қил, шунинг ўзи етади», деган сўзларингиз қулоғим остида жаранглайди. Онажон! Кечалари сиз ва отам учун ибодат қилиб, савобини сизларга бахшида қиляпман. Зотан, сизларга шундан бошқа ҳеч нима фойда бермаслигини ҳам тушунаман. Уйга кеч қолсам, келмагунимча ухламасдингиз, эшикдан кириб, салом берсам: «Худойим, Ўзингга шукр. Ва алайкум алейкум, болам, яхши дам ол!» дея уйқуга кетардингиз. Ёдимда, нима есангиз, менга, албатта, илиниб, бир четга ўша егуликдан олиб қўярдингиз! Жоним оғриса, жон бўлардингиз, бошимни силаб, қалбимга ором берардингиз!»

— Яна бошингиз оғрияптими? — деди рафиқам дори узатаркан. — Саҳар мардонда ухлаб қолдингиз. Туни билан тиловат қилдингиз чоғи.

— Яхшиман, Худо хоҳласа, бугун ишга ҳам чиқаман. Бундай маҳзунлигим тағин уларни қийнаб қўймасин.

— Кўнглингизга олманг-у, — рафиқам кўзини олиб қочди, — ҳар куни ярим кечагача тиловат қилишингиз шартмасдир?! Яқинда эҳсон қиламиз, шу билан…

— Эҳсон?! — ғазабимни босишга уринсам-да, қошларим чимирилди. — Одамларга ҳам ҳайронман, Насиба. Эҳсон нима дегани ўзи, қани, айт-чи?!

— Эҳсон?.. — шўрлик аёлим гапирганига пушаймон бўлиб, лабини тишлади. — Ҳ-ҳалиги, одамларни чақириб, дастурхон ёзиш-да!

— Хўп, дастурхон ёздинг, ўликларга бундан нима наф? — хотиржамлик билан уни саволга тутдим.

— Ҳ-ҳалиги, ўша келганларнинг еган-ичганининг савоби боради ўликларга…

— Демак, биз шунчаки еб-ичсак, марҳумларга савоб борадими?

— Б-билмасам, ҳамма шундай қилади-ку! — юзи қизарган рафиқам ерга қаради.

— Насиба! — дедим чуқур хўрсиниб. — Ҳамма қилган иш тўғри бўлади, деб ким айтди сенга? Эҳсондан мақсад — марҳумни ёдга олиш, унинг ҳақига тиловат қилиб, дуо ўқиш. Ўша сен айтаётган эҳсонларнинг эса кўпини кўрдим. Аёллар йиғилиб, гапда ўтиргандай ҳамма мавзуда суҳбат қуради, эркаклар доллар курсию тижорат ҳақида гап бошлашади. Ҳатто нега, нима сабабдан ўша даврада ўтирганларини унутиб, кулишиб ҳам олади. Яна келган ҳамма меҳмонлар ўзига тўқ, «Бормасам, уят бўлади!» дея келишган. Мезбон эса уларни кило-кило дамлаган ошидан ейиш учун чақиртиради. Энди айт-чи, булардан марҳумга нима савоб боради?!

Хотиним индамади.

Эртаси куни ишга чиқдим. Ишдан сўнг дадам раҳматлига ўхшаб, киракашлик қилдим ва шомга яқин чарчоқ босгани учун уйга йўл олдим. Бир маҳал кўзим йўл четида турган оппоқ яхтакли, қотмадан келган, мункайган қария ва забардаст эркакка тушди. Эркакнинг юзи бужмайган, асабий қўлини силтаб гапирар, ёнидаги қария эса лом-мим демайди, боши эгик. Азбаройи кекса чолга раҳмим келганидан елкам оғриётганига қарамай, тўхтадим.

— Ассалому алайкум, — дедим қарияга, сўнг ёнидаги эркакка юзландим. — Қаерга?

— Чорсу бозорига!

Эркакнинг кўзлари косасидан чиққудай, ҳатто мен билан ҳам ўшқириброқ гаплашди. Бошқа сафар бўлганида-ку, «Э, бор-э!» дея қўл силтардим, аммо мана бу оқ яхтакли қариянинг юзида дадамни эслатувчи алланималар мавж урар, юрагимни юмшатарди. Эркак машинага қарияни жеркиб ўтқизди-да, шанғиллашни бошлади:

— Эҳ, дада, икки юз доллар-а! Икки юз доллар кетди! Ўзингизча ақллисиз, ўргилдим, менга совға олинг, деганмидим?! Сизнинг ўша қўланса костюмингизни ўлсам ҳам киймайман! Эҳ, икки юз доллар ҳавога учди!

Ойнадан яширинча қарияга қараб қўяман. Бечоранинг боши ҳамон эгик. Сал ўтмай бошини кўтарди, ботаётган қуёшга қараб хўрсинди. Унинг нурсиз кўзидан ёшлик аллақачон тарк этган, ажинли юзига томчилар думалади. Менинг қараётганимни сезди, шекилли, титроқ қўллари билан кўз ёшларини билинтирмай артди. Ким билади, у мана шу қўллар ила ёнидаги юзи совуқни қанча эркалаб кўтарган, ўша икки юз доллардан нечтасини унга сарф қилиб, ҳеч ачинмай яна уни бағрига босган. Бардошим етмай, гапириб юбордим.

— Ўзингизни сал қўлга олинг, ахир у отангиз-ку!

— Э-е, кўрмайсанми, ука, — эркак тамакисини ёқиб, чека бошлади. — Бугун туғилган куним эди, мана бу одам шу кунни ҳам бурнимдан булоқ қилиб ўтирибди. Нима эмиш, менга совға олгани пенсиясини йиғиб, бозорга борганмиш. Жин ургур пенсия пулларини оламан деб, жавонимдан иккита юзталик кўкини олиб, бозорга борибди, ўзи шапкўр-да! Бозорчилар ҳам лаққа балиқни тутдик деб, арзимаган сассиқ костюмни ўтказиб, бу чолни аҳмоқ қилишган. Мана, энди…

Эркак узоқ гапирди. Менинг эса хунобим ошиб борар, ҳозироқ машинани тўхтатиб, унинг хўппа семиз қорнига аямай тепгим келарди. Мени фақат бир нарса, қариянинг қарашлари тўхтатаётганди. Ахир ким бўлса ҳам ҳарҳолда фарзанди.

— Ака! — дедим тишларим ғирчиллаб. — Арзимаган пул экан-ку, отангиздан азиз бўлибдими?

— Ие, ие! — эркак тамакисини улоқтириб, иккинчисига ёпишди. — Ҳой, бойвачча, сен учун арзимаган пулдир, мен у пулни машинага йиғаётгандим, тушундингми?!

— Мен оддий оиладанман, ҳеч қачон бой бўлмаганман! Аммо ота-онамни бир бор кўриш учун бутун ҳаётимни, жонимни фидо қилардим…

— Э-е, қўйсанг-чи ақлли гапларингни, ўргилдим! — эркак отасига қараб, уни туртди. — Дада, мана бу болани ўғил қилиб олинг, ҳеҳ, жуда виждонли экан! Ў-ов, дада, яна йиғлаб, роль ўйнаяпсизми, нари борса, ўша икки юз долларни маъракангизга ишлатардим, эҳ, икки юз доллар қўлдан кетди!

— Уялмайсизми, ака, отангизнинг умри узоқ бўлсин! — асабийлашганимдан кўзларим йўлни ҳам кўрмай қолган, ичимдан вулқон отиларди гўё. — Оталаримизнинг вафотидан сўнг минг кишилик маъракалар ўтказамиз, ош берамиз, кимга керак бу ишлар?!

— Сен ҳали ўлган отангга ош бермаганмисан, вой, номард! — эркак хандон отиб устимдан кулди.

Мен ортиқ чидолмадим. Ғайритабиий бир куч мени шиддат билан ўзига бўйсундирди ва машинани тўхтатдим.

— Илтимос, машинадан тушинг, сизда гапим бор!

— Тезроқ ҳайда, анави мошенниклар кетиб қолмасин, пулимни олай.

Тихирлик қилаверганимдан сўнг эркак машинадан тушишга мажбур бўлди. Бир четга ўтиб, унинг кўзларига тик боқдим.

— Сиз ҳам одаммисиз, ака, отангизни бунча хўрламасангиз?! — эркакнинг хўмрайган юзига қараб, нола чеккудай ичимдагини тўкиб солдим. — Мен адойи тамом бўляпман, бу муомаладан, ёниб кетяпман, ака!

— Ия, жуда таъсирчан бола экансан-ку!

Эркак қорнини бир силаб, хунук кекирди.

— Отамни қабрга қўйганимга бир ой бўлди! — кўзларим ёшланди. — Ҳа, мен халққа ош бермадим, ресторанларда эҳсон қилмадим. Ўша пулни маҳалламиздаги масжидга олиб чиқдим, домлага бердим. Бирор ночор одамга беринг, савоби отамга борсин, деб айтдим. Биласизми нега, чунки менга одамларнинг «Фалончи мана шунча ош дамлабди», деган гапи эмас. Эҳсонга келганларнинг «Фалончи пулни аямай маърака ўтқазибди», деган арзон мақтовларидан, отажонимнинг жаннат боғларига қараб ётиши муҳим!

— Эй, жонимга тегдинг-да, нима хоҳлайсан ўзи? Шунақа мард экансан, анави чолни ҳам уйингга олиб бориб боқ!

Қулоғимга шайтон шипшидими фаришталарми билмайман, мушт бўлиб тугилган қўлим эркакнинг юзига қараб тушди. Ўзимни камдан-кам ҳолларда ана шундай англолмай қолар, назоратни йўқотардим. Билмайман, тепамга қарашлари отамни эслатадиган ўша қария келмаганида яна қанча мушт урардим.

— Боламга тегма! Мен шунчаки туғилган кунингга совға олмоқчи эдим, болам, нотавон отангни кечир, кўзларимдан нур кетиб, сенинг пулингни ҳам олибман, кечир!

Кўзимга шайтондай кўринаётган қориндор, тепакал эркак мен каби тез-тез ҳансираб қолган, тинимсиз сўкинарди.

— Аҳмоқ, сенга нима? Ахир бу менинг отам, хоҳласам, ширин гапираман, хоҳласам, мана шу ерда ташлаб кетаман, қариялар уйига топширмаётганимга раҳмат десин!

— Қариялар уйига ҳам одамларнинг гапи деб бермайсан! — ўзимни тутолмай бақирдим. — Ташлаб кет, мен ўзим олиб кетаман отангни, мен шундай бир инсонга зорман, нокас!

Жимлик чўкди. Эркак сўкинишдан, қария йиғлашдан тўхтади. Осмонни тўлдириб, босиб келаётган булутлар яна-да ваҳимали тусга кириб, чақмоқ чақишни бошлаганди. Машина томон қадамимни тезлатдим ва масжидга бераман, деб асраб юрган пулларни олдим.

— Ол! — пулни эркакка узатдим. — Отангни рози қилмасанг, мана шу чақмоқ ерга ураётгандай, Яратганнинг Ўзи сени уриб қўяди!

— Э, ўша сенинг виждонингга! — эркак пулни олди-да, яна сўкинди ва отасининг олдидан ўтаётиб, ерга тупурди. — Боринг, сизни ота қилиб олмоқчи, ўргилдим! Айтганча, уйга обориб ташласин, одамлар гапирмасин тағин.

Қария кўзларини булутли осмонга тикди, сўнг юмди. Негадир у дуо ўқияпти деб ўйладим. Шу заҳоти ёмғир шаррос қуйиб юборди.

— Юринг, меникига борамиз, келинингиз иссиққина овқат пиширади, истасангиз, ош дамлаймиз, мен сизга отам ҳақида гапириб бераман…

— Болам, — қария мункайган елкасини яна-да эгиб олган, маъюс чеҳрасидан эса бир олам маънони уқиш мумкин эди. — Мени уйимга олиб бор, илтимос, жуда чарчадим.

Қарияни авайлаб машинага ўтқаздим. У бошини ўриндиққа суяди, ўзига-ўзи «Ухласам-у, қайтиб турмасам!» деганини ҳам эшитдим. Юрагим чунонам ўртаниб кетдики! Э, воҳ! Одамлардан шу қадар меҳр-оқибат кўтарилганми ёки мен чиндан таъсирчанмикинман, балки, ҳамма гап тарбиядадир! Ана шу хаёл билан кета бошладим ва аллақандай йўл ҳодисаси юз берганини кўриб, тўхтадим. Кўнглим ўша тарафга боришни айтгани учунми, тушунарсиз ҳислар остида автофалокат бўлган жойга яқинлашдим. Тумонат одам йиғилган, уларни ёриб ўтган сари юрагим дукирлаб кетяпти.

— Йўлдан шошиб ўтаётганини ўзим кўрдим, қирқ бешлар атрофидаги киши эди!

— Э, бечора, жони зўрға узилди дейишяпти, кўзи ҳам очиқ кетибди, қаранг!

Атрофдан келаётган шовқин, ёмғир овози, машиналар сигнали… Ниҳоят, олдинга чиқдим ва… «Отангни рози қилмасанг, мана шу чақмоқ ерга ураётгандай, Яратганнинг Ўзи сени уриб қўяди!» деган гапимни эсладим, сўнг дарҳол кўз олдимда осмонга қараб пичирлаётган қариянинг маҳзун қиёфаси гавдаланди. Қариянинг ўғли, чиндан ҳам кўзлари очиқ ётарди. Шу пайт кимдир унинг юзига костюм ёпиб қўйди. Бу қариянинг совғаси эканини кўриб, юрагимни чангалладим: «Сизнинг ўша қўланса костюмингизни ўлсам ҳам киймайман!»

Дарҳақиқат, ўлсак бизга ҳеч нарсанинг фарқи қолмайди. Минг кишилик ошнинг ҳам, одамларнинг гапию қўйлар сўйилишининг ҳам. Бизни фақат дуо қутқаради, иймон қутқаради!
Моҳигул ДИЁРХЎЖАЕВА

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent


Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » «Отангни рози қилмасанг, чақмоқ ерга ургандай, Худонинг Ўзи сени уриб қўяди!»