11:31 / 20.04.2018
6 416

Қиёматдан кўриниш ва тирилтирган нола

Қиёматдан кўриниш ва тирилтирган нола
Яна Каъбатуллоҳни зиёрат қилиш, унинг атрофида оломон ичида сузиш - тавоф қилиш ва умр сарҳисобини қилиш имконини берди Парвардигорим. Шукрлар бўлсин!

Тавоф ёхуд қиёматдан бир кўриниш...

Тавофда мени ҳар сафар шу ҳис қамраб олади. Каъба атрофида айланаркан, ўзимни “Маҳшаргоҳ”(қиёмат)да тургандек ҳис қиламан, ҳис қилишга уринаман. Кўз ўнгимда даҳшат ва ваҳшатдан ақли измидан чиқиб, саросима ва жон талвасасида сарсон-саргардон изғиб юрган чексиз оломон гавдаланади. Шу оломон ичида ночор ҳолдаги ўзимни кўраман. Ҳамма ўз дардига буткул шўнғиган. Ҳатто ота-оналар ўз жигарбандларидан ҳам кечиб юборадиган даражада ақл бовар қилмас мушкул дамлар. Ҳамма Каъба атрофида сузмоқда. Умр сарҳисобида чексиз саволларга жавоб тополмай, толиқиб хаёл оғушида сузмоқда...

Тавоф ҳар сафар Ҳажарул-асвад (“Қора тош”)га яқинлашганда оқим секинлашади, тирбандлик ошади. Одам қадам қўйишга жой излайди. Ён атрофида бегона аёллар туриб қолмасин дея жой қидиради, унинг тўрт томонига тиқилган кишиларга озор бериб қўймай деб, умумий оқим ва ҳаракатга уйғунлашишга уринади.

“Ҳажарул-асвад”дан ўтилиши билан тавофини тугатиб, оқимни кўндалангига кесиб чиқиб кетаётганлар билан тўқнашилади. Айнан шу онларда қиёмат кўринишлари янада ёрқинроқ намоён бўлади. Ҳамма ўзи билан овора. Деярли ҳеч кимнинг кўзига ўзидан бошқа кўринмайди.

Чин нигоҳлар

Каъба атрофида сузаётган нигоҳларга кўзим тушади. Юз боқишларда ожизлик эътирофи, гуноҳ иқрори ва ўз қилмишига надомат белгилари кўринади. Яна кимлардадир бу “қайта тирилиш они”нинг тожи – тавба йиғиси ҳам кўзга ташланиб қолади.

– Сенчи, сенинг дийданг нега тош, деган савол қалб қаъридан қўзғалиб бутун вужудни кезсада жавоб топмай “қўли қуриқ” ортга қайтади. - “Аллоҳим ҳолимни ўнгла, йўқса бу бандангнинг ҳолига вой!” дейман.

Тирилтирган нола

Шу каби хаёлларда Каъбани етти бор айланиб тавофни тугатдим. “Мақоми Иброҳим”нинг орқа томонидан холироқ жой топиб, икки ракаат номоз ўқидим. Сўнг Сафо тепалиги томон юзланиб, йўлда бир тўхтаб Замзам сувидан ҳам ичишни хаёлга тугиб юра бошладим. Хаёллар оғушида кезардим. Кутилмаганда, бир йиғи сасидан сесканиб тушдим. Йўқ-йўқ, сесканмадим, шунчаки йўқотган ва тинмай излаётган нарсасини кутилмаганда топиб олган кишидек “уйғониб” кетдим.

Мен намоз ўқиган жойнинг орқа томонидаги тўсиқлар ортидан тараларди бу фарёд. Вужуднинг туб-тубидан қайнаб чиқарди бу қалб ноласи. Гўёки бир исёнкор қуюн ловиллаб ёнаётган бу қалб алангасини бутун атрофга ёярди. Нола қанчалик ўткир ва кучли бўлмасин, совуқдан музлаёзган таналарга ёз қуёшидек, ўзининг ўткир тафти билан роҳат ва жон бахш этарди. Яхлаган танам, музлаган руҳим, қуриган кўзларимга жон ина бошлагандек бўлди...

Беихтиёр оломон орасидан бу ҳаёт булоғини қидира бошладим. Таралаётган ёқимли нола-нур толаларига эргашиб булоқни дарров топиб олдим. Кўриниши ва кийинишидан жанубий-шарқий осиёлик онахон. Бутун атрофга нур таратётган онахон. “Оломон орасидан” дедим, йўқ-йўқ, якка ўзи, ҳа ёлғиз ўзи турарди, бу онахон. Бутун борлиқда у яккаю-ёлғиз эди. Унинг атрофида ҳеч кимса йўқ эди. Мен ҳам. У ҳеч кимни кўрмасди. Бутун Каъба атрофида у ёлғиз ўзини ва Эгасинигина кўрарди ва барча дардларини Унга тўкиб соларди, бу бахтиёр онахон. Каъба қаршисида “қиёмат саҳнаси”ни бутун вужуди билан қуриб олганди, бу беназир онахон!

Қуриб кетган дийдамни менга яна эслатиб куюнтирган онахон! Бахт эгасини кўзим билан кўриш шарафига муяссар этиб, суюнтирган онахон. Швед диёрида музлаган танам ва руҳимни бироз бўлсада эритган онахон...

Илоҳим сўраганингиз ҳар бир эзгу тилагингиз рўёбга чиқсин, онахон!

Илоҳо, бизларга ҳам шундай бахтни, Эгамизни эслаб йиғлашни, Қиёматдан олдин “қиёмат”да яшаб кўриш имконини бериб, ғафлат уйқусидан уйғонишни ва ўнгланишни насиб қил!

Менга ҳам ўша онахонда кўрганим тавба ва тақво йиғисини насиб эт, илоҳим!

Зотан, умрага йўл оларкан, қуйидаги умидлар билан кетгандим:

Қаро юзла келар бўлдим...

Илоҳим қап-қаро юзла, уйинг сори келар бўлдим,
Насиб эт менга ғуфронни, гуноҳлардин жилар бўлдим,
Эрурман бандайи ожиз, бериб сўз кўп бузорим бор,
Бу гал куч бер менга Раббим, дегонимни қилар бўлдим.

Ошиб ишлар, ошаб ошлар, замон бирла елар бўлдим,
Ўтар умрим, хато-тўғрим, буни кўрдим, билар бўлдим.
Не қилдим, қилмадим билмам, ният тўғри, амал букри,
Гуноҳлардин ювилай деб, уйинг сори келар бўлдим.
Муҳиддин Қудрат ўғли ШИРИНОВ. Ҳадис фанлари доктори, Швеция.

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қиёматдан кўриниш ва тирилтирган нола