17:55 / 16.06.2018
4 974

Киши молини ема...

Киши молини ема...
Рўзғор камчиликларини бутлаш учун бозорга бордим. Рўйхатдаги нарсаларни харид қилаётиб, растага териб қўйилган бир хил катталикдаги йирик донали анорлар эътиборимни тортди. Яқинлашганимни кўрган сотувчи киши молини мақташга тушди: «Олинг, ука, жуда ширин, деҳқончилик, ўзимиз етиштирамиз, бари туятиш (йирик донали демоқчи) анорлар, ичида битта ҳам майда доналиги йўқ, бирор ери заҳаланмаган». Мен сотувчи узатган анор билан териб қўйганларини солиштирар эканман, гапига ишонгандай бўлдим.

– Қаернинг анори бу, ака?

– Косонсойники, биродар, олинг, сифати-ю мазасига гап йўқ. Билсангиз керак – бизнинг Косонсойда лафз қадр­ли саналади.

Косонсойликлар ҳақиқатан ҳам диёнатли ва ҳалол одамлар эканини билганим учун тасдиқлаб бош ирғадим-да, «икки кило тортинг», дедим. У бўлса: «Ука, ҳаммасини ола қолинг, ўзи уч ярим килогина қолган, арзон қилиб бераман, пули ўзингиз билан кетади», дея саннашга тушди. «Майли, кўпроқ олсам олибман-да, уйдагилар билан бир анорхўрлик қиларканмиз», деган ўй билан рози бўлдим. Уйга боргач, анор солинган халтани очиб, кўзларим катта очилиб кетди: шунча анор ичидан атиги икки донаси йирик донали, қолганлари эса ярми ейишга яроқсиз, бунинг устига майда донали бўлиб чиқди. Алданганимни тушуниб шундай жаҳлим чиқдики, бир кўнглим эртасигаёқ ўша сотувчининг олдига бориб жанжаллашгим келди.

Миямда эса: «Одамлар қачондан бери бундай бўлиб қолди, нега савдога ёлғон аралаштирадиган бўлди, нега ҳаромдан ҳазар қилмай қўйди, нега кўпчилик бировнинг ҳақидан чекинмайдиган бўлиб кетяпти, бунинг жавобидан қўрқишмайдими?» – каби саволлар айланарди. Шу аснода бирдан ҳалиги анор сотган одамга ачиниб кетдим. Тўғри-да, оиласи, бола-чақасига ризқ топиш ғамида не машаққат билан етиштирган маҳсулотини шунча йўлдан пойтахтга олиб келиб, мусофирчиликда қийналиб сотса-ю, уйига ҳаром аралашган пул ва бир дунё гуноҳ орқалаб қайтса. Луқмасига ҳаром аралашган фарзандлари улғайганда ким бўлади? Ўзи орзу қилгандек одам бўлишадими? Йўқ, албатта! Улар ҳам нари борса бировнинг ҳақидан қўрқмайдиган ва энг ёмони, ота-она розилигини топишга рағбат қилмайдиган кимсалар бўлади.

Чунки Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи васаллам: «Ҳаром еб ўсган вужуд жаннатга кирмайди», деганлар. Балки бу ҳадисда ҳаром еганларнинг солиҳ амаллар қила олмаслиги назарда тутилгандир? Халқимизда ҳам бундай одамлар ҳақида «зуваласи чатоқ» деган ибора юради. Унда... бу кетишда биздан бухорийлар, марғинонийлар, косонийлар, фарғонийлар яна қачон етишиб чиқади? Одамга энг алам қиладигани ҳам ана шу, аслида.

Тўғри, беш қўл баробар эмас, орамизда бировнинг ҳақидан ҳазар қиладиган ҳалол инсонлар бор ва улар ҳалигидай қинғир қилиқлилардан кўра кўпчиликни ташкил қилади. Бироқ бирники мингга, мингники туманга деган гаплар ҳам йўқ эмас. Хуллас, ана шулар ҳақида ўйлар эканман, Хожа Аҳмад Яссавийнинг байти ёдимга тушади: «Киши молини ема, сирот узра тутаро!»
Нўъмон АБДУЛМАЖИД.

Манба: Irfon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Киши молини ема...