00:12 / 04.08.2018
6 685

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (27-қисм)

Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (27-қисм)
Назоратчи худди хаёлимдан кечган фикрларни ғойибона уқиб олгандек, яқин боришим билан эшикни шарақлатиб очди-да, боши билан мени ташқарига имлади.

Қувониб кетдим. Ниҳоят Толян билан юз кўришиб, қилган ишларим ҳақида ҳисоб бериш вақти келибди. Жазо чораси қўлламаганларига қараганда, Толян гаплашиб қўйган бўлса керак деган ўйда буйруқни сўзсиз адо этиб девор томон ўгирилдим.

— Сени турма бошлиғи кутяпти! — деди назоратчи қовоғини уйиб. — Сўроқсиз турмадан чиқиб кетиб бекор қилибсан, йигит! Энди камида бир ой карцерда ётишингга тўғри келади. Албатта, оғирроқ жазо тайинлашмаса.

— Толян-чи? — сўрадим йўл-йўлакай назоратчи томон ўгирилиб. — У мени кутаётган бўлиши керак.

— Намунча Толянлаб қолдинг? — жеркиб ташлади у. — Қилғиликни қилиб қўйиб бемаъни саволлар беришингга ўлайми? Турма бошлиғи кабинетида сўроқ беряпти ҳамтовоғинг.

Бу гапни эшитгач, индамадим. Фойдаси йўқлигини англадим. Агар Толянни ҳам чақиртирган бўлса, демак, у ишни ёпди-ёпди қила олмаган. Майли, нима бўлганда ҳам тақдиримиз шу ментлар қўлида. Пешонага битилганини кўраверамиз-да!

Турма бошлиғи подполковник Тарасов деган озғиндан келган, ўрта бўйли, қошлари қалин одам экан. Толяндан ташқари унинг рўпарасидаги стулда керилганча ўтирган капитанни кўриб сира ҳайрон бўлмадим.

Биламан, у мени камерага жўнатгач, тўғри турма бошлиғининг ҳузурига кириб ҳисоб берган.

Мен кириб борганим ҳамоно шу қадар ёмон тикилдики, қўйиб беришса, ғажиб ташлашга шайлиги яққол кўзга ташланарди.

— Хўш, рецидевист! — гапни дўқлашдан бошлади бошлиқ. — Булар индашмади, демак, мендан қўрқишди деб ўйлаганмидинг?

— Тушунмадим, начальник! — бир четда лабини асабий тишлаганча жим ўтирган Толянга қараб олдим-да, ўзимни гўлликка солиб сўз қотдим.

— Тушунмадингми? Нима, озодликда миянгга қурт тушиб қолдими?

— Ҳақорат қилманг, начальник! — дедим бўш келмай. — Мен ҳақоратларга кўникмаганман.

— Нима?

Подполковник бу гапимдан сўнг даст ўрнидан турди-да, югурганча келиб қаршимда ҳозир бўлди.

Унинг лаблари учиб, тишлари такиллаб кетаётганидан дўппослашга тайёр турганини пайқаш қийин эмасди.

— Шунақами ҳали? — бақирди у титроқ ичида. — Ҳали гап кўтармайдиган ҳам бўлиб қолдингми сен каллакесар, ўғри?.. Йў-ўқ… Адабингни бераман. Шундай аҳволга соламанки, туғилганингга минг пушаймонлар ейсан! Конвой!..

Шу заҳоти остонада икки аскар қўлларида қурол кўтарган ҳолда пайдо бўлишди.

— Буни газли карцерга қама! Бир ҳафтагача чиқмасин!

— Олдин нега турмадан чиқиб кетганим сабабини сўрамайсизми? — дедим капитан томон бир қараб олиб. — Мен ўзбошимчалик қилган эмасман.

— Нима?.. Вей, сен ким билан гаплашаётганингни биласанми ўзи? — баттар тутоқиб кетди бошлиқ.

— Биламан. Шунинг учун ҳам сизга бор ҳақиқатни айтмоқчиман.

Бу гапимни эшитиб, Толян сал қурса ўрнидан туриб кетаёзди.

— Ҳа-а, ҳақиқатни айтмоқчиман дегин? — сал ўзини босиб олиб сўради бошлиқ. — Хўш, нима экан ўша ҳақиқатинг?

— Мен манави капитаннинг буйруғи билан кетган эдим.

— Вей, нима деб валдираяпсан? — капитан кутилмаган гапдан сапчиб турди-да, югура келиб ёқамдан олди.

— Ҳа, шу одамнинг буйруғини бажардим. Биласиз, бу кишининг хотинчаси жуда келишган жувон. Озодликда бир эркак ўша аёлга сал ортиқчароқ гапириб қўйган экан. Капитан шу муаммони ҳал қилиб келишимни сўради.

— Аблаҳ!.. — хириллаб ёқамни қаттиқроқ чангаллади капитан. — Ҳозир… Ўлдираман!..

— Капитан, ўзингизни босинг! — деди бошлиқ. — Билиб турибман, бу ишда сизнинг айбингиз йўқ. Буни манави иккаласи ўйлаб топган бўлиши керак. Конвой! Олиб чиқинг бу нусхани!

— Ўзингни бос, начальник! — шу пайт Толян ўрнидан туриб кетди. — Бу ишинг бизга маъқул эмас. Агар ҳозироқ буйруғингни бекор қилмасанг, ҳамма аристонларни оёққа турғазаман. Очлик эълон қиламиз.

Хабарим йўқ эди. Турма бошлиғи аристонларнинг тўполон кўтаришлари-ю, очлик эълон қилишларидан қўрқишини тасаввур ҳам этиб кўрмаган эканман.

Толяннинг сўнгги гапи бошлиқни конвойга «кетавер» ишорасини қилишга ва қайтадан жойига ўтиришга мажбур этди.

— Тағин эски ашулангни айтмоқчимисан? — бирмунча босиқлик билан сўради у Толяндан.

— Нима қилай? — деди Толян. — Бу аристон менинг яқин дўстим. Қолаверса, бу ерда адолатсизликка йўл қўйиляпти. Капитан жўнатди деган гапга ишонмаяпсиз. Фақат аристонни айбдор қиляпсиз. Шундай бўлгандан кейин биз қараб тура олмаймиз.

Бошлиқ бирпас ўйланиб турди-да, яна конвойни чорлади.

— Буни олиб бориб оддий карцерга қама! Бир ой ўша ерда ётади!

— Ҳечам-да! — бўш келмади Толян. — Уни ўзининг камерасига олиб борсин. Акс ҳолда…

— Майли, майли, кўндирдинг! — деди бошлиқ. — Фақат айтиб қўяй, шундан кейин ҳам бир балони бошлайдиган бўлсанг, мендан ўпкалама!

— Аристонлар гапига жавоб беради. — дея менга билинар-билинмас кўз қисди Толян. — Улар ментлар каби ноғорачи эмас!

Мен конвой етагида камерам томон йўл олдим. Кўнглим шу тобда ҳайтдагидек шод эди.

Чунки, биз мутлақ ғолиб бўлган эдик.

* * *
Турма бошлиғи билан бўлиб ўтган суҳбатдан кейин Толяннинг менга ишончи ортди. Энди мен ҳам ўрмон кесишга чиқмайдиган, баракда қолиб арзимаган ишлар билан шуғулланадиган бўлдим. Асосий ишим эса аристонлар ўртасида ички тартибни сақлаш ва улар орасида ўзаро келишмовчиликларнинг олдини олишдан иборат эди. Бундан ташқари кўпчилик аристонларнинг гапи билан «обшак»даги пулларнинг ҳисоб-китоби ҳам менга топширилганди. Панжара ортидаги қора кунларим ортда қолганидан суюниб, энди ўзимга кела бошлаганимда қўққисдан ярим тунда назоратчи мени уйқудан уйғотиб Толяннинг камерасига олиб борди. Ўғрибоши каравотнинг бир четида маъюс ўтирар, чўзиб-чўзиб сигарет тортарди-да, ҳар тутун чиқарганда оғир уфлаб оларди. Мени кўриши билан сигаретини ўчириб, қўли билан курсига имо қилди.

— Яширмайман, — деди ғамгин оҳангда Толян, — Сен мени деб ўзингни душман ўқига тутиб бердинг. Қайтмаслигингни, тартибли ўғрибошиликка муносиб эканингни исботладинг. Аслида ўша ишга Давиднинг ўзини юборсам ҳам пулимни ундириб кела биларди. Сени шу йўл билан яна бир карра текшириб олишни ихтиёр қилгандим.

— Биласан-ку, Толян, — дедим азбаройи қувонганимни яшира олмай жилмайиб, — Сен учун ҳар қанақанги мушкул ишга ҳам тайёрман. Мен учун ишнинг қийинлиги заррача аҳамиятга эга эмас, муҳими, йигит киши ваъда бердими, сўзининг устидан чиқиши керак. Мен ана шу қоидага амал қиламан.

— Мана шу феълинг учун ҳам сени ҳурмат қиламан-да, Бургут! Айниқса, озарбайжон бобойникидаги разборингни эшитиб тан бердим сенга. Ҳақиқий эркак, тартибли аристонлар шундай йўл тутишади. Фақат…

Толян қўл силтаганча ўрнидан туриб кетди.

Бир муддат камера даричасидан ташқаридаги чироқ нурида жилваланганча ерга тушаётган қор учқунларига тикилиб қолди. Мен индамасдан унинг нима дейишини кутдим.

— Кел, аввал қиттай-қиттай олайлик! — Толян камера эшиги рўпарасида унинг кўрсатмасини кутаётган калбош аристонга имо қилди. — Қуй коньякдан!

Аристон ликиллаганча келиб иккита темир кружкага коньякдан яримлатиб қуйди ва навбатдаги буйруқни бош эгган кўйи кута бошлади.

— Жойингга бор! — деди Толян унга қовоғини уйиб. — Чақирганимда келасан. Хўш, Бургут, кел, сенинг саломатлигинг учун оламиз!

— Нимадир демоқчи бўлгандинг чоғи, — дедим Толяндан кўз узмай.

— Ҳа, сенга бир хунук хабарни етказиб қўйишим зарур эди.

— Нима бўлди? — сўрадим кўнглим ғаш тортиб. — Тинчликми?

— Йўқ. Тинчлик бўлганда сени бу тахлит кутиб олмаган бўлардим, — деди Толян. — Биласанми, анави ментлар бизни, барибир, тинч қўйишмайдиган кўринади.

— Нега? Тунов кунги гапинг кор қилмабдими?

— Масала бошқа ёқда. Билишимча мени бу ердан бошқа жойга ўтказишмоқчи. Мен кетсам, ўрнимга ўзларининг йўриғига юрадиган бирор кишини қўйишлари тайин. Бу бир. Иккинчидан, мен кетганимдан кейин сен ҳам бу ерда кўп яшамаслигинг аниқ. Чунки уларга сенга ўхшаган орияти баланд, ғурурли аристонлар ёқмайди.

— Шунақа дегин, — Толянга қаттиқроқ тикилдим, — Демак, ментлар ўзларидан хавотир ола бошлашибди-да…

— Лекин сен унчалик хавотир олма, — давом этди Толян, — Мен ҳам қараб ўтирганим йўқ. У ёқдаги братваларга маслаҳат солдим. Улар бир қарорга келишиб, ментлар орасидаги дўмбирачилариниям огоҳлантиришди.

— Хўш, нима қиладиган бўлишди?

— Хуллас, ҳозирча сени карцерга қамашади. Бу сени аристонлар назаридан узоқроқ тутиб туришнинг бирдан бир йўли. Лекин ҳали айтганимдек, ҳеч нимадан хавотир олма: сен бизнинг ҳимоямиздаги одамга айландинг. Энди бизнинг тартиб-қоидаларга амал қиласан! Борди-ю, ментлар билан ош-қатиқ бўладиган бўлсанг ёки бирор жойда хол қўйсанг, унда нафақат ўзингга, балки сени авторитетларга тавсия қилганим учун мени ҳам ташвишга қўйган бўласан. Шунинг учун бундан бу ёғига гапирадиган ҳар бир ишингни обдон торозига солиб кейин гапир, ҳатто ташлайдиган қадамингни ҳам ўйлаб бос. Хуллас аристонлар орасида обрўга рахна соладиган ҳаракатлардан тийил! Сенга бундан кейин тўғридан-тўғри йўл-йўриқ ҳам, маслаҳат ҳам бера олмайман, хабарлашиш фақат қамоқхона почтаси орқали бўлади энди…

— Шунақа гаплар дегин, — дедим бу гапларни эшитиб. — Лекин…

— Лекин-пекинингни қўй. Бу ёғига кўп нарса ўзингга боғлиқ. Нима бўлгандаям, Бургут, сендан илтимос, жонингга жабр қилма. Кейин турма маъмурияти билан кўп ҳам нифоққа бораверма. Уларни биласан-ку, аяб ўтиришмайди. Айниқса, қаршилик қилганларни ими-жимида ўлдириб юборишдан ҳам тап тортишмайди.

— Балки, мени ҳам бошқа турмага ўтказиб юборишар? — умид билан сўрадим Толяндан.

— Буниси менгаям қоронғи. Ишқилиб, қаерда бўлсанг-да, соғлиғингга беэътибор бўлма. Кейин муроса билан битадиган ишни ҳеч қачон уриш-жанжал ёки бировнинг бурнини қонатиш билан ҳал этма! Негаки, эрта бир кун ноҳақ урилган бир мушт учун ҳам жавоб беришга тўғри келиб қолиш мумкин. Бундай ҳолатларда омон қолишингга ҳеч ким кафолот бера олмайди.

— Толян, чин дилдан бераётган маслаҳатларинг учун сендан миннатдорман. Ваъда бериб айтаманки, ўзимнинг ҳам, сенинг ҳам номингни қора қиладиган, обрўйингга рахна соладиган ишларни қилмайман.

— Биламан, Бургут, сен бир сўзли йигитсан, — кулди Толян. — Айтганча, мен ҳам сенга бир ваъда бериб қўйгандим, ёдингдан чиққани йўқми?

— Керакли одамлар билан гаплашиб, сенга туғилиб-ўсган юртингдан ҳовли сотиб олганман. Воляга чиққанингдан кейин Давидга учрашиб, қолган масалаларни у билан гаплашасан. Ҳа, яна бир нарсани айтишни унутаёзибман: аёллардан сал узоқроқ юр!

— Хўп, Толян, сен нима десанг шу, — кулимсирадим.

— Мен кетганимдан кейин бу ерда бир кўнгилсизлик бошланишини сезиб турибман, шунинг учун ҳар дақиқада ҳушёр тур.

— Хўп бўлади, Толян!

Биз қадрдонларча қучоқлашиб хайрлашдик.

* * *
Орадан икки кун ўтиб чиндан ҳам Толянни бошқа муассасага ўтказишибди. Бунинг хабарини карцердалик чоғимда етказишди. Ўғрибоши айтганидай, мени ҳеч бир сабабсиз ўн беш кун муддатга карцерга ташлашганди.

Ҳар сафаргидек бу гал ҳам карцерда вақт ўтказишнинг ўзи бўлмади. Чунки тик туриб ухлаганинг озлик қилгандай, бу ерда кунлик овқатдан ҳам маҳрум этишар, кунига бир мартагина суви қочган қора нон билан сув беришарди. Карцерга тушганидан сўнг орадан ҳеч вақт ўтмай аксарият маҳбуслар кун билан тунни адаштириб қўйишади. Менда ҳам шундай бўлди. Карцернинг бетон деворига аниқ нечта чизиқ тортганим ёдимда йўқ: тўртинчи ёки бешинчи куни бошим гир-гир айланиб, ҳушимдан кетдим…

Қамоқхона шифохонасида ўзимга келдим. Аммо анча пайтгача қаерда эканлигимни хотирлай олмай палатанинг оппоқ шифтига кўз тикиб ётдим. Шу пайт йўлакда гаплашаётганларнинг овози келди.

— Омади бор экан йигитнинг, агар яна бир-икки кун ётганида тўғри моргга жўнатиб қўя қолишарди.

— Нима каромат кўрсатган экан, бунча азоб беришибди?

— Аниғини билмадим, эшитишимга қараганда роса уришқоқ, кейин гапидан қайтмайдиганлар хилидан эмиш. Келганига ҳеч вақт бўлмасдан унча-мунчанинг оғзига тушиб қолган. Ҳатто уни бечора Толян ҳам ҳурмат қиларкан.

— Тушунмадим, нега энди уни «бечора Толян» деяпсан?

— Ие, ҳали энг катта янгиликдан хабаринг йўқми?

— Ичимни қиздирмасдан тезроқ айта қол, Саша, унга нима бўпти?

— Кеча турма бошлиғи спирт олишга кирганди. Айтишича, янги борган ерида Толянни чавақлаб ташлашибди. Гап-сўзларга қараганда, уни ўша ёққа ўлдириш учун ўтказишган экан.

— Демак, яна «уй»да тўполон бошланаркан-да!

— Мен бундай деб ўйламаган бўлардим, чунки унинг ўрнига аллақачон одам тайинлаб қўйишган…

— Ишқилиб сал одамгарчилиги бор эканми?

— Кулгимни қистама! Ўғри, каллакесар, товламачи-ю фирибгарларда одамгарчилик бўлади, деб эшитган жойинг бормиди?..

Йўлакдаги суҳбат шу ерга етганда мени беихтиёр қаттиқ йўтал тутди ва уларнинг гапи нима билан ниҳоя топганини англолмай қолдим. Лекин билганларим ҳам даҳшатга тушишим учун етарли эди. Чунки эшитганларимдан Толяннинг аянчли ўлим топгани билиниб турарди.

Йўталим бироз босилар-босилмас хона эшиги очилиб, ичкарига икки аристон кириб келди. Уларнинг бирини аввал қаердадир кўргандай эдим-у, аммо хотирам панд бериб қай шароитда учрашганимизни эслай олмадим. Иккинчисини эса, умуман, танимасдим.

— Қани қаҳрамон, сал ўзингга келиб қолдингми? — дағал овозда сўради аристонлардан бири.

Унинг бу гапидан кейин баданимдан совуқ тер чиқиб кетди. Чунки бу икки нухсанинг бу ерга мендан ҳол-аҳвол сўраш учун келмагани юз-кўзидан сезилиб турарди.

— Шунақа шекилли, ҳарқалай ўзимни кечагидан анча яхши ҳис қиляпман, — ҳазил билан жавоб қайтармоқчи бўлдим.

— Тезроқ соғайгин, — хунук тиржайди дағал овозли «меҳмон». — Тўшакда ётган одам билан муштлашишни хоҳламайман…

— Лекин бунга ўхшаш кеча қамоққа келиб, эртаси куниёқ ўзининг тартибини ўрнатмоқчи бўлганларни касалига ҳам қарамасдан тинчитиш керак, токи бошқа муштига ишонадиганларга ўрнак бўлсин!

Шундай дея иккинчи аристон гапга қўшилди. Уларнинг мақсадини англаган бўлсам-да, жавоб қайтармадим. Чунки бу аҳволда муштлашишга тўғри келиб қолса, таъзиримни ейишим кундай равшан эди. Шу сабабли гарчи жуда оғир ва ҳақоратли бўлса-да, бу икковининг гап-сўзларига чидашга тўғри келади.

— Сенга юлдузни бенарвон урадиганлардан деб таъриф беришганди. Афтидан роса қўшиб-чатишган кўринади, — истеҳзоли кулимсираб деди биринчи бўлиб гап бошлаган аристон. — Айтгандай, лақабингни Бургут дейишганди, қуш юрак билан қандай қилиб бундай ном олганинг мени ҳайрон қолдиряпти, аслида сендақа бировнинг ортидан иш кўриб, осмонда учиб юрадиганларнинг ҳаммасига бир қилиб Чумчуқ деб исм бериш керак. Нима дединг, Жора?

— Албатта-да! Мен бизга шу ишни таклиф этишгандаёқ бунинг қуёнюраклигини билгандим. Қара, бизларни кўрди-ю, иштонини ҳўллаб қўйди. Хо-хо-хо! — бор овозда бўхшов кулди Жора.

Унга шериги жўр бўлди.
(давоми бор)

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қамоқхонада кўрган - кечирганларим... (27-қисм)