Ирим-сиримлар, фолчилар-у башоратчиларга қаттиқ ишонувчилар орамизда талайгина (айниқса, аёллар). Қаттиқ тушкунлик ёки қўрқув пайдо бўлди дегунча, уларни фолбинлар қаршисида кўрамиз. Бунга эътироз билдирсангиз ўзларини «Фолга ишонма, фолсиз юрма», — деган ибора билан оқлайдилар. Мулоҳазамиз давомида бу иборанинг қанчалик ҳақиқатга яқин ёки йироқлигига ўзингиз ойдинлик киритасиз.
Ён қўшнимиз Хуршида опа фол очарди. Фақат пайшанба куни демаса, деярли ҳар куни уйининг олди одамлар билан гавжум. Бири қўй, иккинчиси эчки етаклаб келган бўлса, яна бошқаси товуғини қучганича навбатини кутарди. Авваллари эътибор қилмасдим. Лекин бора-бора нима учун одамлар фолга қаттиқ ружу қўйганлигига қизиқишим ортиб борди. Бир томондан, «Ахир бу нарсанинг динимизда қораланганини ҳамма билади-ку, нега яна одамлар бундан қайтишмайди?» — деган савол пайдо бўлса, бошқа томондан, улар шунча харажат қилиб нима юмушлар билан келганига ҳайрон бўлардим. Ахийри буни келганларнинг ўзидан сўраб, жавоб олишга қарор қилдим.
Уйимизни битта девор ажратиб турса ҳам кўчамиз бошқа-бошқа. Ромчи опанинг кўчасидаги уйларда ичимлик суви чиқади, бизда эса йўқ. Шу баҳона билан қўшни ҳовлига йўл олдим ва сувнинг жўмрагини гўёки кам келаётган каби жилдиратиб қўйиб, келганларга разм солдим. Эътиборимни тортгани, нуроний онахон ва унинг ёнидаги ёшгина чиройли қиз бўлди. Қўлида оқ мато. Узум емоқчи бўлиб аста уларнинг олдига яқинлашдим.
— Ассалому алайкум. Момо, узум енг.
Ғарқ пишган бир бош узумдан ювиб узатдим.
— Ва алайкум ассалом. Раҳмат, қизим, емайман.
Кейинги гапимни анчагина шошиб гапирибман чамамда «Момо, нимага оқ мато олволгансиз?» — деган саволимга қошларини чимирганича «Бахт очириқ қилдирмоқчимиз», — дея терс қараб олди.
— Кимни?
— Фолчи аёлга ким бўласиз?
Жавоб ўрнига берилган бу саволдан сал довдираб қолдим-у, сездирмасликка уриниб, «Синглисиман. Жиянларимга қараб туришга келганман», — дегандим, онахоннинг чеҳраси ёришди. Олдида турган кўҳликкина қизга ишора қилиб, дилдан гапира бошлади:
— Ҳа-а, қизим, биз ҳам ташвиш билан юрибмиз-да. Шу кичкина набирамнинг ҳеч бахти очилмайди-да. Опангизни «Йўл очириқ», «Бахт очириқ» қилади, қилгани тезда амалига тушади», деб эшитгандим, набирамни олиб тўғри келавердим.
— Ҳмм, шунақа денг. Нечинчи йил набирангиз?
Момонинг жавобини эшитиб, ҳайратим икки карра ошди. «Тавба, эндигина 19 га кирган қиз бўлса «бахти очилмаяпти», дегани нимаси? Ёшларни-ку ёш дейсиз, аммо кексалар…»
Шундай қилиб келганлардан бири бахт очиришга, бошқаси эса фолчи опага шогирд тушгани (бошқачасига «қўл олиш» деса ҳам бўлади), яна бири бетоб бўлиб қолгани учун келган экан.
Ҳикояга уч йилдан ортиқроқ вақт ўтди. Жамият, инсонлар дунёқараши ўзгарди. Давосиз бўлган кўп касалликларнинг шифоси аниқланди. Лекин фолчи, башоратчиларга ишонувчиларнинг сони ортса ормоқда-ки, камайгани йўқ. Оғирроқ хасталикка чалинган борми, иши юришмай турганларми, ҳамма-ҳаммасининг хаёлига биринчи ўринда иссиқ-совуқ қилувчи, фолчи ёки башоратчига бориш келади.
Ромчи қўшнимиз эса пойтахтга кўчиб кетганига икки йил бўлди. Бошқа қўшнимизнинг айтишига қараганда, у Тошкентдаги уйини ҳам фолчилик қилиб топган даромадига олган экан. Ҳозир эса аввалгидан ҳам машҳур бўлиб кетганмиш.
Мана, бугун ҳам мавзуга қайтадан юз тутмоқдамиз. Дин пешволари ва руҳшуносларга ҳаётимизда учраган воқеаларимиз асосида савол бериб, жавобини сиз билан баҳам кўрамиз.
Биламиз, фолчиларнинг иш усули ҳам турлича бўлади. Кимдир кафтингизга қараб, кимдир пулга, расмга, доирага, ўзингизга қараб тақдирингизни кўриб беради. Ҳозирги технологиялар ривожланган бир паллада эса на расм ва на кафтга эҳтиёж бор. Телефонда туриб исмингиз ва ёшингизни айтсангиз, бас. Бир маромида ўтмиш ва келажагингиз ҳақида ҳикоя қилишади. «Жа-а-а оласан-да гапни, дейсизми?» Ишонинг, «Водийда кучли фолбин бор, телефонда туриб ҳам фол очар экан», дея эшитганмида мен ҳам худди сиздек ўйлаганман. «Тавба, қўл ҳақи олмаса ҳам кимга зарур экан фол очиб?» деганимда «Нега энди қўл ҳақи олмас экан? Телефонига пайнет қиласан, кейин фол очади», — деган жавобни олганман.
МАСОФАДАН ТУРИБ ФОЛ ОЧИШ
Фолчи опага қўнғироқ қилдим. Салом-аликдан сўнг «Сизнинг Тошкентда мижозларингиз кўп экан, менга мақташди. Фолингиз тўғри чиқар экан. Менгаям фол очиб қўйинг. Бизнес қилмоқчиман, ҳеч омадим кулмаяпти. Нима қилсам ишларим юришиб кетаркан», — дедим.
Аммо фолчи опа бу пайтда фол очолмас экан. Соат 3 ларда телефон қилишимни сўради.
— Хўп бўлади. Ҳа-а, айтгандек, опа, телефонингизга пайнет қилиш керакмикин?
— Ҳа-а, беш минг пайнет қиласиз.
Ўша куни ромчи опанинг телефон рақамига пул ташладим-у қўнғироқ қилдим. Исмимни сўради, айтдим.
— Бошингиз оғрийди. Кечалари қўрқиб чиқасиз. Бахт йўлингиз ҳам, иш йўлингиз ҳам боғланган. Қандайдир яқин қариндошингизнинг қизи билан айтишиб қолгансиз, ўша қариндошингиз бойлов қилга сизга.
— Во-о-о-й! Йўғе-е-е!? Опа ҳалиги айтганим, бизнесимни кўринг. Нима қилсам бўлади? Ўзи шу бизнесни ташласамми-а?» — дея маслаҳат оҳангида сўрайман.
— Сизни қоғозли иш қилади, деб кўрсатяпти менга. Иш излаяпсиз. Бу ҳафта эмас, кейинги ҳафтадан ишга жойлашасиз.
— Тижоратим гуллаб кетаркан-да! — ўзимча хурсанд бўлиб гапирдим.
— Йўқ, тижорат иши эмас. Қанақадир оқ кийим кийиб ишлайсиз. Шифохонага ишга кирарсиз, балки. Узу-у-ун зал кўриняпти. Қоғоз билан иш қиласиз, лекин бизнес эмас.
— Атта-а-анг! Бизнесим нима бўлади энди?
— Айтяпман-ку, йўлингиз боғланмаса унақа бўлмайди. Ана шунинг учун очириш керак бойловларни. Истасангиз, ўн битталик ўқишларимиз бор, чироғи билан. Исириқ, шакар қилиб, расмингизни юборсангиз, ўқиб қўямиз. Бунга ҳафсаласизман, десангиз, «имо»дан расм ташласангиз ҳам бўлади. Кейин бизнесда омадингиз чопиб, бахтингиз очилиб кетади. Бунақа қилиб юраверсангиз, қора-оқ аралашиб, ҳеч бир ҳаракатингиз удачний бўлмайди.
— Яхши бўларди ўқиб қўйсангиз, фақат узоқда яшаркансиз, Интернетдан расм юбориб қўярман.
— Ҳа, майли, унда шунақа қилинг.
Суҳбатга якун ясамоқчи бўлиб, ижтимоий тармоқлар орқали «сервис» неча пул туришини сўрадим.
— 150 минг.
(Тўловлар клик орқали амалга оширилади)
Башоратдаги деярли барча гаплар умумий жумлалардан иборат. Қоғоз билан ишлашим нисбатан реалликка яқин бўлиши мумкин, лекин деярли барча ишда қоғоз-қалам керак-ку, тўғрими? Фолнинг тўғри-нотўғрилигини ҳам бир четга қўйиб турайлик. Энг ёмони нима билсизми? Энг ёмони ромчининг сўзларида қариндош-уруғчилик муносабатларига путур етказувчи жумлаларнинг борлиги. Боашорат нафақат совуқчилик пайдо бўлишига, балки инсонда гумон уйғотиб муқаддас динимизда тақиқланган фол очиришдек гуноҳнинг изидан гумон қилишдек иккинчи гуноҳга олиб келади.
ФОЛДАН ҚАЙТИШ ҚАЧОН БОШЛАНАДИ?
Шу ўринда психология фанлари номзоди, доцент Лутфулла ТУРСУНОВни суҳбатга чорлаб, у кишига бир нечта саволлар билан мурожаат қилдик.
— Фолбинларнинг ютуғи нимада?
— Уларнинг биринчи ютуғи, ёнига келган мижозни эшитиб, унга нима керак бўлса ўша нарсани маслаҳат беради. Табиийки, бу маслаҳат муаммога дуч келган одамга ёқади. Иккинчидан, фолбин ва башоратчилар одамларни келажакка ишонтира олади. Учинчидан, улар нимагадир йўналиш беради. Ўша йўналишга тўсиқ бўлиши мумкин бўлган предмет ёки шахсни айта бошлайди. Тўртинчидан, улар инсоннинг ишончига кириб олади ва улардан информацияни қабул қилиб, қайта ишлаб, яна ўзига қайтаради.
— Кўпроқ қайси ёшдаги инсонлар фолга мурожаат қилишади?
— Фолга асосан, аёллар кўпроқ мурожаат қилишади. 40-45 ёш оралиғидаги аёлларимиз фолга ишониш бўйича етакчи ўринда. 18 ёшгача бўлган қизларимиз фолдан қочишади. 60 ёшдан ўтгандан сўнг фолдан қайтиш даври бошланади. Кўриб турганингиздек, 45-60 ёш орасида бу нарса кучаяди.
— Фолчи ва башоратчи ўртасида қандай фарқ бор?
— Фолчи ўтмишингиздан келиб чиқиб, хаёлан келажак яратиб беради ва ҳозирги вақтингиз ҳақида гапиради. Фол фақат Шарқ мамлакатларида очилади. Башоратчи сизнинг орзуларингиз ёки интилаётган нарсаларингизни билиб олиб, ўшани ўзингизга қайтаради. Кўпинча эркаклар ўзларини фолчи дейишмайди. Воқеаларни олдиндан кўрувчи ёки башоратчи дейишади. Баъзида фолбинларнинг айтган гаплари тўғри бўлиб чиқади.
ДИНИЙ ИЗОҲ
Фол очиш ҳам, уларнинг гапларига ишониш ҳам куфр. Башоратлар орасида тўғри жумлаларнинг борлигига изоҳ Имом Бухорий ва Имом Муслим ривоятларида келтириб ўтилади. Пайғамбаримиз Муҳаммад саллоллоҳу алайҳи васаллам: «Фолбинларнинг баъзида ҳақ гапни айтиб қолишларининг сабаби шуки, жин гапларни ўғринча олиб фолбинларнинг қулоғига қуяди. Фол унга юзта ёлғон қўшиб гапиради», деганлар.
ФОЛБИНЛАРГА ЖАЗО БОРМИ?
Албатта. Фолчиларнинг ёлғонига учиб, моддий зарар кўрганлар ҳам орамизда кўплаб топилади. Шундай эмасми?
Шу ўринда Ўзбекистон Республикаси Жиноят Кодексининг 168-моддасида фирибгарлик, яъни алдаш ёки ишончни суиистеъмол қилиш йўли билан ўзганинг мулкини ёки ўзганинг мулкига бўлган ҳуқуқни қўлга киритганлик учун жазо белгиланганини таъкидлаш зарур. Яъни бундай ҳаракат учун инсон энг кам ойлик иш ҳақининг эллик бараваридан юз бараваригача миқдорда жарима ёки икки йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки бир йилдан уч йилгача озодликни чеклаш ёхуд уч йилгача озодликдан маҳрум қилиш билан жазоланиши белгиланган.
Бу каби найрангларга алданиб қолмаслигимиз учун аввало, огоҳ ва ҳушёр бўлишимиз ва ўз ўрнида ҳуқуқий саводхонлигимизни ҳам ошириб боришимиз зарур.
Мақолани бежизга қўшни фолбиндан бошламадик. Хулосамизни ҳам шу билан якунлаш ниятимиз бор. Фол очиш ва фолчиларга мурожаат қилиш оғир гуноҳлигини инкор қиладиган одам орамизда топилмаслиги турган гап. Ҳа, бу нарса кичиклигимиздан онгимизга сингдирилиб келинади. Аммо суст эътиқодимиз гуноҳдан тийилишимизни таъминлай олмаяпти.
Фолбиннинг уйига қўй етаклаб, товуқ кўтариб келгунча, касал одамлар шунча пулни дори-дармон ва шифокорларга сарфласалар ҳам фолбинлар қиладиган ирим-сиримларсиз даво топиб кетади. Битта қўйнинг пулига фарзандларингиз учун усти-бош ёхуд витаминларга бой озиқ-овқат харид қилиш имконингиз бор. Витамин ва калорияларга бой овқат есангиз, табиийки, касал бўлмайсиз. Қўй ҳам оилангизга қолади. Сиз ҳам фолбин ҳам гуноҳдан тийилганингиз эса бебаҳо фойдадир.
Бахт очириқ қилишга ёшларни етаклаб юришнинг ўрнига уларга Аллоҳга чин дилдан ихлос қилишни ўргатсак, изимиздан дуолар қиладиган авлодларни қолдириб кетган бўламиз. Бу фойдагина эмас, икки дунёга тенг саодат беради.
Вазира ЭГАМБЕРДИЕВА
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади