Насиба дўконига келиб энди Ноиланинг ҳисобларини тинглаб, зарур топшириқлар бериб бўлганди. Негадир кўнгли айний бошлади. Хавотири ортиб бир неча маротаба ваннахонага ҳам кириб чиқишга улгурди. Ҳадеганда кўнгил айниши пасанда бўлавермагач, сақич чайнаб кўрди. Сал ёрдам бергандек туюлди. Шу пайт эшик оҳиста тақиллаб, ичкарига тоғаси Нормат полвон кирди. Унинг қовоқлари уйилган, тушкун кайфиятда эди.
— Ассалому алайкум, тоғажон! — Насиба даст ўрнидан туриб тоғаси билан кўришди-да, ўтиришга таклиф этди. — Нега кайфиятингиз бузуқ, тоға? Тинчликми?
— Тинчлик, тинчлик, — деди Нормат полвон уф тортиб. — Халоскоринг кўринмайди?
— Тоға, ҳалиям шубҳаланаверасиз-а Билолдан! У яхши инсон. Нега ишонмайсиз унга?
— Билмадим, нимагадир ўшанингни кўрсам, асабим бузилаверади. Бунга асосим ҳам бор.
— Нима асос? Қанақа асос? Нима айб қилдики, хуноб бўляпсиз?
— Жияним, сен менга ўз қизимдайсан. Буни биласан. Опам ҳам яхши билади. Сен қийналсанг, сенга азоб беришса, менинг жоним оғрийди.
— Биламан, — деди кулимсираб Насиба. — Менга ёмонлик қилмаяпти-ку Билол! Ўқишини ўқийди, келиб менга ёрдамлашади. Бунинг нимаси ёмон?
— Сен пулгаям ўшани аралаштириб қўйганмишсанми? Нега? Ахир, бу пул-ку!
— Вой, тоға, бўлди-да энди! Бир оиламиз, баъзиларга ўхшаган наркоман, пиёниста ё ўғри бўлсайкан, ишонмасам! Туппа-тузук одам бўлса…
— Очиғи, сенга бу гапни айтмоқчимасийдим. Мана шу тобдаги соддалигинг мажбур қилди. Энди айтаман.
— Нимани айтасиз?
— Кеча Билол уйга соат нечада келди?
— Кеча адашмасам… Кечаси ўн иккиларга яқин келди. Нимайди?
— Сен қаерда юрганини суриштирдингми?
— Қаерда юрарди? Дўконда бўлган. Ноилага ёрдам берган. Буни аниқ биламан.
— Ноиладан сўрадингми дўкондан соат нечада чиқиб кетганини?
— Йўқ, нега сўрашим керак?
— Мана шуни бекор қипсан. Сўрашинг керак эди.
— Нима бўлди ўзи? Тушунтириброқ гапирсангиз-чи! Ўзи шундоғам эрталабдан бери кўнглим айниб турибди. Айтинг, тоға!
— Кеча Билолинг Фурқатминан бирга ресторанда ўтирганди, — деди Нормат полвон афтини бужмайтириб. — У душманингга дўст бўлиб юрибди. Сен бўлсанг, кўрмаяпсан, эшитмаяпсан. Мундай орқасидан одам қўйсангам зиён қилмасди. Хўш, нега Фурқатминан топишди? Муддаоси нима?
Насиба бундай хабарни сира кутмаганди. Дарров ранги ўзгариб, қўлига телефонини олди-да, Билолга қўнғироқ қилишга тушди.
* * *
Қайғу ва қувонч ёнма-ён юради деб беҳуда айтишмас экан эскилар. Насибанинг кўнгли тоғаси чиқиб кетгандан кейин баттар ғашланди. Шу ғашлик исканжасида йўлнинг нариги юзидаги полииклиникага кириб кўнгли айниш сабабини билишга ошиқди. Таниш врач аёл унга бир қаради-ю, зудлик билан гинеколог қабулига олиб кирди…
Насиба ҳомиладор экан.
Бу ростакам бахт эди.
Насиба бир муддат бўлсин Нормат полвоннинг гапларини ҳам унутиб бу хушхабарни тезроқ ким биландир баҳам кўргиси келди. Аммо Билолга айтишни хоҳламасди. У кўз ўнгида гавдаланди дегунча Фурқат билан чақчақлашиб ўтиргандаги ҳолати ғойибона хаёлида чарх ура бошлади.
— Ҳозир келсин, — деди кабинетига кириб курсига чўкаркан. — Душманим билан чақчақлашишни кўрсатиб қўяман унга! Ярамас, ҳа, ростданам… Муддаоси нима ўзи? Мени банкрот қилиб қочишми?.. Йўғ-э, жа унчаликмасдир. Тасодифан кўришса кўришгандир ўща маразминан. Ё атайин мен билан яшаётганини айтиб мақтаниш учун ўзи чақиргандир?!. Ҳа, мен Билолга ишонаман. Ҳали келсин, ҳаммаси равшан бўлади…
Шу кўйи ярим соатча қимирламай ўтирди. Қувончли хабарни Ноила билан баҳам кўргиси ҳам келди. Лекин фикридан қайтди. Бу хабарни биринчи бўлиб Билол эшитишини истади.
Ниҳоят кабинет эшиги йўлига бир-икки тақиллади-ю, ичкарига Билол кирди.
Насиба атайлаб қовоғини уйиб олди. Шу йўл билан эрининг юз тузилишидаги ўзгаришни аниқлаб олмоқчи бўлди.
— Нима бўлди? — кела солиб Насибанинг икки елкасидан тутди Билол. — Нега рангинг оқарибди? Тинчликми?
Насиба олдинига Билолга жиддий, сирли тикилиб қаради. Кўзлари ўша-ўша самимий, сирлилик, алдов, фириб ва совуққонликдан асар ҳам кўринмайди. Шу нарса Насибанинг кўнглига таскин бериб жилмайди.
— Хотинингизнинг кўнгли айниб ўлай десаям мундай хабарлашай демайсиз-а, — ўпкаланган бўлди эркаланиб. — Эрталабдан бери ваннахонага қатнайвериб тинкам қуриди-ку!
— Худо асрасин, — унинг сочларини силаб пешонасига пешона тиради Билол. — Дўхтирга чиқмадингми? Ана, рўпарамизда-ку дўхтир!
— Чиқдим ўша дўхтирингизга!
— Хўш, нима деди? Дори ёзиб бердими?
— Йўқ.
— Ие, нимага?
— Дори ичиш мумкинмасакан.
— Оббо, дўхтирларнинг шу гапига ишониб ўтирибсанми? Юр, бирор профессорга бориб текширтирамиз!
— Бормайман.
— Нега бормайсан?
— Хоҳламайман.
— Уф-ф… Жа қайсарсан-да ўзингам! Бирор еринг оғриётган бўлса, бу тахлит ўтиришинг яхшимас, Наси!..
Насиба эрининг бу қадар куйинчаклигидан, ўзи ҳақида қайғураётганидан беҳад мамнун бўлиб кетди.
Ортиқ чидаб ўтира олмасди.
Айтди.
— Мен ҳомиладор эканман.
— Нима?..
Билол кутилмаган хабарни эшитганданоқ беихтиёр ўрнидан туриб кетди.
— Нима дединг? — такрор сўради кўзлари чақнаб. — Яна бир марта қайтаргин!
— Сиз ота бўласиз. Тушунтира олдимми?
— Ростданми? — ўзи билмаган ҳолда бақириб юборди Билол. — Айт, сени ҳозир кўтариб олиб дўкон ичкарисини айлантирсам ҳеч нима қилмасмикан?
— Жинни бўлманг, — деди Насиба бош чайқаб. — Кўз тегади. Ҳозирча ҳеч кимга билдирмаймиз. Қўрқаман. Бахтимизга кўз тегишидан қўрқаман!
— Майли, сен айтганча бўла қолсин! У ҳолда ҳеч бўлмаса, ойижонимизга айтишимиз керак.
— Улгурамиз…
Насиба Билолдан худди шундай ҳолатни кутганди. Агар ҳомиладорлигини эшитгач, баъзи бировлар каби қовоғи уйилса, кечира олмасди. Шукр қилди. Билолга яна бир карра ишончи ортди. Бироқ Нормат полвоннинг гапи ҳам хаёлида айланишдан тўхтамаётганди. Эсига тушди-ю, қайтадан қовоғи уйилиб, Билолни курсига ўтиришга чорлади.
— Энди сизга яна бир хабарни айтаман, — деди Билолнинг кўзларига тик боқиб. — Айтинг, кеча Фурқатминан нега учрашдингиз-у, ниманинг муносабати билан чақчақлашдингиз?
Билол бу гапни эшитди-ю, мулзам тортди. Бармоқларидан лабларигача асабий титрай бошлади. Аста Насибанинг қаршисидаги курсига чўкди-да, бош эгди.
— Ҳа, сирингиз очилиб қолдими? Билиб қолдимми пана-пастқамда қилиб юрган ишларингизни?
— Сен… — Билол беихтиёр ўрнидан турди-ю, Насибанинг бошини кафтлари орасига олди. — Сенга ҳозир асабийлашиш умуман мумкин эмас. Боламизга зиён етиши мумкин.
— Унда сизам асабимга ўйнаманг! Нима етмайди ўзи сизга? Уйимга рўйхатга киритиб қўйган бўлсам, контрактингиз тўланган бўлса, тўйниям ўзим қилсам, яна нима қилай сиз хурсанд бўлишингиз, пана-панада номардлик қилмаслигингиз учун?
— Билардим, — деди Билол лаб тишлаб. — Сезардим. Аёлларнинг тана қилиши ҳақида кўп ўқигандим. Лекин ҳаётда кўрмовдим. Мана, энди ҳаётдаям кўриб турибман. Демак, ёзувчилар тўғри ёзишаркан.
— Бас қилинг дийдиёнгизни! — Насиба сал овоз кўтарган ҳолда Билолни жеркиб берди. — Гапни айлантирманг! Саволимга жавоб беринг! Фурқат кимингиз бўлади? Нимага у билан учрашиб юрибсиз? Ниятингиз нима ўзи?
— Тоғанг дийдиё қилдими яна? — сўради Билол чопиб бориб кабинет эшигини тамбалаб келгач. — У алдабди сени. Мен ҳеч ким билан учрашганим йўқ, ҳеч қанақанги Фурқат билан чақчақлашаётганим йўқ. Ишон!
— Тоғам осмондан олиб гапирмаса керак ҳар ҳолда? Қолаверса, ўтган гал ўзим ҳам гувоҳ бўлганман Фурқат билан танишлигингизга. Айтаверинг, жонингизни олмайман. Балки хато қилгандирсиз!?. Айтинг!
— Менинг бошқа гапим йўқ, — деди Билол тоқатсизланиб. — Майли, ёқмаётган бўлсам, кета қоламан. Ўзингга бошқасини топарсан! Сени алдамайдиганини, Фурқатга ўхшаганлар билан гаплашмайдиганини…
Шундай деб Билол кабинетни тарк этишга тутинди. Лекин Насиба йўлини тўсди.
— Қаёққа? — деди у икки қўли билан кабинет эшигини тўсиб. — Гап кўтармайдиган бўп қолдиларми? Ими-жимида ўйиндан чиқмоқчиларми? Бола-чи? Бу шўрлик нима қилади?
— Нима қилай унда? Тинчлик бермаяпсан-ку!
— Сиз шунга мажбур қилманг унда! Хўш, айтасизми?
— Туҳмат бу! Мен Фурқат билан охирги марта ўзингнинг ёнингда кўришганман! Буни биласан.
— Нимага унда тоғам унақа деяпти? Осмондан олиб гапирибди-да!
— Тоғангни яхши билмайсан шекилли ҳали-а?
— Нега? Жудаям яхши биламан.
— У ҳолда нега сиқувга олмаяпсан?
— Нима учун сиқувга олишим керак?
— Буни ўзидан сўрайсан!
— Йўқ, сиз айтасиз!
— Айтмайман.
— Айтмагунингизча шу ердан чиқмаймиз.
— Майли.
Билол зарда билан курсига ўтирди-да, оёқларини чалиштириб, бошини орқага ташлаб юборди ва кўзларини юмди.
(давоми бор)
Манба: Hordiq.uz «Замин» янгиликларини «Вконтакти»да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”