date

Жамоат жойлари ва кўп қаватли уйлар олдида “ташвиш тугмалари” ўрнатилади

Жамоат жойлари ва кўп қаватли уйлар олдида “ташвиш тугмалари” ўрнатилади

Юртимизда аҳолининг осойишталиги ва тинчлиги учун яна бир муҳим қадам ташланмоқда. Ҳукумат қарорларига мувофиқ, жиноятчилик кўп қайд этилган маҳаллаларда тартибни кучайтириш ва фуқароларнинг хавфсизлигини таъминлаш мақсадида янги тизим жорий этилади. Бу ҳақда ҳукумат матбуот хизмати маълум қилди.

Жорий йилнинг якунига қадар ана шундай ҳудудларда махсус ҳуқуқни муҳофаза қилиш пунктлари иш бошлайди. Ушбу пунктларда ички ишлар ва прокуратура ходимлари доимий равишда фаолият олиб боришади. Улар ўз иш кунини айнан шу ерда бошлаб, шу ерда якунлашади. Бу орқали ҳуқуқни муҳофаза қилиш идоралари аҳолига янада яқинроқ ва тезкор хизмат кўрсатиш имкониятига эга бўлади.

Яна бир муҳим янгилик шундаки, жамоат жойлари ва кўп қаватли уйлар олдига тезкор алоқа учун махсус “ташвиш тугмалари” ўрнатилади. Бу тугмалар орқали фуқаролар шошилинч ҳолатларда ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тўғридан-тўғри хабар бериши мумкин бўлади. Шу орқали қонунбузарликлар олдини олиш ва хавфли вазиятларга тезкор чора кўриш осонлашади.

Шунингдек, маҳаллаларда аҳоли билан ишлашнинг янги усули ҳам йўлга қўйилади. “Махалла еттилиги”дан танлаб олинган махсус тарғиботчилар доимий равишда фуқаролар билан мулоқот қилиб, уларга ҳуқуқбузарликларнинг зарари ва уларни олдини олиш йўллари ҳақида тушунтириш ишларини олиб боришади. Бу эса жиноятчиликка қарши курашда жамоатчилик иштирокини янада кучайтиради.

Яна бир қатор чора-тадбирлардан бири — ҳар уч кунда можароларга мойил оилалар ва қонунбузарлик содир этган шахслар тўғрисидаги маълумотларни тўплаш ва таҳлил қилишдир. Ҳуқуқни муҳофаза қилиш ходимлари мазкур маълумотларни таҳлил қилиб, қайси ҳудудда қандай муаммолар кўпроқ кузатилаётганини аниқлайдилар ва шу асосда профилактика ишларини йўналтиришади.

Бундай чоралар орқали маҳаллаларда тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш янада самарали йўлга қўйилиши кутилмоқда. Фуқароларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини ҳимоя қилиш, жамоат тартибини мустаҳкамлаш бугунги кунда давлат сиёсатининг муҳим йўналишларидан бири бўлиб қолмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ўзбекистон » Жамоат жойлари ва кўп қаватли уйлар олдида “ташвиш тугмалари” ўрнатилади