Орадан икки соатча вақт ўтди. Нафиса ҳануз касалхона йўлаги четига ўрнатилган ўриндиқларнинг бирида ўтирар, афсуслар, аламлар туфайли ич-этини ерди. Бошига ҳадеб бало ёғилаверишидан куярди. Гоҳ хаёлан онаси Насибанинг руҳига мурожаат этар, кўмак сўраб ёлворарди. Икки ўйи эса палата ичкарисидаги йигитда эди. «Ишқилиб ўлиб қолмасайди, худойим», дея зорланарди.
Ниҳоят палата эшиги оҳиста очилиб, худди кинолардагидек олдин врач, кетидан дори-дармонлар солинган идиш кўтарган ҳамшира қиз чиқишди. Нафиса уларни кўргандаёқ илкис ўрнидан туриб улгурганди.
— Хўш, дўхтир, йигитнинг аҳволи қалай? — сўради Нафиса врачнинг олдини тўсиб. — Оғир эмасми аҳволи?
— Йўғ-э, нега оғир бўлсин? — деди врач кулимсираб. — У ер бу ери тирналибди. Жуда яхши. Истасангиз, уйга опкетишингиз мумкин.
— Вой, раҳмат сизга, — Нафиса шоша-пиша сумкачасини очиб бир дона қоғоз пул чиқарди-да, врачнинг киссасига солиб қўйди. — Қилган хизматингизга рози бўлинг, дўхтир, — деди маъюсланиб. — Демак… Олиб кетсам бўлади-а?
— Ҳа, ҳозир ҳамшира касаллик тарихидан кўчирмани опкириб беради. Омон бўлинг!
Нафиса жонини ҳовучлаганча палатага ўзини урди. Йигит бошидан жароҳатланган экан. Дока билан чиройли қилиб бойлаб қўйишибди. Ўзи эса астойдил ўтириб олганча сукут сақларди.
Эшик очилганини эшитиб бошини шу томон бурди. Нафисани кўрибоқ аста ўрнидан туришга чоғланди.
— Йўқ, турманг, — деди унинг елкасига қўлини босиб ўтиришга чорларкан. — Ўтирволинг! Хўш, аҳволингиз яхшими?
— Зўр, — деди кулимсираб йигит. — Ўзи-чи, опа, бу ерга опкелмасангиз ҳам бўларди ўшанда. Секин етволардим манзилимга.
— Бекорларни айтибсиз, — деди Нафиса норози бош чайқаб. — Айб менда. Шундай қўйиб юбормасдим барибир. Худога шукр, яхшийкансиз. Ҳозир кетаверсангиз ҳам бўларкан. Врач айтди. Ҳамшира бир ҳужжат опкелиши керак. Опкелиши билан чиқаверамиз бу ердан.
— Яхши бўлди кетадиган бўлганим, — деди йигит. — Ростини айтсам, касалхонада ётишни жинимдан ёмон кўраман.
— Кечирасиз, исмингиз нима? — сўради Нафиса каравотнинг бир четига чўкиб. — Ким деб чақиришниям билмай қолдим сизни.
— Исмим Шароф, — деди йигит хижолат тортганиданми аста бошини эгиб. — Асли сурхон томонларданман.
— Шунақами? Зўр-ку! Сурхонга бормаганман-у, аммо ўша ёқлик дугоналарим бор. Роса мақташади.
— Ҳа, биз тарафлар ростданам зўр жойлар. Билмадим, ўша ерда туғилганим учунми, ҳеч бир вилоятни, ҳатто Тошканниям Сурхонга ўхшата олмайман…
Суҳбат узилди. Эшик бир неча марта тақиллади-ю, ичкарига ҳамшира қўлида қоғоз билан кирди.
— Мана, врач айтган кўчирма, — деди у мулойимлик билан. — Кетсангизлар яхши боринглар. Касал бўлманглар!..
* * *
— Хўш, қай томонда турасиз? — сўради Нафиса машинага чиқиб ўтиришгач. — Уйингиз қаерда?
— Вокзалда, — айбдорона бош эгиб жавоб қилди Шароф. — Ўша ергача обориб қўйсангиз бўлди.
— Вокзалда? — Нафиса ҳайрон бўлиб Шарофга қаттиқроқ тикилди. — Нега? Ижарага квартира олмаганмисиз?
— Камбағал одамга квартирани ким қўйибди? — норози ғудраниб қўйди Шароф. — Опа, очиғи, мардикорчилик қиламан. Кунлик ишларда ишлаган пайтим ўша вокзалга келиб тунайман. Ҳозир ёз бўлса, ҳаво иссиқ…
— Қишда-чи? Қишда қаерда тунайсиз?
— Қишдами? — Шароф бошини кўтармаган ҳолда беихтиёр жилмайиб чаккасини қашиган бўлди. — Қишда Тошкандан ташқарида бир одам бор. Фермерлик қилади. Ўшаникига бориб мол-қўйларини боқаман. Ётар-турарга жой беради, қорнимни тўйдиради. Яна… Ишимга қараб пул ҳам тўлайди.
— Ота-онангиз биладими шу юришларингизни?
— Ота-онам аллақачон оламдан ўтиб кетган, — деди Шароф бирдан жиддий тортиб. — Қондошлар бор, аммо мени уйига киритишмайди.
— Ота-онангиздан уй ҳам қолмаганми? Ўша уйда яшаб юраверсангиз бўлади-ку!
— Уй йўқ-да, опа, — деди Шароф. — Отам раҳматли ичувчи одам эди. Мен 15 яшарлигимда уйимизни сотиб ичворган. Онам шундан кейин куя-куя ўлиб кетди. Отам ҳам… Отамни қиш чилласида кўчада маст ҳолда ухлаб қолиб ўлган дейишади. Лекин мен кўрмаганман. Онам ўлгандан кейин қишлоқдан чиқиб Тошканга келгандим. Отамнинг… Жанозасигаям бормадим. Ҳалиям у одамдан нафратланаман. Нуқул ичиб келиб онамни ур калтак қиларди. Мени кичкиналигимда оғилхонадаги буқанинг ёнига арқонлаб қўярди. Нуқул «Сен ярамасни семиртириб сўйиб ейман», дерди…
— Ҳа-а, ачинарли ўтмишингиз боракан, Шароф, — дея оғир хўрсинди Нафиса юраги ачишиб. — Лекин сиз хафа бўлманг, Шароф! Дунёда ҳар хил одам, ҳар хил тақдир бор. Агар ҳар бир ўтган ёмон кунимиз учун хафа бўлаверсак, ер юзида тирик одамнинг ўзи қолмайди. Биласизми, мен сизга вокзалда тунашга рухсат бермайман. Вокзалда алкашлар тунайди. Сиз алкаш эмассиз. Меникига борамиз. Эртадан бошлаб бошқача ҳаёт бошлайсиз. Мардикор-пардикорга чиқмайсиз. Тушунтира олдимми?
— Қандай бўларкин? — деди Шароф ўнғайсизланиб. — Мен сизга ортиқча юк бўлишни хоҳламасдим, опа. Шундоғам мени деб қоронғига қолиб кетдингиз.
— Сизни деб қолганим йўқ, — деди Нафиса. — Ўзим йўл қўйган айбни ювиш учун қолдим. Сизни ўша аҳволда ташлаб кета олмасдим-ку кўчада! Хуллас, нима дейсиз?
— Майли, сизга малол келмаса бўлди-да, опа!
— Малол келадиган бўлса, таклиф қилиб ўтирмасдим. Ўша вокзалингизда қолдириб кетаверардим. Бўпти, келишдик! Кетдик унда!
* * *
Шу кеча туш кўрибди. Тушида онаси Насиба ҳовлига кириб келганмиш. Куппа-кундузи бўлишига қарамай, ҳовли ҳувиллармиш. Фақат қур-қур чанг-тўзон аралаш шамол кўтарилиб, ҳовли қумга тўлармиш. Яна шамол бирпас тўхтаб турармиш-да, қайта кўтарилиб, йиғилган қумларни кўчага учириб кетармиш. Охирги бор шамол кўтарилганда, чанг-тўзон ўрнига оппоқ ҳарир либос кийган Насиба учиб кирибди-да, ҳовли ўртасида тўхтабди. Шу тобда Нафиса ёлғизлик азбаройи жонига текканидан алами келиб ҳўнг-ҳўнг йиғлар, чанг-тўзонга қоришиқ шамолдан қўрқиб бир бурчакка биқиниб олганмиш.
— Қўрқма, қизалоғим, овунчим, — дея унга яқинлашиб икки юзини кафтлари орасига олибди Насиба.
Унинг кафтлари шу қадар қайноқ эмишки, Нафисага бу тафт хуш ёқиб кафтларни маҳкам ушлаб олибди. — Мен ёнингдаман-ку ҳар доим! Нега йиғлайсан? Нега қўрқасан?
— Шамол қўрқитяпти, ойи, — дебди Нафиса онанинг кўзларига жавдираб боқаркан. — Мени учириб кетмоқчи бўляпти.
— Учириб бўпти! Мен йўл қўярканманми? Адабини бериб қўярман учирса! Сен менинг ягона орзуимсан! Икки дунёда фақат ўзингга суянаман. Бироқ нотўғри йўл тутиб қўйдинг. Сот дўконларни! Ҳаммасини сот! Тўй қиламиз! Сени эрга берамиз!..
Насиба шундай деб ўнг кафтини олдинга чўзган экан, худди эртаклардаги каби мўъжиза юз берибди. Онасининг қўлида оппоқ келин кўйлак пайдо бўлибди. Кўйлак ўзидан шу қадар ёрқин нур таратарканки, Нафисанинг кўзлари қамаша бошлабди.
— Мана сенинг бахтинг, — дея унга кўйлакни тутқазибди Насиба. — Ичкарида куёвинг беркинволди-а менинг келганимни эшитиб? Айт, қўрқмасин мендан! У шўрлик ҳам ўзимизга ўхшаб қийналган. Кўнгли жуда тоза. Сен унга турмушга чиқасан! Мен келиб албатта тўйларингнинг бошида тураман. Мана шу уйниям сотиб юборинглар! Бу ҳовлини ажиналар макон тутган. Сизларга зиён етказавериб безор қилади. Мен Шарофга тайинладим қаерга боришни…
Шундай дебди-ю, Насиба икки қўлини юқорига кўтарибди. Шу заҳоти бор бўйи билан ердан узилиб, кўз очиб юмгунча осмон-у фалакка кўтарилибди-ю, ғойиб бўлибди..
* * *
Нафиса кеч ухлашга ётганига қарамай, уйқудан эрта тонгда тиниқиб уйғонди. Уйғонди-ю, даст ўрнидан туриб деразадан ташқарига қаради. Чамаси, ҳануз кўрган туши таъсиридан чиқа олмай, ҳовлидан онасини қидирган бўлди. Ташқарида шамол эсмаётганига қарамай, у ер бу ерга қум аралаш шох-шаббалар йиғилиб қолибди. Хизматчилар супур-сидир қилмаётганидан жаҳли чиққан бўлиб деразадан бошини чиқариб ҳовлига яхшироқ разм солди. Йўқ, хизматчиси ҳовлининг нариги бурчидан супуришни бошлаган экан.
Сал кўнгли тинчланиб, ичкарига назар ташлади. Икки ёнига кресло қўйилган шишали столча устига қоғоз қўйилибди. Хатга ўхшади. Нафиса ҳайрон бўлганча шоша-пиша қоғозни қўлига олиб хатни ўқий бошлади.
Хатда шундай дейилганди:
«Опа, мен шу кеча умримда биринчи марта тинч ухлабман. Танимайман-у, аммо бир аёл тушимга кирибди. «Нафисанинг онасиман, сенинг тақдиринг у билан боғланган, яхши, тинч яшанглар! Сизлар бахтли бўласиз. Уни ранжитмагин, насиб бўлса, серфарзанд, сердавлат бўласизлар! Тез Тошкандан кетиб олис бир чўлга боринглар! У ерда сизларни қайноқ ва осуда ҳаёт кутяпти.» — деб тайинлабди. Мен уйғониб кетдим. Шундан кейин шу хатни ёздим сизга. Фақат жаҳлингиз чиқмасин, илтимос, опа! Туя ҳаммомни орзулабди-да деб ўйламанг. Мен шунчаки… Кўрган тушимни қоғозга туширдим холос… Сизга ҳурмат билан: Шароф!..»
Нафиса хатдан шу қадар қаттиқ таъсирландики, югурганча Шароф ётган хонага кирди.
У ҳам аллақачон уйғонибди. Деразадан ташқарига қараганча, сукут сақларди. Нафисанинг кириб келганини пайқаб шоша-пиша ўрнидан турди ва айбдорона бош эгди.
Нафиса гапни нимадан бошлашни билмай, бирпас иккиланиб турди. Шу баҳонада Шарофга зимдан назар солди.
Афтидан, унинг юзларидан, кўз қарашларидан самимийлик балқиб турарди. Нафиса бу соддадил йигит самимий, кўнглида ғараз йўқлигига сира шубҳа қила олмади. Тағин бир муддат унга тикилиб тургач, сўз қотди.
— Бу нима ўзи? Мўъжизами? Наҳотки, иккимиз ҳам бир хил туш кўрган бўлсак? Нима бу, Шароф?
— Билмадим, опа, — дея олди зўрға шивирлаб Шароф. — Илгари умуман туш кўрмасдим. Бугун эса… У аёл жуда чиройли, басавлат экан. Ҳатто, тушимдаям роса ўнғайсизландим.
— Нега ўнғайсизланасиз? — сўради Нафиса вужудининг қаеридадир титроқ туйиб. — Шунчалик тортинчоқмисиз?
— Билмадим… Олдин ундай чиройли аёлларга дуч келиб кўрмаганман-да. Мардикорда юрсам ҳам шундай аёлларга дуч келсам, негадир гапирадиган гапимниям унутиб қўярдим.
— Хўш, энди нима қиламиз? — сўради Нафиса баттар тўкилай деб. — Тушда кўрганимиз менинг ойим эди. У киши жуда хавотирда.
— Билмадим, опа, — деди Шароф елка қисиб. — Ахир… Сиз бадавлат, худди ойингиз каби чиройлисиз. Менга ким қўйибди?..
— Ундай деманг. Менам фаришта эмасман. Худди сизга ўхшаб бу ёруғ дунёда ёлғиз қоли-иб кетаверганман. Ёш бошимга керагича балолар ёғилиб улгурди. Ростини айтсам, жуда жонимдан тўйгандим. Ўша… Сизни машинамда уриб кетган пайтим ҳам бир мараз билан уришиб қолиб аччиқ устида тез кетаётгандим. Хайрият, сизга ҳеч нима қилмади. Йўқса, бу зарбани сира кўтара олмасдим. Менга қаранг, неча ёшдасиз ўзи?
— Сиздан икки ёш кичикман холос, — деди Шароф ҳамон бош эгган кўйи жилмайиб.
— Вой, менинг неча ёшдалигимни қаердан биласиз?
— Хонадаги онангиз билан тушган суратингизни кўриб қолувдим. Ўша ерда ёзиб қўйилган экан.
— Ҳа-а, шундай демайсизми? Ҳа майли, хўш, буёғига нима қиламиз энди? Ўтираверамизми шундай?
— Ойингизнинг қабрига боришимиз керак шекилли. Тиловат қилиш керак. Кексалар шундай дейишарди…
— Хўп, кейин-чи?
— Кейин…
Шароф бирпас сукут сақлаб турди-да, ҳарқалай бошини кўтарди. Бу галги товуши дадилроқ ҳам чиқди.
— У кишининг васиятларини адо қилиш зарур бўлса керак. Ҳар ҳолда… Айтдингиз-ку, сизам шундай туш кўрибсиз… Тағин… Билмадим…
— Хўп, кетдик унда! Қолган гапларни йўл-йўлакай гаплашаверамиз! Фақат илтимос, шустрий бўлинг! Тортинчоқликни ташланг! Ҳайронман, шундай катта шаҳарда тортинчоқлик билан қандай кун кўрган экансиз! Одам сал дадил, тезкор бўлмаса, бу шаҳар ютворади-ку!..
— Менга қолса, бу шаҳарда бир дақиқаям қолмасдим, — деди Шароф. — Жонга теккан шаҳарлари.
— Буни мендан сўрасангиз яхши бўларди. Шундай уйим, пулим бўлсаям барибир шаҳарда яшаш жонимга текканди.
— Унда бир зўр жойни биламан, — деди Шароф янада жонланиб. — Чўл ер. Агар мол-қўй сотволиб фермерлик қилсак, зўр яшашимиз мумкин. Уй қурамиз. Мен мол-қўй боқишни биламан.
— Йўғ-э, — дея кулди Нафиса. — Наҳотки? Мен сизни…
Нафиса айтмоқчи бўлган гапини тилига кўчиришни хоҳламади. Шарофни ранжитиб қўйишдан чўчиди…
Индамайгина ташқарига чиқди-ю, хизматчиларга қилинадиган ишларни тайинлагач, машинага ўтириб моторга ўт қўйди.
* * *
Қабристон, барибир қабристон-да. Чин кўнгилдан дуо қилган бандасига Оллоҳнинг ўзи мададкор бўлади. Оллоҳнинг каромати билан бу масканда абадий уйқуга кетган жасадларга тегишли руҳлар дуогўйларнинг қўлтиғига кириб, уларни йиқилишдан, қоқинишдан асрайди. Яна Яратган эгамнинг иродаси билан яқинларининг кўнглига хотиржамлик ҳадя этади. Агар мазлумга айланган бўлса, мазлумлик қаъридан халос бўлишда кўмаклашади.
Нафиса ҳам онаси раҳматлининг қабри тепасида узоқ ўтириб қолди. Шарофнинг қаршисида ноқулай бўлдими, овоз чиқармай, хаёлан онаси билан тиллашди.
«Ойи, тинч ётинг энди буёғига, — деди хаёлан. — Мен сизсиз ёруғ дунёда қолиб кетиб жуда ёмон қоқиндим. Кўксим парчаланиб адо бўлаёздим. Энди сиз васият қилганингиздек йўл тутаман. Шунга қарор қилдим. Фақат ўзингиз қўллаб туринг! Қизингиз узоқ бир қишлоққа кетиб қолишга аҳд қилди. Ёнимда ўтирган мана бу камсуқум йигитни худонинг ўзи юборган шекилли. Акс ҳолда иккимиз ҳам бир хил туш кўрмасдик. Демак, худойимнинг ўзи сизга тайинлаган. Шу йўл тўғрилигини айтган. Мен васиятингизга амал қиламан. Ишонаман, шу йигит мени балолардан ҳимоя қилади. Менга тиргак бўлади… Айтганча, ойи, нима десангиз денг-у, аммо отамниям опкетаман ўзим билан. Мен у одамни катта шаҳарда тақдирнинг ихтиёрига ташлаб кета олмайман. Шундоғам шўрлик тилидан айрилиб тамом бўлган. Қабрингиз тепасида ўтириб сўзсиз дуо қилишларини бир кўрсангиз эди… Менинг ёнимда бўлса, яхши-да. Ҳар ҳолда фарзандиман. Кексайган чоғида хор қилиб қўя олмайман! Кечиринг! Тез-тез келиб сиздан хабар олиб туришга ваъда бераман! Ҳозирча хайр, ойижон! Тинч ётинг!..»
* * *
Агар Оллоҳнинг ўзи бандаси тақдирини белгилаб қўйган бўлса, у чизилган чизиқдан четга чиқа олмайди.
Нафиса дастлаб онаси каби тадбиркор бўлиб катта давлат ортиришни орзулаганди. Бу орзуси унга эш бўла олмади. Оллоҳ шуни истади…
У онадан қолган бизнесни сотиб пулларни банкка жойлади-ю, Шароф билан бирга олис бир қишлоққа жўнаб кетди. Отаси Билолни ҳам ташлаб қўймади. У ҳам қизининг қистови билан йўлга отланди…
Ажойиб кунларнинг бирида худди ўша олис қишлоқда данғиллама тўй бўлди.
Нафиса худди ўша тушида онаси қўлига тутқазгандек оппоқ ҳарир тўй кўйлагини кийиб Шарофнинг қўлтиғига кирди. Билол уларни ғўлдирай-ғўлдирай узоқ дуо қилди. Товушсиз қон йиғлай-йиғлай икки ёшни табриклади…
Тўйга таниган-танимаганларнинг барчасини чақиришганди.
Қишлоқнинг бир четида қад кўтарган каттакон ва ҳашаматли ҳовли меҳмон деганига тўлди.
Келганларнинг ҳамма-ҳаммаси Нафиса ва Шарофнинг тақдиридан қулоқма-қулоқма хабар топганди. Билол дуо қила бошлаган пайт барчалари йиғлаб-йиғлаб олқишлашди…
ХОТИМА ЎРНИДА:
Яқинда эшитиб қолдим. Орадан йиллар ўтиб, Нафиса ва Шароф тўрт ўғил кўришибди.
Шароф ўзи айтганидек фермерликни қойиллатибди.
Давлатдан 50 гектар ерни ижарага олиб катта оғилхона қуришган, қолган ерга экин экишган экан.
Мол-қўйлар ўзидан кўпайиб оғилхонага сиғмас бўлибди. Билол ҳам кексайганига қарамай, шу мол-қўйларни боқаркан. Қачон қарасангиз, нигоҳларидан бахт, шукроналик балқиб тураркан. Ҳар куни кечалари сўзсиз бўлса-да, фарзандларини, невараларини узоқ-узоқ вақт дуо қиларкан. Ҳар дуога қўл очганда, тўйиб-тўйиб йиғларкан. Аммо бу бахт, шукроналик кўз ёшлари эканига сира шубҳа йўқ.
Манба: Hordiq.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”