Самолётда мен билан ёнма-ён ўриндиқда ўтириб келаётган одам британиялик бўлиб, олтмишларни қоралаган амаки эди. Ўзини катта бир халқаро ташкилот раҳбари деб таништирди. Мен ҳам ўзимни танитаётганимда ёшлик қилдим чоғи, у киши фарзандлари, икки ўғли ҳақида бўлган воқеани айтиб беришга киришиб кетди.
Икки ўғлининг ёшлигиданоқ илм ўрганишга йўналтиришни истаган ота бир куни улар билан дарс тайёрлашга ўтирди. Гапдан гап очилиб, фарзандларида машинага қизиқиш катталигини пайқади. У болаларидан катта бўлсангиз қанақа машина минишни хоҳлайсизлар, деб сўради. Ўғиллари баробарига “Феррари”, деб жавоб беришди.
Шунда отаси зудлик билан: “Келинглар, ҳозироқ машина бозорига чиқиб, “Феррари”нинг нархини билиб келамиз”, деди. Болалар жуда хурсанд бўлишди. Отаси эса уларни машина бозорига олиб чиқди. Бозорга кириб, сотувчининг олдига бордилар. Ота унга болалари “Феррари” машинасини сотиб олмоқчи бўлаётганини айтди. Сотувчи улар билан худди ростакам харидорлардек муомалада бўлди ва машинани кўрсатиб, нималарнидир тушунтира кетди. “Феррари” эшигини очди ва болаларга унинг ичига киришларини, ўтириб ўриндиқларига баҳо беришларини сўради. Улар бўлса зумда машина салонига киришди ҳамда автомобиль ҳақида илиқ фикрлар айтишди. Шу он отаси болаларига қарата: “Биз машина билан бўлиб кетибмизу, унинг нархини сўрамабмиз-ку”, деди. Сотувчидан унинг умумий нархини ҳамда ойма-ой бўлиб тўланадиган бўлса қанчадан тўғри келишини сўраб билди, бу нархни болаларига дафтарга қайдлаб қўйишларини илтимос қилди.
Уйга қайтганларида болалари тинмимсиз рақишда кўрган машиналари ҳақида гапирар эдилар. Улар машинанинг имкониятларидан ғоят таъсирлангандилар. Ота фарзандлари ўтириб гап бошлади: “Ўғилларим, бу машина жуда қиммат экан”, деди. Болалари бирданига савол беришди: “Уни сотиб олишимиз учун нима қилишимиз керак, ота?” “Сизлар эътиборли иш эгалари бўлишларингиз керак, шундагина машинанинг ойлик тўловини тўлашга қурбингиз етади ва машина олиб мина оласизлар”, деб жавоб берди оталари. Улар биргаликда ўтириб, машинанинг ойма-ой тўловини ҳисоб-китоб қила кетдилар.
Эртаси куни ота болаларини умумий катта кутубхонага олиб келди. У ерда ота фарзандларига Британиядаги турли хил соҳалар ҳақида ва уларнинг йиллик кирим-чиқими ёзилган баёнотларни кўриб чиқишга таклиф қилди. Улар биргаликда турли хил жабҳаларни кўздан кечиришар экан, йиллик чиқими оз, лекин кирими фойдали бир нечтагина соҳани танлаб, бир тўхтамга келдилар. Шунда оталари: “Мана ўғилларим, сизлар мақсадларингизга етишишингиз учун бу олтита соҳанинг етук мутахассиси бўлишингиз керак экан, нима дейсизлар?”, деди. Улар рози бўлдилар. Сўнгра ота ўғиллари танлаган соҳалари бўйича қабулхонадан барча маълумотларни олиб берди: бу соҳага киришиш учун аввало нима қилиш керак, қайси коллеж, қайси институт, қандай докторлик ишларини ёқлаш керак, ипидан игнасигача суриштириб билди ҳамда бу маълумотларни ўғилларига улашди. Улар бўлса алоҳида-алоҳида дафтарларига ёзиб олдилар. Сўнгра уйга қайтдилар.
Отаси улар билан бирга ўтириб, оғир-босиқ ҳолатда болалари танлаган соҳалар ҳамда институтларга киришлари учун қайси фанларни ўзлаштириш муҳимроқлигини кўриб чиқди. Ҳар бирига бошқа-бошқа маслаҳатлар беришдан тўхтамади. Фарзандлари ҳам қўйилган мақсад сари интилишда биргаликда ҳаракат қилсаларгина фойдали бўлишини билиб турардилар. Ота уларга барча йўналишни ўргатиб хонадан чиқиб кетди.
Кейин нима бўлди, дерсиз?
Суҳбатдошим, яъни болаларни отаси сўзида давом этди: “уларда авваллари гувоҳи бўлмаганимиз, ғайрат пайдо бўлди. Дарслар тайёрлашар, вазифаларни ўз ўрнида қилишар, коллежни ҳам битиришди, институтга ўз кучлари билан киришди. Бакалаврлик сўнгра магистуратурани ҳам аъло баҳоларга битиришди”. Улар мақсадлари йўлида илмий изланишларни тугатишиб, энди амалий томонига ўтишди, яъни битирган соҳалари бўйича ишлай бошладилар.
Мана ҳозир улар йигирма ёшдан сал ошдилар. Шундай бўлса-да, бири Британиядаги катта ресторанлардан бирининг раҳбари, уйланиш тараддудида. Наригиси эса Германиядаги машҳур фирманинг эътиборли лавозимида ишламоқда.
Суҳбатдошим шу ўринда ҳикоясини тугатди.
Менда савол пайдо бўлди: “Улар ўзлари мақсад қилиб белгилаган “Феррари”га етишдиларми?”
Ота кулганча жавоб берди: “Катта ўғлим “Феррари”дан кўра “Порше”ни ёқтириб қолди ва уни сотиб олди, кичик ўғлим эса “Феррари”ни олишга бошланғич тўловини тўлаб қўйди”.
Тушундимки, ота ўз ўғилларига чиройли келажакни уларнинг ёшликлариданоқ қалбларига ўрнаштирган ва мақсад сари интилишни уларга кўрсатиб бера олган.
Хулоса қилдим, қанийди, ҳар бир ота-она ўз жигаргўшаларига шу ота сингари рағбат кўрсатиб уларни қизиққан соҳаларига йўналтира олса, қанийди, буюк докторлар, буюк муҳандислар чиқса. Муҳими мақсад белгилаб бериша олишса, шундагина фарзандларининг келажагидан хавотир олишга асос қолдирмаган бўлардилар.
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Youtube”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Энди «Доимий яшаш жойига рўйхатга қўйиш» қулайлашди (видео)
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Словакия бош вазири Путиннинг таклифини қабул қилди
Бош кийимсиз юришнинг организмга қандай таъсири бор?
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”