12:10 / 01.01.2019
5 901

Қиёматга қолган қарз... (Воқеа реал ҳаётдан олинган)

Қиёматга қолган қарз... (Воқеа реал ҳаётдан олинган)
Мозорқишлоқ четидаги қабристонда сукунат ҳукм сурарди. Атрофда зоғ учмас, фақат дўмпайган қабрлардан бирига терс бурилганча элликдан ошган, сочлари пахтадек оқариб, ёшликда кўп ичкилик ичганиданми, икки кўзи ичига тортган, кўзлари остидаги ёнғоқчалари янада катталашган Раҳмон ўтирарди. Қабр атрофи-ю устини бегона ўт босган, йиллаб тозаланмагани сабабли тевараги турли ахлатга тўлган…

Бу қабрга Раҳмоннинг ота-онаси қўйилган. Уларнинг бири юз, бошқаси саксон йил яшаган. Афсуслар бўлсинки, рўшнолик кўришмади. Ёлғиз ўғил деб Раҳмонни болалигиданоқ татайтириб юборишган экан. Улғайгач, қари чол-кампирни гўё дўзах ўтида куйдирди. Ичиб келаверди. Тўполон кўтараверди. Оғзидан боди кириб, шоди чиқаверди. Ҳатто қарилиги кўзига кўринмай, ичкилик туфайли икки кўзини парда босиб уларни бир-икки марта калтаклади ҳам. Ота-она экан-да, дардларини ичга ютишди. Худодан инсоф сўрашди. Лекин бировга чурқ этишмади.

Мастон момо, Мўйдин оталар ана шу тахлит армонда ўлиб кетишди…
* * *
— Нима қилай? — дея икки юзини чангаллаганча ер чизиб унсиз оҳ чекарди Раҳмон. — Сизларнинг қаршингизда юзим шувут, қаро! Ота, эна, юзим қаролигидан қабрингиз тарафга тик қарай олмаяпман. Билмайман, қандайдир куч мени терс ўгирилишга мажбур қиляпти. Қанча уринмай, фойдаси бўлмаяпти. Ўшанда… Сизларнинг берган тузингизга тупурдим. Ҳалол ишлаб топган пулларингизни ўғирлаб ҳаром-ҳаришга сарфладим. Йиғладингиз, оҳ урдингиз, парвоимга келтирмадим. Пойингизга ўзимни ташлаб узр сўраш, тавба қилиш ўрнига иккалангизни икки ёққа итқитиб ташладим. Шундаям миқ этмадингиз. Устимдан бировга арз қилмадингиз. Бироқ дилингиз қаттиқ оғриган экан. Сизлардан кейин одам бўла олмадим. Косам оқармади. Топганим ўзимга юқмади…

Тирик эканингизда уйимиздаги ўн килоли кострюлкалар сариёғга тўла турарди. Қишнинг қаҳратонли кунларида қўлимга фақат қайноқ, бўрсилдоқ нон тутқазардингиз. Совиган чиқса, печканинг устида иситиб берардингиз. Ишонасизларми, сиз борингизда мол-қўйга тўла турган оғилхона ҳалиям турибди. Аммо ҳувиллаб қолган. Эркак бўлиб битта туёқ қила олмадим, отажон, энажон!..

Мен соб бўлганман! Мен расво бўлганман!..

Шундай изтироблар исканжасида ўтириб Раҳмоннинг кўз ўнгида ўша машъум кун қайта гавдаланди. Ўша кунни ўзига қолса зинҳор эсламасди. У кундан нафратланарди. У кунни кўришга кўзи қолмаганди. Лекин ҳозир қандайдир бегона, номаълум куч ўша кунни эслашга мажбур этарди. Шунинг учун Раҳмон азбаройи қўрққанидан, баттар юзи қаролана бошлаганиданми, кўзларини чирт юмиб олди…
* * *
Ўшанда Раҳмон ўнинчини тугатиш арафасида эди. Мактабдошларининг қўлида ҳар сафар ўнталик қоғоз пулларни кўрганда, ичидан зил кетарди. Ўша ўнталик қоғоз пули борлар казо-казоларнинг арзандаси эканини биларди, аммо тан олмасди.

«Менинг шулардан қаерим кам? — ўйларди ҳар гал алами келиб. — Отам ҳам, энам ҳам қўлимга бир сўмдан ортиқ пул тутқазмайди. Солиям, Тўйчиям, анави тутуруқсиз Файзуллаям киссасида бешталик, ўнталик пулларни олиб юради. Нега меникилар кўп пул бермайди менга? Нима ёмонлик қилдим уларга? Қачонгача ўртоқларимнинг олдида изза қилишади?..»

Ана шундай кунларнинг бирида шайтон йўлдан урди.

Мўйдин ота илмли киши эди. Ёзу қиш мана шу қабристондаги мақбаралар ёнида ўтириб зиёратга келгувчиларнинг ўтиб кетган яқинлари ҳақига тиловат, дуо қиларди. Одамлар кўнгилларидан чиқариб Мўйдин отанинг қўлига атаганларини тутқазиб кетишарди.

«Отам шунча пулни қаерга беркитади ўзи? — бир куни ўйланиб ўтириб кўнглига келган шу саволдан сергак тортди Раҳмон. — Ҳар куни катмонини тўлдириб пул олиб келади-ку! Қани ўша пуллар?..»

Шу хаёл Раҳмонни оёққа турғазди. Уйда ҳеч ким йўқ эди. Мўйдин ота одатдагидек қабристонга кетганди. Мастон момони қайсидир қўшни мавлутга чақирганди. Раҳмон бир қарорга келгандек чол-кампир ётадиган хонага кириб борди ва дуч келган ерни тимирскилаб пул қидира бошлади. Кўрпалар қати, чойнак, косалар ичи ҳам қолмади. Шолча остиларигача титкилаб чиқди. Пулдан дарак бўла қолмади. Навбат қутига етди. Қути қулфланган эди. Раҳмон кўнглининг аллақаерида умид учқунлаган каби шоша-пиша ҳовлидан мих топиб келди ва бир амаллаб қулфни очди…

Не кўз билан кўрсинки, қути ичи қоғоз пул ва тангага лиқ тўла эди.

Умри бино бўлиб бунча пулни кўрмаган Раҳмон бир муддат тош қотиб қолди. Нима қилишни, қандай йўл тутишни билмай анқовланди.

— Йўқ, буларнинг барини олмайман, — деди ниҳоят овоз чиқариб. — Бир сиқимини ола тураман. Билволдим-ку қаердалигини! Ҳар куни бир сиқимданини олиб турсам, сезишмайди… Эҳ, ота, эна, шунчалар паст кетишингизни билмас эканман. Қаранг, бир қути пулингиз бўла туриб менга ҳар куни атиги бир сўмгина пул тутқазаркансиз-а! Йўқ, энди бундай бўлмайди. Мендан яшириб юрган пулларингиз қаерда туришини билволдим. Энди мен ҳам бойиб кетаман. Бой ўртоқларимга ўхшаб ошхона ўрнига кафеда кабоб ейман ҳар куни. Мендан пул яширдингизми, энди ўзингиздан кўринг, бобой, момой!..
* * *
Ўша кундан эътиборан Раҳмоннинг қадам босиши ўзгарди. Босар-тутарини билмас бўлди. Аммо жуда сергак эди. Ҳар сафар қутидан пул ўғирлагач, қулфни илгаригидек беркитар, шубҳасиз, чол-кампир ҳаммасидан бехабар эди.

Бахтга қарши орадан икки ҳафта ўтгач, барибир пайқаб қолишди. Қутидаги пуллар сезиларли даражада камайиб кетганди. Чол-кампир дарров ундан гумонсирашди. Мўйдин ота азбаройи дили оғриганидан ўша куни бир неча соат ўзига кела олмай азобланди. Хаёлнинг турли кўчаларига кириб чиқди. Ачинди. Афсуслар чекди. Бироқ кўнглидагини тилига кўчирмади. Раҳмонни аста қошига чорлаб ётиғи билан сўради:

— Болам, — деди Мўйдин ота. — Биласан, ёш бола эмассан. Энанг икковимиз сени худодан тилаб-тилаб олганмиз. Сени па-палаб ўстирдик, ўзимиз емай едирдик, ичмай ичирдик. Ҳеч кимдан кам қилмадик. Сени ўзимиздан ҳам азиз қилдик. Сен бўлсанг… Уйга опкелиш ўрнига уйдаги пулларни кўчага таший бошлабсан. Биз сени ўғирликка ўргатмагандик-ку! Ҳаром луқма едирмагандик-ку! Кимдан ола қолдинг бунақа таълимни?..

Отанинг бу гаплари ўшанда Раҳмоннинг сочини тик турғазган, аламига алам қўшганди.

— Ўғирлаганим йўқ, ўзимнинг ҳақимни олдим, — дея бақирди у Мўйдин отага пишқириб. — Шунча пулингиз бор-у, нега менга бир сўмдан ортиқ пул бермайсиз? Қизғонасизми? Нега? Ё гўрингизга опкетмоқчимисиз шунча пулни?..

Мана шу гапи чол-кампирнинг кўнглига оғир ботганди. Улар баравар Раҳмоннинг кўзларига жавдираб боқишди ва норози бош чайқаганча қайтадан сўрига чўкиб бош эгишди.

Раҳмон эса муштларини тугганча титрар, яна бир оғиз қарши сўз айтса, чол-кампирни уриб ташлагудек чамаси бор эди. Хайрият, Мўйдин ота ҳам, Мастон момо ҳам тилларини тийишди. Худонинг ўзи асради шекилли. Аммо орадан йиллар ўтиб, Раҳмоннинг зуғумлари чегара билмай, минг азобда топилган пуллар ғойиб бўлавергач, ичкилик туфайли уларнинг шаъни ҳақоратга тўлгач, пушти камаридан дунёга келган ёлғиз фарзандининг муштларидан мўрт таналари симиллаб оғригач, кўзлари алам ёшига тўлгач, Мўйдин ота бир гапни айтди.

— Илойим, узоқ яшагин, — деганди ўшанда Мўйдин ота қон қақшаб. — Пул топгин, аммо қўлинг тутмасин! Серфарзанд бўлгин, бироқ этагингда бола турмасин!..

Буларни қария қарғиш деб эмас, шунчаки ношудликка жавоб, пўписа деб билса-да, худо қарғишга йўйибди. Раҳмоннинг қўлида пул турмас бўлди. Этагида бола турмади. Фарзандлари ёшига етмай ўлаверди.

Шундан кейингина кўзи очилганини ҳис этди. Пешонасига бир муштлади-ю, надоматлар денгизига шўнғиди. Худди ўша надоматлар бугун яна ношуд ўғилни қабристонга етаклаб келганди…

Барибир кўнглининг чигали ёзилмади. Бу гал ҳам қабр тарафга тик боқа олмади. Юзи қаролиги нигоҳларига соя солиб қўяверди…

Раҳмон шу кўйи узоқ вақт ҳўнг-ҳўнг йиғлаб ота-онаси руҳидан узр сўради. Кўкка боқиб Яратган эгамга ёлворди, тавбалар қилди…

Енгил тортмади.
На илож?
Қарз қиёматга қолган шекилли…

Энди Раҳмон то қиёматга қадар азобда умр кўришга маҳкум бўлган чоғи…

У қош қорая бошлагандагина аста ўрнидан турди-да, гўё илкис орқа ўгириб кетса, ота-онасининг руҳи баттар ранжийдигандек бошини қуйи солганча орқага тисарила-тисарила қабристондан чиқди…

Катта йўлга чиқиб, уйи томон кетиб бораётган маҳал ота-онасининг қабри устида ҳалигина кўм-кўк либосда қад ростлаб турган бегона ўтлар бирдан сарғайиб, қовжирай бошлаганди.

Бу бекорга эмасди…

Умрини ёлғиз ўғилнинг аламига кўмилиб, зор қақшаб, минг азобда ўтказган ота-онанинг унсиз фарёди худонинг қудрати билан қовжираган ўт-ўланларга сингганди.

Манба: Hordiq.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Қиёматга қолган қарз... (Воқеа реал ҳаётдан олинган)