date

Хитойлик олимлар перовкситли қуёш панеллари самарадорлигини 30,3 фоизга етказди

Хитойлик олимлар перовкситли қуёш панеллари самарадорлигини 30,3 фоизга етказди

Хитой Фанлар академиясининг Нинбо материалшунослик ва муҳандислик институти тадқиқотчилари янги авлод перовкситли қуёш батареяларини ишлаб чиқишда муҳим ютуққа эришдилар. Олимлар қаттиқ тандем элементларнинг самарадорлигини 30 фоизлик психологик чегарадан оширишга муваффақ бўлишди. Бу ҳақда Ixbt.com хабар беради.

Ушбу ютуққа эришишда Люис кислоталари ва асослари назариясига асосланган махсус кимёвий қўшимчалар тизими қўлланилди. Бу усул перовксит қатламларида кристалларнинг шаклланишини синхронлаштириш, нуқсонларни камайтириш ҳамда структуранинг барқарорлигини таъминлаш имконини берди.

Натижада, қаттиқ монолит тандем қуёш элементи 30,3 фоизли сертификатланган фойдали иш коэффициентини (ФИК) қайд этди. Мослашувчан (эгилувчан) версия эса 28,0 фоиз натижа кўрсатди. Таққослаш учун, оптималлаштиришдан аввал бу кўрсаткичлар мос равишда 20,1 ва 23,3 фоизни ташкил этган эди.

Тадқиқотчилар қурилмаларнинг чидамлилигига ҳам алоҳида эътибор қаратишди. Қаттиқ элемент 1000 соатлик узлуксиз ишлашдан сўнг ўз самарадорлигининг 92 фоизини сақлаб қолди. Мослашувчан версия эса 10 минг марта букиб-ёзиш сиклидан кейин ҳам 95 фоиздан ортиқ самарадорликни намойиш этди.

Янги технология келгусида мослашувчан электроника, енгил автоном қувват манбалари ва портатив қуёш тизимларида кенг қўлланилиши кутилмоқда. Ишлаб чиқувчилар ушбу кристалланишни бошқариш усули келажакда янада самаралироқ қуёш элементларини яратиш учун универсал ечим бўлишига ишонишмоқда.

Ctrl
Enter
Хато топдингизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Маълумот
Меҳмон гуруҳидаги фойдаланувчилар ушбу мақолага изоҳ қолдира олмайди.
Янгиликлар » Техно » Хитойлик олимлар перовкситли қуёш панеллари самарадорлигини 30,3 фоизга етказди