«Реал» кийиниш хонасидаги муҳит Арбелоани қийин аҳволга солмоқда

Мадриднинг “Реал” клубида ички муҳит билан боғлиқ муаммолар тобора жиддий тус олаётгани ҳақида хабарлар тарқалмоқда. Испаниянинг машҳур Marca нашри маълумотига кўра, жамоа бош мураббийи Алваро Арбелоа билан айрим футболчилар ўртасидаги муносабатлар анча совуқлашган.
Манба таъкидлашича, ҳозирда камида олти нафар футболчи мутахассис билан деярли мулоқот қилмаяпти. Бу ҳолат эса клуб ичидаги муҳитга салбий таъсир кўрсатаётгани айтилмоқда.
Шу билан бирга, муаммо фақат мураббий ва футболчилар ўртасида эмас. Нашр маълумотига кўра, жамоа аъзоларининг ўзи ичида ҳам келишмовчиликлар пайдо бўлган. Айрим футболчилар бир-бири билан гаплашмаслиги ва муносабатлар анча таранглашгани қайд этилмоқда.
Кузатувчилар фикрича, бу каби вазият “Реал” каби катта клуб учун жуда хавфли ҳисобланади. Чунки жамоадаги бирдамлик ва ички муҳит ҳар қандай катта совринлар учун курашда ҳал қилувчи омиллардан бири саналади.
Эслатиб ўтамиз, Алваро Арбелоа шу йил январ ойида Хаби Алонсо клубни тарк этганидан кейин “қаймоқранглилар” бош мураббийига айланган эди.
Ёш мутахассис қўл остида мадридликлар ҳозиргача 24 та учрашув ўтказди. Уларнинг 15 тасида ғалаба қозонилган бўлса, 7 та баҳс мағлубият билан якунланган.
Статистика ёмон кўринмаслигига қарамай, жамоа ичидаги муҳит ва айрим футболчилар билан муносабатлар Арбелоа учун жиддий муаммога айланиши мумкинлиги айтилмоқда.
Испания матбуоти ҳозирча қайси футболчилар мураббий билан келиша олмаётганини очиқламаган. Аммо клуб атрофидаги муҳокамалар тобора кучайиб бормоқда.
Мухлислар эса бир савол устида бош қотирмоқда: Арбелоа жамоадаги вазиятни назорат остига қайтара оладими ёки “Реал”ни яна янги ўзгаришлар кутмоқдами?
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!