00:13 / 31.03.2019
3 802

Вақтнинг қиймати бизда қанча туради?

Вақтнинг қиймати бизда қанча туради?
Инсон ҳар тонг янги кунни қарши олар экан, унинг ихтиёрига 24 соат лик фурсат берилади. Ўтаётган вақтимиз ҳақида ўйлаб кўрадиган бўлсак, соат милларининг “чиқ-чиқʼʼлари аслида азиз умримизнинг тўхтовсиз парчаланиб кетаётган онлари эканини ҳис этамиз. Ушбу онлар бизнинг яхши ва ёмон амалларимизга гувоҳ бўлиб кетмоқда.

Қуръони Каримдаги сураларнинг жуда кўпи вақтга қасам ичиш ила бошланади. Аллоҳ азза ва жалла қиймати ва ҳикмати улуғ нарсалар билан қасам ичади. Гўё, “Кўзингни оч бандам, мендек Зот нима билан қасам ичяпман, ақлингни ишлат” дейди. Яратган Раббимиз вақтнинг ҳар тури билан қасам ичади: “Қасамёд этаман қоплаб келаётган тун билан, ёришиб келаётган кун билан”("Лайл" сураси, 1-2 оятлар); “Қасамёд этурман чошгоҳ вақти билан” ("Зуҳо" сураси, 1-оят); “Қасамёд этаман тонг билан, ўн кеча билан” («Фажр» 1-2 оятлар); “Қасамёд этаман қуёш ва унинг зиёси билан” («Шамс» сураси, 1-оят); “Аср билан қасамёд этаман” («Аср» сураси, 1-оят) деган оятларда Раббимиз гўё “Яхшилаб қара эй бандам, мен нима билан қасам ичяпман. Мен берган нарсаларнинг энг қийматлиси бу вақтдир” деб хитоб қилади.

Мутаққаддим мусулмонлар, вақтга эътибори кучлилигидан биринчи кашф қилган нарсалари ҳам соат бўлган. Соатни мусулмонлар ихтиро қилиб, ҳамманинг кўзи тушадиган ерларда ўрнатишга кўрсатма берган. Шундай йўл билан бўлсада, мусулмонларга вақтнинг тез ўтиб бораётганини эслатиб туришган.

Пайғамбаримиз соллаллоҳу алайҳи вассалам марҳамат қиладилар: “Одам боласининг оёғи қиёмат куни жойидан қимирламайди, тоинки 4 нарсадан сўралмагунича: умрингни нимага ўтказгансан, ёшлигингни нимага сарфлагансан, молингни қаердан топиб қаерга ишлатгансан, билган нарсаларингнинг қанчасига амал қилгансан?”

Бу саволларнинг жавоби қандай оғир бўлишини тасаввур қилинг! Умримиздан ва уни нимага сарфлаганимиздан сўраламиз. Шунингдек, ёшлик, йигитлик, шижоатга тўла бўлган даврларимиздан сўраламиз. Уммати Муҳаммаднинг бугунги аҳволини қаранг! Ҳисоб-китобнинг нозиклигига диққат қилинг! Аллоҳ ҳаммамизни ҳар бир нафасимиздан сўроққа тутади. Ҳазрат Баҳоуддин Нақшбанд қоддасоллоҳу сирраҳул азиз ўзларининг зикр раҳшаларининг биринчи қадами ҳам “Ҳуш дар дам”дир. Яъни, банда ҳар бир нафас олиб чиқарганида хушёр бўлишига чақирилган. Қиёматда ҳар бир вақтдан сўралганида, беҳуда сўзловчиларнинг нома сандиғида не бўладию, олимнинг, обиднинг, зоҳиднинг сандиғида қандай амаллар бўлади…

Бир фараз қилинг, дарё бўйида бир киши тангаларини битталаб сувга отяпти. Буни кўрган киши нима дейди? Табиий, ақлли банда кўрса, у жинни бўлибди, дейди. Ваҳоланки, сизу бизга вақт деб аталмиш қўлдан чиқса, қайтиб келмайдиган неъмат берилган. Бунинг қадри йўқми? Ҳасан Басрий раҳматуллоҳи алайҳ айтади: “Ҳар тонг отганида, Қуёш чиққанида, Эй одам фарзанди, мен янги кунман, сени амалингга шоҳидман, гувоҳман, мени ғанимат бил!. Мендан охиратингга заҳира олгин! Чунки мен кетсам, қиёматгача бошқа келмайман”, дейди.

Бугунги ҳолатга назар ташласак, мусулмонларнинг аҳволи аянчли. Бугунги йигитлар алламаҳалгача тентираб тунни кеч қилиб пешингача ухлашади. Яна ухлашдан олдин, “Ойижон уйғотманг, ўзим тураман, чунки эртага қиладиган ишим йўқ”, дейди. Ўзи ўтаятган умр шуми, буни қиладиган иши йўқ экан…Яна бир мисоллардан университет ёки коллежларда дарсга қатнаш ўрнига дарс вақтида кўнгил ёзиш учун таомхоналарда, ўйингоҳларда ёки бўлмасам дўкон айланишдек бекорчи ишлар билан вақтини ўтказишади. Одамлар шунақанги ҳаддидан ошдики, бир-бирини чақириб: “Юр вақтни ўтказиб келамиз”, дейди. Вақт ўтказиб юриладиган нарса эдими? Бутун уммат фитна ва хатардаю, булар бемалол вақт ўтказишмоқчи! У вақтни ўтказиш билан аслида ўзини ўткараётганини, умрини зое қилаётганини билсалар эди!

Ҳозирги замонда тузукроқ китоб ёзилмаётганини сабаби ҳам шундаки, ҳозирга келиб тузукроқ асар ўқийдиган китобхон қолмади. Фақат ижтимоий тармоқларда санъат юлдузларию, спорт усталарини ҳаёти ва кийинишини ўрганиш бўлиб қолди. Қуръон ва хатми Қуръон фақат жанозаларда ўқиладиган, ҳадислар эса одобга доир китобларда учрайдиган бўлиб қолди.

Ер юзида жуда оз яшаб, кўп ишлар қилиб кетганлар бор. Уларни номлари тарихда қиёматгача муҳрланиб қолади. Биздай инсонлар эса, ўламизу номимиз ўчади. Умрнинг қиймати, инсоннинг ер юзида қилган ишлари билан ўлчанади, қанча яшагани билан эмас.

Имом Нававий раҳматуллоҳи алайҳ 40 йил яшаб 500 та китоб ёзган, йиқилмагунича овқатланмаган экан. Шундай даражда вақтларини қизғанган.

Яқин тарихда, Ҳиндистон диёрида яшаб ўтган Ҳакимул уммат Ашраф Али Таҳановийдек зот 1500 мингта китоб ёзган, миллионлаб шогирдлар чиқарган, вақтни ўз фойдаларига ишлата билган.

Диёримизда бир неча йил олдин Шайх Муҳаммад Содиқ Муҳаммад Юсуфдек буюк зот яшаб ўтди. Қисқагина 63 йиллик умрлари давомида 100 дан зиёд таълифотлар, таснифотлар, овозли китоблар ва 200000 дан зиёд интернет орқали келган саволларга жуда аниқ ва дақиқ жавоблар берди. Бу инсоннинг яшаган умрларини, қилган ишларини ҳар қандай инсонларнинг ҳаёти давомида қилиши, улгуриши жуда мушкулдир. Бугунга келиб, биз умматнинг ҳоли тайёр асарлардан муносиб фойда олишга ҳам ожиз бўлиб қолди. Қани бизда вақтга эътибор, илмга муҳаббат, ғайрат, шижоат? Буларнинг ҳаммаси қайсидир афсона ёки ривоятларда қолиб кетгандек, гўё? Аллоҳ барчамизни вақт деб аталмиш азиз неъматдан муносиб фойдаланмоқлик бахтини насиб айласин!!!

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Вақтнинг қиймати бизда қанча туради?