date

АҚШ ва Европада каламушлар сони кескин кўпаймоқда

АҚШ ва Европада каламушлар сони кескин кўпаймоқда

Охирги йилларда дунё бўйлаб кўплаб шаҳар аҳолисини жиддий ташвишга солаётган муаммолардан бири — каламушлар сонининг кескин кўпайиши. АҚШ, Буюк Британия, Канада, Голландия ва бошқа ривожланган давлатлар шаҳарларида бу ҳолат тобора кўпроқ кузатилмоқда, деб хабар бермоқда маҳаллий ва халқаро нашрлар.

Мутахассислар бундай хавфли тенденциянинг сабабларини турлича изоҳламоқда. Улар orasida шаҳар чиқиндиларини ўз вақтида йиғишдаги муаммолар, эскириб қолган канализация тизимлари, тез овқатланиш маданиятининг ортиши, шунингдек, глобал иқлим ўзгариши ва қиш фаслининг юмшоқ келиши каби омиллар борлиги айтилади.

Буюк Британия зараркунандаларга қарши кураш ассоциацияси (BPCA) берган маълумотларга кўра, охирги беш йил ичида аъзо компаниялар томонидан каламушларни йўқотишга оид мурожаатлар сезиларли даражада кўпайган. Масалан, Англия жанубида фаолият юритувчи Cleankill компанияси сўнгги икки йил ичида бундай мурожаатлар 20 фоизга ўсганини қайд этган.

Ҳолат АҚШ ва Канадада ҳам кескин тус олган. Science Advances журналида эълон қилинган илмий тадқиқотда охирги 20 йил ичида қатор шаҳарларда каламушлар фаоллигининг юксалиши қайд этилган. Хусусан, Вашингтонда 400 фоизга, Сан-Франсискода 300 фоизга, Нью-Йоркда 160 фоизга, Торонто шаҳрида эса 180 фоизга ошиши аниқланган.

Олимлар таъкидлашича, каламушлар табиатан жуда серҳосил ҳайвонлар ҳисобланади. Бир урғочи йил давомида олтита насл қолдириши ва ҳар бирида ўн иккигача кучукча туғиши мумкин. Агар улар назоратсиз қолса, бор-йўғи икки каламуш бир йилда мингтадан ортиқ насл қолдириши эҳтимолдан холи эмас.

Шу билан бирга, каламушларнинг “неофобия” — яъни янги нарсалардан эҳтиёт бўлиб қўрқиши, уларни йўқотиш жараёнини янада қийинлаштиради. Заҳарни аввалига кичик миқдорда синаб кўриб, кейин эҳтиёткорлик билан истеъмол қилишлари уларни одатий усулларда йўқ қилиш имкониятини камайтиради. Бундан ташқари, баъзи каламушларда айрим кимёвий моддаларга қарши иммунитетни шакллантирадиган генетик мутациялар ҳам кузатилаётгани маълум қилинган.

Шу боис зараркунандаларга қарши кураш хизматлари узоқ муддат таъсир қиладиган замонавий препаратлардан фойдаланишга ўтиб, янги стратегияларни ишлаб чиқмоқда. Бироқ экспертлар бундай чоралар самараси ҳам чекланганини таъкидлашмоқда.

Мутахассисларнинг огоҳлантиришича, каламушлар нафақат шаҳар инфратузилмасига зарар етказади, балки одамлар саломатлиги учун ҳам катта хавф туғдиради. Улар лептоспироз, хантавирус каби оғир касалликларни тарқатиши ва турли инфекция манбаи бўлиши мумкин.

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Дунё » АҚШ ва Европада каламушлар сони кескин кўпаймоқда