09:30 / 06.04.2019
4 514

"Жаннатни кўрган қўғирчоқлар..."

"Жаннатни кўрган қўғирчоқлар..."
Қизалоғини етаклаб далага ишлаш учун кетаётган аёл йўл четидан юриб борарди. Ари уясидай, йигирма тўрт соат қатнов шиддатли бўлган бу йўл уч йил аввал уни тўнғич қизидан айирди. Қизининг ортидан турмуш ўртоғи вафот этди. Эркак фарзанд доғига дош беролмай, гўдагининг ҳасратида қазо қилди. Бироқ ҳаёт давом этади. Аёлни оёқда тутиб турган, шу ёлғон дунёга боғлаган ширингина қизалоғи бор. Қизалоғи билан шу йўлдан юриб борардилар. Аёл шўрлик фарзанд доғида ўртангани учун, йўл бўйи қизчасини қўлини қўйиб юбормас, ҳатто маҳкам сиқиб қизалоқнинг жонини оғритарди. Қизча ҳам бундан шикоя қилмасди. Чунки билардики, онаси унинг қўлларидан маҳкам ушлагани – меҳр-шафқат нишонаси.

Даладаги ишлар узоқ чўзилгани учун аёл гоҳо ҳаддан ортиқ чарчаб қолади. Ўзи оғир ишлар билан машғул бўлганида, қизчасига мева теришни айтади. Қизалоқ эса, дарахтлар тагига тушган меваларни териб, идишларга тўплайди.

Бир куни қизи:
– Ойижон, – деди оҳиста. – Опам бизни нега ташлаб кетди?

Дала бўйида сояси қуюқ тол дарахти ҳам бор. Аёл дарахт соясига оғир чўкаркан:
– Опанг вафотидан бир ой аввал тушида жаннатни кўрибди, – деди. –Шундан кейин у ерга кетишни истади. Жаннатни кўрганлар бу дунёни хушламайдилар.

Қизалоқ бу гапларни онасидан кўп эшитган. Аммо дунё ҳам унчалик ёмон эмас. Агар унинг бир қўғирчоғи бўлса-ку...
– Опамнинг қўғирчоғи бор эди, – деди оҳиста. – Менда эса йўқ...

Қизалоқ қўғирчоқ ҳам опаси билан бирга кетганини, энди қўғирчоқ олишга пуллари етмаслигини биларди. Уёқ-буёқдан келган резина қўғирчоқлар ёқимсиз ҳиди билан қизалоқнинг кўнглини оздириб юборган эди. Тошқўғирчоқлар ажойиб эди, бироқ далада ишлаб топганлари қоринларига зўрға етади. Аммо барибир қўғирчоқ орзусидан воз кечиш қийин.

Она қизалоғини қувонтиришни истарди. Агар қўшни далалардан иш тополса, масалан чой ёки бодом йиғишга ёрдам берса қўғирчоққа уч кунда пул топилади. Лекин қўшимча ишга вақт тополмаслигидан қўрқиб, қизини умидвор қилмайди. Қизалоғининг бошини силаб:
– Ким билади, – деди. – Балки опанг жаннатдан қўғирчоқ жўнатар сенга?

Қизалоқ бу гапларни эшитиб жуда севинди. Лекин қўғирчоқ жаннатдан келмагани яхшийди. Агар у ердан келса, бу қишлоқда яшашни истамайди. “Дунёда яралган” қўғирчоқни истарди қизалоқ.

Қизалоқ шу умидда йўлида давом этаркан, тўсатдан алланима эътиборини тортди. Дала билан йўлни бир-биридан ажратиб турган майсалар устида нимадир тушиб қолибди. Қизиқиш зўридан унга яқинлашаркан, ҳайратдан тилчасини ютиб юборишига сал қолди. Тушларида кўрганидан ҳам чиройли тошқўғирчоқ унга тикилиб турар, лекин негадир тинимсиз йиғларди.

Қизалоқ ўзини тўхтатолмай:
– Буни опам жўнатган! – дея қийқирди. – Опам, Жаннат қўғирчоғини юборган.

– Қизалоқнинг онаси йўлдан ўтган таксининг орқа ойнасидан ўрамга ўхшаган нимадир тушганига кўзи тушган бўлса-да, шу топда уни чиқинди халтаси деб ўйлаган эди. Лекин ҳозир қўғирчоқ ҳақида гапирар экан, унинг шундоқ ёнларига келиб тушиши тасожид эмасди. Шунинг учун ҳам қўғирчоқ уларга насиб қилиши мумкин эди. Қизалоқ қўғирчоқни овутишга уринар экан, аёл йўлга қаради. Бироз аввал ўтиб кетган автомашина, йўлнинг чети билан оҳиста ортига қараб юрди ва машинадан тушиб қолган қўғирчоқни қайтиб олишди. Қизалоқ ҳам нима бўлганини тушунди. Ўзгача машина эди, оҳиста улар томонга келган. Ранги атиргулдек қип-қизил. Машина ярақлаган, ғилдираклари ҳам ердан бир қарич юқорида тургандек эди. Қоп-қора ойналари ортидан ичкаридаги одамларни кўриш имкони йўқ.

Қизалоқнинг диққатини бошқа бир нарса тортди. Ярми очиқ орқа ойнадан узун ва жингалак сочлар кўринди. Орқада қизалоқ билан чамаси тенгдош бўлган бир қизча ўтирар, қўғирчоқ ҳеч шубҳасиз уники эди.

Автомашина она-болага яқинлашиб тўхтади. Қулоқни қоматга келтирувчи мусиқа садолари эшитиларди. Лекин орқа ўриндиқда ўтирганлар кўринмасди. Қизалоқ қўғирчоқни яна бир марта ўпиб, орқа ойнадан кўринган қўлга узатди. Эгасининг қучоғига кирган қўғирчоқнинг йиғиси бир тугма билан босилиб, бошқа тугма билан завқли кулгига дўнди.

Ойнаси ёпилгач, қизил автомашина йўлга тушди. Аёл қизалоғининг кўзига қарашдан чўчирди. Унинг маҳзунлигига тоқат қилолмас, қизчаси табассум қилмагунича жилмаймасди. Она қизачасини бағрига босганида:
– Ойижон! – деди яна оҳиста. – Жаннатни кўрган қўғирчоқлар ҳам бу дунёни хушламас экан-а?..
Жунайд Суави
Турк тилидан Умида Адизова таржимаси

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » "Жаннатни кўрган қўғирчоқлар..."