17:23 / 16.04.2019
3 596

Бахт ҳаммага тенг тақсимланган

Бахт ҳаммага тенг тақсимланган
Бахт ҳақида ўйламаган, бахтиёрликни орзу қилмаган инсон топилмайди орамизда. Кимдир бахтни оиласи тинч, фарзандларининг соғ-саломатлиги билан белгиласа, кимгадир мол-дунё ёки амал оти бахтиёрликдан далолат. Хаста одам соғлиқни, мусофир киши юртига қайтишни бахт ҳисоблайди. Хуллас, бахт тушунчасини ҳар ким ўз дунёқараши, руҳий олами ва ҳаётий имкониятларидан келиб чиқиб тушунади.

Ўзбекона тамойилда бахт тушунчаси албатта оила билан боғланади. Халқимизнинг қарашларида оиласиз киши минг бадавлат, мансабдор ёки ҳаётдаги ижтимоий мавқеи бошқалардан баландроқ бўлмасин, барибир у тўкис бахтиёрлар сафига киролмайди. Аслида ҳам, инсон учун оила – чинакам бахт ва ҳузур-ҳаловат гўшаси ҳисобланади. Фақат инсон феълидаги ношукрлик сабабли бахт тушунчасининг жуда жўн ақида эканлигини англаб етавермайди. “... Эссиз, – деб ёзғиради одам боласи, арзимаган кўнгилсизликдан катта бахтсизлик ясаб, – негадир ҳеч бахтим кулмади-кулмади. Бир умр пешонамга бахтсиз яшаш битилганмикан?!..”

Эътибор берган бўлсангиз, юқоридаги жумлада “айрим одамлар” демадик-да, “одам боласи” дея ҳаммани бирдек назарда тутдик. Ҳақиқатдан ҳам, ҳар бир одам умрида ҳеч бўлмаганда бир марта бўлсин ўзини бахтсиз ҳис қилади. Бироқ, жуда камдан-кам кишилар ўзларини бахтсиз санаётганларида, аслида аҳволи ўзларидан бир неча марта баттарроқ кишилар борлигини тафаккур қиладилар.

– Турмуш ўртоғим вафот этганида йигирма олти ёшда эдим, – дегандилар бир онахон билан ҳамсуҳбат бўлганимизда. – Эр-хотин аспирантурада ўқирдик. Қайнона-қайнотам эрта ўтиб кетишган, раҳматли турмуш ўртоғим амакиларининг қўлида ўсган эдилар. Беваликнинг азоблари қурсин, икки бола билан ижарама ижара сарсон-саргардонлик тинкамни қуритди. Ота-онамга ҳам оғирим тушмасин деб ҳаракат қилардим. Ука-сингилларим бор, боз устига оиламиз камхаржроқ эди. Йигирма олти йил ижарада яшадим. Эҳҳе, бу йиллар мобайнида не хўрликларни, не изтиробларни бошдан ўтказмадим, дейсиз. Ҳамма нарса ўткинчи экан. Уйли ҳам бўлдим, фарзандларимни ҳам ўқитиб, уйли-жойли қилиб элга қўшдим, ҳаж зиёратларига бориб келдим, хуллас бир пайтлари ўзим учун қўлим етмас бахт бўлиб туюлган орзуларимга эришдим.

Айтинг-айтинг, ҳар бир инсоннинг тақдирини хайрли қилган бўлсин, одам боласининг уринишлари беҳуда. Биз одатий ҳолат деб ҳисоблаганимиз нафас олишимиз ҳам, томоғимиздан бир қултум сув ўтиши ҳам, бир оғиз луқмамизни чайнаб юта олишимиз ҳам – бахт. Фақат буни вақтида эмас, кеч англаб етарканмиз. Ўз ҳаётимдан мисол қилсам, “Қайси гуноҳим учун Худо мени бахтсиз қилди? Турмуш ўртоғимдан эрта ажраб, бева қолдим. Энди икки болани қачон суягини қотириб, элга қўшаман? Қачон болаларимнинг ўз манзил-макони бўлади? Мен ҳам болаларимни ўз уйимда, бемалол эркалармиканман?!” деган ёзғиришлар билан ёшлигимни ғам-ғуссада адо қилдим. Ҳар нарсанинг вақт-соати бор экан, бир эмас, қўша-қўша уйли, ҳовли- жойли бўлдим. Невараларимни ўз уйимда оёқ узатиб эркалайман, ўйнатаман. Аммо ёшлигимда ўйланавериб, муаммоларим сабабли ўзимни бахтсиз ҳис қилиб соғлигимни бой берганим қолди. Элликка кирмай қон босим, “сахарний” деган касалликлар ёпишди. Энди болаларимдан, невараларимдан бирин-кетин тиниб-тинчиб, бахтли яшайман деганимда пенсия пулларимни укол-дориларга, касалхоналарга сарфлаяпман. Айтмоқчиманки, муаммоларни ўйлаб сиқилган билан фойдаси йўқ экан. Ҳар неъматни ўз вақтида қадрлаш лозим. Аллоҳ ҳамма бандасини бир кўзда кўради. Бахт ҳаммага тенг тақсимланган...
Умида Адизова

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бахт ҳаммага тенг тақсимланган