Кекса ёшли ҳамкасбимиз билан аёллар маънавий дунёси, юриш-туриши хусусида суҳбатлашганимизда устоз опахонимиз қайноналардан домангир эканликларини куйиниб гапирдилар:
— Ўн тўққиз- йигирма ёшли талаба қизчаларни келин қилишади-да, кейин “рўзғор ишларига уқуви йўқ”, “қачон қарасам ухлаб ётган бўлади”, “эрта туролмайди” деган баҳонайи важлар билан қиз узатган оналарнинг тинчини бузиб юришади.
Келин хизматкор, дегани эмас-да! Келинга ўзи тушган хонадон наслининг давомчиси, она сифатида қараш керак. Элликка кирмаган қайнона бир қоп бўлиб чошгоҳгача ётсину, йигирмага ҳам тўлмаган навниҳолгина келинчак тонгги тўртда уйғониб, ҳовли-кўча супурсин, оила аъзоларининг ҳар бирига алоҳида нонушта тайёрласин, нонушта дастурхонини йиғиштириб, идшларни ювиб апил-тапил дарсига ё ишига борсин, деб қаерда ёзилган экан? Гап-гаштакларда аёлларнинг сўзига эътибор берсам орзу-ҳавасида маъни-мантиқ йўқ. “Келин олиб хизматимга шайласам” эмиш.
Ҳой, барака топкур, момоларимиз “Худоё, ўз қўл- оёғимиздан қолдирмагин. Бандангга зориқтириб, Ўзингдан ўзгага муҳтож қилиб қўймаган” деб дуолар қилганлар. Биз бир қоп гўшт бўлиб, давраларнинг тўрида ёноғимизни қип-қизил қилиб ўтирамиз, куч-қувватимиз ўзимизда, битта экан-ку, тўртта келиннинг бир кунлик ишини бир соатда бажариб қўядиган ғайратимиз бору, келиннинг хизматига хомтама бўлишимиз нимаси? Бировнинг боласига зулм қилиш эмасми бу? Аллоҳдан ҳам қўрқиш керак-да, бундоқ...
Одам нима учун келин қилади?!..
Суҳбат жараёнида устознинг аччиқ гапларидан уялиб кетдим. Укамга қиш фаслида келин туширдик. Тонгда онам уйғониб ҳовлимизни супуриб, сигирни соғиб, нонуштага ширчой тайёрлаб, човгумларни ювиб-артиб қўярдилар. Жаҳлим чиқиб онамга:
— Мазза қилиб ётавермайсизми? Сиз тийинлаб пул жамғариб келин қилдингиз. Ўзингиз киймаган кийимларни қилдингиз, ўзингиз ўтирмаган уйларга келинни ўтқизиб қўйдингиз. Ўзингиз емаган таомларни дастурхонга қўйиб, тўй бердингиз. Келин ҳовли супирсин, ош-овқатингизни қилиб, икки букилиб “яна нима юмуш бор, ойижон?” деб турсин. Хизматингизни қилсин-да энди. Одам нима учун келин қилади?- дегандим, онам мендан хафа бўлдилар:
— Мен хизматкор олмадим, қизим. Ўғлимга тан маҳрам, жуфти ҳалол олиб бердим. Отанг иккаламиз бўйнимиздаги қарздан қутулдик. Келин келмасдан олдин мени ҳовлимни ким супурарди? Овқатимни ким тайёрлаб, чойимни ким дамларди? Шу пайтгача ҳовли-жойим супурилмай қолганмиди? Менга ҳеч кимнинг хизмати керак эмас! Келин ўғлимнинг оиласини яшнатиб, бахтини бутун қилиб, рўзғорини гуллатса, этагимни неварага тўлдирса бўлгани. Мен ҳам бир пайтлари келин бўлганман. Қайнонам раҳматли бир марта бўлсин қайноналик қилиб иш буюрмаганлар.
Ишдан келганимда чой дамланиб чойнакпўш кийдириб қўйилган, қозонда овқат бўларди. Аввал бафуржа овқатланиб олардим, сўнг уй юмушларига киришардим. Келин - фарзандим ортидан келган фарзандим. У қийналса менга яйрармидим? Менга келинга буйруқ бериб бошида қамчи ўйнатиш шарт эмас. Сенга кимдир зулм қилса, мен чидай оламанми? Келин ҳам бировнинг жонидан бунёд бўлган жигарбанди. Мен қизини оғринтирсам, онаси азоб чекади. Аллоҳдан қўрқиш керак, болам...
Тўғриси, онамнинг шу гапларидан кейин ҳам фикрим ўзгармаганди. Қайтанга, улардан ранжигандим “уч қават кўрпача устида, савлат тўкиб, келиннинг хизматидан фойдаланиб, қош кериб ўтирмайдиларми?! Тонгда туриб ҳовли супириш, мазали тамаддилар тайёрлаб қайнона-қайнотанинг оғзига тутиш келинликнинг бор-йўқ зийнати-ку”, деб ҳисоблардим. Устознинг гапларини эшита туриб, гўё улар юрагимдаги фикрни уқиб, менга танбеҳ бергандай хижолат чекдим.
Бу борада айрим юртдошларимизнинг ҳам мулоҳазалари билан қизиқдим:
“Қайнонамнинг молпарастлиги отамнинг бошини еди”
Мадина, 24 ёш: - Келинга хизматкор сифатида қарашни қўяверинг, келин олишни бойлик олиш манбаи деб биладиган қайноналар ҳам бор. Маҳалламизда кўпни кўрган, тўрт ўғилни уйлаб, уч қиз чиқарган, фахрий ўқитувчи онахон яшайдилар. Маҳалланинг тўй-тадбири, аза-мотами онахоннинг маслаҳатларисиз ўтмайди. Ўша онахон бир аёлнинг жон бераётганидан устида турган эканлар. Аёлнинг жони чиққанидан кейин келини:
— Аяжон, кўрдингизми, қайнонам бўкириб ўлдилар-а?- дебди. Хола “Астағфуруллоҳ, денг келинпошша, ким қандай ўлади, буни ҳеч биримиз билмаймиз, Худо билади. Қайнонангиз ҳақида шундай дейишингиз яхши эмас. Шу ердаги гап шу ерда қолсин, оқила бўлинг, гапингиз кўчага чиқмасин” деб уни койибдилар. Келин ҳам анойи эмас экан “Эй, ўлгани чин бўлсин, аяжон! Ота-онамни эзиб юборди қайнонамнинг тийиқсиз орзу-ҳаваслари! Ҳали деворга осадиган телевизор дедилар, ҳали музлаткич дедилар, “отанг кондинционер олиб келмади”, “онанг ҳайитларда йўқлов юбормайди, пастсанлар, гадойсанлар” деб ерга уравердилар, камситавердилар. Ажарашаман, десам адам раҳматли унамадилар.
Қайнонамнинг молпарастлиги адамнинг бошига етди! Онам уч жойда фаррош бўлиб ишлайдилар. Келин бўлганимга беш йил бўлибди, беш йилдан бери онам қизим борган жойида тиниб тинчсин деб, рўшнолик кўрмадилар. Қайнонамнинг орзу-ҳавасидан ортмади топганлари. Учта синглим аллақачон узатиладиган ёшга етишган, онамда ҳеч вақо қолмади. Қайнонам отамнинг умрига зомин бўлгани, онамнинг хўрлангани, сингилларимнинг бахти бойлангани учун ҳали қабрида ҳам жавоб берди...” деган экан. Ая аёллар жамланган бир издиҳомда бу воқеани ибрат бўлсин деб гапирибдилар...
Келиннинг вазифаси фақат хизмат қилиш эмас
Мукаррамхон ая, фахрий шифокор, Фарғона вилояти: - Келин хизматкор, уй ишларини бажаришга мажбур эмас-куя, аммо келинликнинг зийнати, гашту завқи ҳам айнан шу елиб-югуриб қайнона-қайнота, куёв ва унинг яқинларига хизмат қилишда-да! Келин қўл-оёғи чаққонлиги, пазанда, чевар эплилиги билан борган жойида ҳурмат-эҳтиром қозониши, ўзига имтиҳон нигоҳи билан қараётганларнинг дуосини олиши ўзбекчиликнинг яна бира ёзилмаган қонунларидан.
Лекин ёшгина келинчакларни тонг қоронғусида уйғотиб, совуқ кунларда кўча-ҳовлиларга челаклаб сув септиришга қаршиман. Келинлик пайтида қиз боланинг жисмида тўсатдан ўзгаришлар рўй беради. Бундай пайтда келин имкон қадар иссиқроқ кийиниб юриши, ўзини эҳтиёт қилиши шарт. Чунки келиннинг вазифаси фақат уй юмушларини бажариш эмас, балки наслни давом эттириш, келгусида соғлом, ақлли фарзандларни дунёга келтириб, жамиятга комил инсонларни етиштириб беришдир. Қайноналар мана шу ҳақиқатни унутмагани маъқул...
Азалдан ўзбек аёли ориятли, кўнгил кўзи тўқ, фаҳм-фаросат бобида беназир хилқат сифатида танилган. Жумладан оила, турмуш ва чин аёллик илмининг нуқтадони сифатида кўз ўнгимизда гавдаланадиган сиймо ҳам- ўзбек қайнонаси! Ҳар ишда уқувсиз, нўноқ келинчакка ибрат бўлишга арзигулик феъл-атвори билан таҳсинга лойиқ қайноналаримиз мулоҳазаларимизга қандай муносабатда эканлар? Марҳамат, сўз сизга!
Умида АДИЗОВА
Манба: Azon.uz “Замин” янгиликларини “Telegram”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
Германия разведкаси раҳбари: “Россия яқин йилларда НАТОга ҳужум қилиши мумкин”
Ўзбекистонда онкологик касалликка чалинган аёллар бепул даволанади
Эрон Исроил билан кенг кўламли урушга тайёрлигини маълум қилди
Эрдўғон: “Туркия Ғазо можароси тугамагунча Фаластинни қўллаб-қувватлайди”
100 млн сўмгача бўлган кредитлар соддалаштирилган тартибда ажратилади
Организмда қайси турдаги витамин етишмаётганини қандай аниқлаш мумкин?
Грецияда минглаб одамлар НАТОга қарши намойиш ўтказди
Медведев Россия НАТО ҳарбий базаларига зарба йўллаши мумкинлигини истисно қилмади