17:18 / 08.11.2019
3 987

Розентал эффекти: бола руҳиятини синдирманг!

Розентал эффекти: бола руҳиятини синдирманг!
Наполеонни болалигида:
— Жаноб, туринг, сизни буюк ишлар кутяпти! — деб уйғотишар экан. Қаранг, болага “жаноб” деб мурожаат қилишяпти. Кичкиналигидан “мени буюк ишлар кутяпти экан” деб, ўзини шунга тайёрлаб борган экан. Бонапарт тарихда қандай жангчи бўлган, билмадим-у, лекин бундан 1000 йилдан кейин ҳам Наполеон деса ҳамма билади.

Бизда-чи?
— Тур, падарингга лаънат. Соат ўн бўлди! Моллар оч ётибди. Энаси, бунга тур десанг бўлмайдими? Ётишингни қара чўчқага ўхшаб. Сен одам бўлмайсан. Сен молсан.

Ётиши чўчқага ўхшаса, юриши молга ўхшаса. “Мендан ҳеч ким чиқмас экан”, деб чой ҳам ичмайди, кайфияти ҳам йўқ ҳолда далага чиқиб кетади. Охирида ўша боладан ростдан ҳам ҳеч ким чиқмайди. Орамизда кўпчилик шунақа сўкиш эшитган.
(Марҳум Ҳожибой Тожибоев ҳангомаларидан)

Биз катталарнинг айби болаларимиз ҳақида олдиндан умумий ҳукм чиқариб қўйишимиздир. Афсуски, бу хулосаларимиз кўп ҳолатларда уларнинг камчиликлари ва салбий жиҳатлари ҳақида бўлади.

Ёшлигида хато қилиб кимнингдир нарсасини сўроқсиз олиб қўйган болага “ўғри” деган тамға босилади, уйидаги психологик муаммолари туфайли дарс қилолмаган ёки дарсларни ўзлаштиролмаган болалар “иккичи” деб тан олинади. Натижада бу болалар бошқалар кутган натижага ўзлари билмаган ҳолда эришади. Яъни, шу “ўғри” деб тан олинган бола ўғрилигини тан олиб, таслим бўлади.

1960 йилларда Сан-Францискода истиқомат қилувчи психологлар Розентал ва Якобсон бир тажриба ўтказиб кўришади. Улар бошланғич мактаб ўқувчиларининг IQ даражасини текширишади. Кейин эса, натижаларга қараб ўтирмасдан баъзи болаларни тасодифий тартибда танлаб олишади ва ҳаммага ана шу болаларнинг ақли йил охиригача кескин ўсишини айтишади. Натижа эса ҳаммани ҳайратга солган, танланган болаларнинг ақли ҳақиқатдан ҳам ўсган, уларнинг IQ натижалари ҳам юқори бўлган.

Аслида болалар характери ёки ақлий салоҳияти ҳақида хулоса чиқариш умуман нотўғри, чунки болалар ривожланишда бир-биридан фарқ қилади. Биринчи синфда ўқишга қийналган боланинг ўқиш борасидаги қобилиятлари, кейинчалик ривожланиши мумкин. Биз катталар эса уларга “билмасвой” тамғасини босиб, доимий ёмон ўқишини таъминлаб қўямиз. Масалан, баъзи болалар 1 ёшга тўлмасидан юришни бошлайди, лекин, улғайгач уларнинг юриш ёки югуриш қобилияти 1 ярим ёшда юрганларникидан ҳеч қандай фарқ қилмайди.

Бу ҳолатдан тарбиячи, ота-она сифатида нима хулоса чиқаришимиз мумкин?!

Бола характери қобилиятлари ҳақида иложи борича позитив хулоса чиқаришимиз, салбий фикрларимизни эса болалар олдида умуман тилга олмаслигимиз керак. Боланинг бизга кўринган камчилиги шунчаки вақтинчалик бўлиши мумкинлиги масаланинг биринчи тарафи бўлса, иккинчи тарафдан биз улар ҳақидаги яхши ёки ёмон фикримиз сабабли уларни яхши ёки ёмон эканлигига ишонтира олар эканмиз.

Демак, энди болаларимизни камчиликларини эмас, ютуқларини кўпроқ таъкидлайлик!

Манба: Sof.uz

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Розентал эффекти: бола руҳиятини синдирманг!