6 425
«Толибон» ва унинг шафқатсизликлари ҳақида Ўзбекистонда яшаётган афғонистонлик ҳикояси
Абдул Басир Садат
Афғонистон 2021 йил бошида ҳам нисбатан тинчроқ эди, аммо бугун вазият буткул бошқача: АҚШ бошлиқ коалиция қўшинлари мамлакатни тарк этаётгани ортидан «Толибон» мамлакат шаҳар ва вилоятларини бирин-кетин босиб олмоқда — Европа Иттифоқи маълумотларига кўра, айни дамда Афғонистоннинг 65 фоиз ҳудуди толиблар назорати остида. Ноилож хориждан бошпана излаб, саргардон юрган афғонларнинг сон-саноғи йўқ. Улар учун террор ва қатлдан қочишнинг ягона чораси — муҳожирлик. Афғонистонлик Абдул Басир Садат ҳам оиласи билан Ўзбекистондан қўним топган. У «Толибон» ва унинг шафқатсизликлари ҳақида «Дарё»га сўзлаб берди.
Афғонистонда болалар йўқ... болалигидан айрилганлар бор
Ҳиротданман. Бу ўлкани таърифлашга ҳожат йўқ, менимча. Ўз даврининг энг ривожланган, гуллаб-яшнаган, илм-маърифат чўққига чиққан макон эди. Аммо бугун… манзара бутунлай бошқача. Бузилган, қулатилган биноларга тўла харобага айланмоқда. Кўрганинг сари юрагинг оғрийди. Кўрмай десанг, юртдошларинг тақдири ҳақидаги мудҳиш хабарлар пайдар-пай келаверади.1988 йили Афғонистоннинг Ҳирот шаҳрида туғилган. Компьютер ва информацион технологиялар бўйича мутахассис. Etisalat компанияси ходими. Олти ойдан бери Ўзбекистонда яшайди. Шу ерда ахборот технологиялари йўналишида компания очиб, тадбиркорлик қилмоқчи, аллақачон бизнес ҳаракатларни бошлаб юборган. Оилали, бир нафар фарзанди бор.
Беш ойлик чақалоқ пайтим диний ақидапарастлар отам ва амакимни ўлдириб кетган экан. Онам тўрт фарзанд — уч ўғил ва бир қизни ўзи тарбиялаб, вояга етказди. Опам ва икки акам ҳозир Европада яшайди... «Толибон» Афғонистонда ҳокимият тепасига келганида эса 7–8 яшар бола эдим.
1994–1995 йиллари «Толибон» бирин-кетин вилоятларни, қишлоқларни эгаллаб, давлатга ўхшаш нимадир ташкил этди. Буни давлат ҳам деб бўлмасди, аслида. Уларнинг ҳаққоний давлат талабига жавоб бероладиган на қонуни, тартиб ва на йўли бор эди.
«Толибон» келгач, жамики йўлларимиз ёпилди. Бизни гўё қафас ичига солиб, шу тор-танқисда яшашга мажбурлашди. Кундалик турмушимиз изидан чиқди. Ўтган йиллар давомида толиблар нафақат сиёсат одамлари, шифокорлар, муҳандис-у оддий фуқароларга, ҳатто болаларга раҳм-шафқат қилмай, қотилларча сиёсат юритди. Уларда бирор тизимли сиёсат, режанинг йўқлиги ҳамманинг турмуш тарзи, ҳаёти, орзуларига таъсир қилди.
Энг оғири, афсуски, болаларнинг гарданига тушяпти. Дунёвий илмларнинг тақиқланиши, ўқийман, олим бўламан деганнинг жисман маҳв этилиши, илм-ҳунарли кишиларнинг сўроқ-саволсиз ўлдирилиши даҳшатли манзара. Буни ўша ерда яшаган, зулмни кўриб-кузатиб, ўзи ҳам жисман азобланган киши яхши билади. Бир қатим нурга — тинчликка зор бўлиб яшаш нималигини миллатдошларимдан сўранг.
Болаларнинг эртага ким бўлиши, қандай кун кечириши уларни ҳечам қизиқтирмайди. Шунинг учун мурғак гўдак қорин ғамида эрта ёшдан ишлашга, кун-тун қора ишдан бош кўтармай меҳнат қилишга — бойларнинг машинасини ювишга, майда-чуйда сотиб, олибсотарлик қилишга мажбур. Улар болалик, ўйин-кулги, майдончаларда шодон қийқириб ўйнаш нималигини билмайди. Афғонистонда болалар йўқ, болалиги барвақт тортиб олинаётганлар бор.
«Толибон» учун илмсизлик — шараф, замонавий илм-фан — душман
Толиблар ҳар қандай замонавий илмни қатъий рад этади. Тўғри, сўзда Ислом динидан сабоқ бериб, шариат қоидаларини тушунтиришга ҳаракат қилади, лекин амалда бошқа «илм»ни ўргатади. Бу болаларнинг дунёқарашини кенгайтириш ўрнига, биқиқ, тор муҳитда кўпроқ қолишга, дунёни фақат бир тарафлама — бировдан ўч олиш, ўлдириш, сўйиш, аёлларни таҳқирлаш, калтаклаш, илм исботлаганни рад этишга кўниктиради, холос.Йўлбошчилари эса таълим-тарбиядан кўра жоҳилиятни афзал билади. Улар учун илмсизлик — шараф, ғурурланиб айтиладиган гап. «Нега бу ерга келдинг?» деб сўрасангиз, «Жиҳод учун!» дейди. «Жиҳод ўзи нима?» десангиз, билмайман дейди. «Исломдаги илк калом қайси?» десангиз, жим тураверади. «Толибон» учун атрофдан келадиган жиҳодчилар восита, шунчаки ўққа кўксини тутиб берадиган тоифа. Нега ва ким учун урушаётганини билмайдиганлари ҳам бор.
Мен ўзим эркаклардан кўра аёлларнинг илм олиши муҳимроқ, деб ўйлайман. Афғон аёлларининг кўпи ишлолмайди, ишлашга бирор имкони, очиқ йўли ҳам йўқ. Авваллари муаллималик қилган аёллар бугун чодра ичида, тўрт девордан иборат ҳовли-уйидан ташқарига чиқолмайди. Мабодо журъат топса, дарров жазоланади, тошбўрон қилинади, ўлдирилади ҳатто.
Хотин-қизларнинг овози янграши, муносиб ўрнини топиши учун истиқбол йўқ — барига тўсиқ қўйилган. Зарур жойларда, масалан, касалхоналарда ҳамшира, шифокор аёл тополмайсиз. Мактабларда ҳам аҳвол шу. Толиблар аёлни шахс, жамиятга керакли инсон сифатида кўрмайди. Истакларни қондирувчи восита деб қарайди, холос. Аёлларимизнинг бундай таҳқирланишини тўхтатишга чора тополмаслигинг ёмон.
Мактабга илк қадам ташлаган кунданоқ улар диний билимларни куч билан, мажбуран ўқитади. Диний билим зарур — муҳаббатим бўлак бунга. Бироқ шунинг ўзи кифоя эмас. Инглиз тили ўрнига фақат арабчани ўзлаштирсангиз, бор-йўғи маҳаллий фанлар, тилларнигина ўргансангиз, ҳеч нарсага эришолмайсиз.
Толибларнинг энг ёмон кўргани — инглиз тилини биладиган кишилар. Бизда ҳам орзулар, мақсадлар бор. Лекин «Толибон» буни кундан кун рад этиб, сўндириб, тупроққа қориштириб бормоқда. Афғон урф-одатларига кўра анъанавий либосларни кийишга, салла ўрашга мажбурмиз. Тушунишмайдики, булар ҳаёт мазмуни эмас, хайрга хизмат қилмайди.
Улар истаган одамини — кимдир ёқмаса, бўйсунмаса, ўйлаб ўтирмай йўқ қилади. Агар оилада икки эркак бўлса, улардан бири, албатта, «Толибон» армиясига ўтишга, қўлига қурол олиб жанг қилишга, ватандошини хўрлашга мажбур. Агар қаршилик қилса, шартта жони олинади, яқинлари қийноққа солинади. Мужоҳидларга хизмат қилиши учун хотин-қизлар оилалари бағридан юлиб олинади. Янгиликларни кузатсангиз, ўзингиз гувоҳ бўласиз: шафқатсизлик ва босим кундан кун чўққисига чиқиб бормоқда. Дарвоқе, толиблар оммавий ахборот воситалари билан ҳам муроса қилолмайди — телеканалларни ёпиб, журналистларни аямай қиради.
Мен сиёсат одами эмасман, сиёсатга унча қизиқмайман ҳам. Лекин толибларни ташқаридан кимдир қўллаб-қувватлаётгани, қурол билан таъминлаётгани, ҳаракатларини оқлаб, рағбатлантираётганини сўқир одам ҳам билиб турибди. Улар аслида ўз-ўзича бирор ҳаракат қилолмайди, кўпинча бошқа мамлакатларга суянади. Камига бошқа террорчилик гуруҳлари ҳам уларга кўмакчилик қилади.
Илк ҳукмронлик йилларида «Толибон» ҳозирдагидек қаттол эмасди. Айни дамда вазият жуда ёмон. Агар кимнингдир Кобулдаги ҳукумат билан алоқасини сезиб қолса, шартта отиб ташлайди. Улар эгаллаган ҳудудоарда шифохоналар, мактабларнинг кули кўкка совурилган, электр базалари ёқиб юборилган, университетлар фаолияти тўхтатилган. Ҳирот билан Кобулнинг ораси, тахминан, 1100 километр, лекин бирорта ҳам бус-бутун кўприкни учратмайсиз.
Ҳозир афғонлар учун иш топиш, тирикчилик муаммо. Кўчага чиққан одамнинг ўлиб кетмаслигига кафолат йўқ. Фақат пойтахт Кобулдагина хийла эркинлик, нисбатан тинчлик бор. Ўртаҳол оиланинг нон топиб, болалари қорнини тўйғазиши мушкул. Шаҳар марказидан четроқда иш топиш — бахт. Бировнинг ерида чоракор бўлиб ишлайдиганлар кўп. Ишлаб чиқариш даражаси жуда паст.
Дўстларим ва уларнинг яқинлари ўлдирилаётганини кузатиш оғир. Улар имкон бўлиши билан, ўйлаб ўтирмай, мамлакатни тарк этарди, бироқ ҳамма ҳам, ҳар доим ҳам бунинг уддасидан чиқолмайди. Уйи бузилган мазлумнинг қўлидан ҳеч нарса келмайди. Жим тураверади. Исён қилса, гапирса, «Толибон»нинг қаҳрига учрайди... Айтаман десангиз, гап кўп, толиблар шаънига бирор яхши сифат топиш амримаҳол.
«Толибон» бўлмаганда…
«Толибон» бўлмаганида... аввало, тинч яшардик. Одам қадрланар, таълим, соғлиқни сақлаш, иқтисодиёт, сиёсат ўз йўлида бардавом кетаётган, ривожланаётган бўларди, эҳтимол. Мамлакат фаровон, аҳоли илмли бўлган, дунё билан ҳамқадам юраётган бўлармидик. Ҳозир энг катта муаммо — нотинчлик.Ўқувчилик йилларим «Толибон» даҳшатини кўрдим, юқори синфга ўтгач янги ҳукумат келди-ю, ўзгаришлар бошланди. Бор имкониятимни ишга солиб, яхши ўқишга ҳаракат қилдим. Кобулдаги Кардан университетининг компьютер технологиялари йўналишида ўқидим. Халқаро компанияда дурустгина иш топдим. Хитой, Ҳиндистонда малака оширдим. Хорижга чиқиб, нақадар ортда қолганимиз, оддий, ўта жўн янгиликлардан ҳам бехабарлигимиз, жоҳиллар қўлида қолаётганимиздан афсусландим.
Сўнгги йилларда Афғонистондаги вазият яна ёмон тарафга ўзгара бошлагани сабаб онам ва рафиқам билан бирга ватандан чиқиб кетдим. Туғилиб-ўсган жойингдан чиқиб кетиш жуда қийин, аммо кўнмасдан бошқа илож йўқ. Агар ота юртим Афғонистонда тинчлик ўрнатилса, Ўзбекистон бизга виза беришни рад этавермаса, икки ўртада бизнес қилиш ниятидаман.
Муаллиф:Чарос Низомиддинова
“Замин” янгиликларини “Facebook”да кузатиб боринг
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босингМавзуга оид янгиликлар
БААда исроиллик раввин ўлдириб кетилди
Украина Курск областида эгаллаб олган ҳудудларининг 40 фоиздан ортиғини йўқотди
Медведев: Махсус ҳарбий операция учун қуролларнинг аксарияти Россияда ишлаб чиқарилади
Чарлз III нинг тож кийиши британияликларга 90 млн долларга тушгани маълум бўлди
Россия Буюк Британия дипломатига қарши кескин чора қўллади
Қирғизистонда электрон сигареталар тақиқланмоқда
Украина элчиси: “Россия армияси Одесса ва Николаевни босиб олишига Туркия тўсқинлик қилган”
Буюк ишлар 50 ёшдан кейин...