14:25 / 06.09.2021
2 561

Иммунитетни сусайтирадиган овқатланиш билан боғлиқ 5 одат

Иммунитетни сусайтирадиган овқатланиш билан боғлиқ 5 одат
Фото: Harper’s Bazaar
Куз шамоллаш кўп учрайдиган мавсум саналади. Қолаверса, айни вақтда дунёда коронавирус билан боғлиқ вазият мавжудлигидан келиб чиқилса, иммунитетни мустаҳкамлаш ҳар қачонгидан ҳам муҳим.

Тузни кўп миқдорда истеъмол қилиш
Организмда натрий миқдорининг ортиши нафақат шишлар пайдо бўлиши, балки мушаклар заифлашиб, иммун тизими сусайишига ҳам олиб келади. Тадқиқотларда аниқланишича, ортиқча тузни чиқариб юборишга организм вирус ва инфекциялар билан курашиш учун муҳим бўлган ресурсларнинг бир қисмини сарфлайди, оқибатда иммуноглобулин етарли миқдорда ажралмайди ҳамда касалланиш хавфи ортади. Шу сабаб ҳам фастфуд ва гўштли деликатеслар истеъмолидан тийилинг ва таом тайёрлаш давомида туздан ортиқча фойдаланманг.

Шакарни канда қилмаслик
Шакарни ҳаддан ортиқ истеъмол қилган кишининг организмида саломатлик билан боғлиқ муаммолар бўлмаслиги мумкин эмас. Оқ шакар ҳеч қандай озуқавий қиймати бўлмаган углевод ҳисобланади. Истеъмоли сабаб сурункали касалликлар хавфи ортади, қариш ва вазн ортиши кузатилади, иммунитет пасаяди. Меъёрдан ортиқ глюкоза иммуноглобин фаоллигини ўртача 30 фоизга камайтиради. Оқибатда эса вирусли инфекциялар билан касалланиш эҳтимоли сезиларли даражада ортади. Шакардан буткул воз кечишга ҳожат йўқ, аммо унинг миқдорини доимий равишда назорат қилиш керак. Яхшиси, унинг ўрнига бошқа фойдали маҳсулотларни истеъмол қилинг, ширин ичимлик ўрнига кўпроқ сув ичинг.

Рационда клетчатканинг етарли бўлмаслиги
Клетчатка соғлом ҳазм жараёнини таъминлайди, нафақат иммунитетни мустаҳкамлайдиган, балки тери аҳволи ва кайфият кўтарилишига ижобий таъсир қиладиган фойдали ичак бактерияларининг ишлаб чиқарилишини жадаллаштиради. Клетчатка ва пробиотикларга бой таомни истеъмол қилиш иммун тизими фаолиятини қўллаб-қувватлаб, организмни вируслардан ҳимоя қилишга ёрдам беради. Рационда клетчаткаларнинг кони бўлган сабзавотлар, дуккакли ва қайта ишланмаган маҳсулотлар бўлишига эътиборли бўлинг.

Қаҳвани ҳаддан ортиқ даражада истеъмол қилиш
Кофеин тетиклаштириш, асаб тизимини рағбатлантириш, шунингдек, кўплаб сурункали касалликлар ва эрта қариш аломатларининг олдини олиш хусусиятига эга маҳсулот ҳисобланади. Аммо ҳамма нарсада меъёрни билган яхши. Акс ҳолда қаҳвани ҳаддан ортиқ даражада истеъмол қилиш иммун тизимини сусайтириб, турли вирусли касалликларга чалинишга сабаб бўлиши мумкин. Кофеинга ўрганиб қолиш мумкинлиги сабаб ҳам мутахассислар кун давомида 1-2 финжон билан чекланишни тавсия қилади. Агар ўзингизни етарлича тетик ҳис қилмасангиз, вақтида ухлашга ёки бошқа самарали усуллардан фойдаланишга уриниб кўринг.

Сабзавотларни етарлича истеъмол қилмаслик
Сабзавотлар нафақат клетчатканинг кони, балки витамин ва минералларнинг ҳам асосий манбаидир. А, C витамини ва фоли кислотасига бой бўлган яшил сабзавотлар иммунитетни аъло даражада мустаҳкамлайди, шамоллашнинг олдини олади. Айнан шу сабаб ҳам салат, сабзавотли рагу ва смузи истеъмол қилишни канда қилманг.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Иммунитетни сусайтирадиган овқатланиш билан боғлиқ 5 одат