12:20 / 08.10.2021
2 960

Ҳомиладорлик даврида магний танқислиги белгилари

Ҳомиладорлик даврида магний танқислиги белгилари
Фото: Pinterest
Ҳомиладор аёл учун барча витамин ва минераллар меъёрида зарур. Чунки туғилажак боланинг саломатлиги айнан бу билан боғлиқ.

Магнийнинг вазифалари:
  • Ҳомиладорлик даврида она ва бола ўртасидаги алоқани таъминлайдиган махсус аъзо − йўлдошни шаклланишида иштирок этади. Йўлдош тўқималарида бир қатор муҳим жараёнларни бошқарадиган 100 дан ортиқ магнийга боғлиқ оқсиллар мавжуд. Бачадон ва йўлдош − магний миқдори энг юқори бўлган аъзолардир.
  • Имплантация − ҳомилани бошланғич даврида бачадонга жойлашиши жараёнидаги муҳим элементдир.
  • Ҳомиланинг тўқималари шаклланиши ва асаб тизимлари ривожланиши учун мураккаб кимёвий реакция ва синтез жараёнига керак.
  • Ҳомиладорларни стрессга чидамлилигини оширишга ёрдам беради.
  • Бачадон тонусини тартибга солади.

Магний етишмаслиги белгилари:
1. Мушак тизимида тортишлар − бел ва оёқларда оғриқ, кўпинча болдир соҳасидаги тортишиш, одатда улар тунда аёлнинг оёқлари узоқ вақт бир ҳолатда бўлганда намоён бўлади.
2. Бачадон танасида, бўйинчасида тортишишлар, мушаклар тонуси ошиши – бу қориннинг пастки қисмида оғриқлар билан кечади.
3. Асаб тизими − асабийлик, жиззакилик, кўз ёшлар, тез-тез кайфият ўзгаради, диққат, хотира ва уйқу ёмонлашади. Баъзида тушкунлик пайдо бўлади.
4. Юрак-қон томир тизими − қон босими, бош айланиши ва бош оғриши каби белгилар пайдо бўлади. Суюқлик алмашинуви бузилиши натижасида оёқларда шиш пайдо бўлади ва қон айланиши ёмонлашади. Юрак тез-тез уриши, аритмия, юрак соҳасида санчиқлар пайдо бўлиши мумкин.
5. Ҳазм қилиш тизими − кўпинча қабзият ва метиоризм − қорин дам бўлиши кузатилади.
6. Йўлдошнинг эрта қариши − таркибида петрификатлар пайдо бўлиши, болада гипоксия − кислород етишмаслигига олиб келади. Бу ультратовуш ёрдамида текширилганда аниқланади.

Ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтасидан бошлаб аёлнинг эҳтиёжи витамин Б6 ва магнийга бир ярим баробар кўпаяди. Ҳомиладорлик пайтида магнийга бўлган талаб фақат болани катта бўлиши ҳисобига эмас, балки бачадон массасини 100 граммдан 1000 граммгача бўлиши, қон миқдорини 25-30 фоизга ошиши, сут безларини кўпайиши, эстероген ва алдостерон гормонларининг даражасини ошиши билан ҳам боғлиқ.

Озиқ-овқат маҳсулотларидан керакли миқдорда магний ва Б6 витаминини олиш ҳар доим ҳам мумкин эмас. Онада ёндош касалликлар бўлиши оқибатида организмга кирган микроэлемент ва витаминларнинг барчаси ҳам сўрилавермайди, кетма-кет туғиш, турмуш тарзининг ёмонлиги организмда магний етишмаслигини келтириб чиқаради. Магний етишмаслиги ҳомиладорлик асоратларини кўпайтиради. Ҳомиладорликни режалаштиришдан аввал организмни соғлом қилиш керак. Соғлом туғилган бола келажакда яхши ривожланади ва тез-тез касал бўлавермайди.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Ҳомиладорлик даврида магний танқислиги белгилари