11:44 / 17.10.2021
1 992

Бош айланиши қандай касалликлар аломати ҳисобланади?

Бош айланиши қандай касалликлар аломати ҳисобланади?
Фото: Pinterest
Бош айланиши ва кўз олди қоронғилашиши энг кўп учрайдиган шикоятлардан биридир. Бош айланиш касаллик эмас, балки кўплаб неврологик, психологик, юрак-қон томир тизими, қулоқ касалликлари аломати бўлиши мумкин. Шунинг учун бунга эътиборсиз бўлмаслик керак.

Агар бош айланиши камдан кам ҳолларда, масалан, машина, самолётда ёки тўсатдан ҳаракат қилганда бир неча сония давом этса, бу организм учун қўрқинчли ҳолат эмас. Бунда мия қон томирларида спазм бўлиши натижасида мияга кислород ва озуқа моддалари етказиб берилиши камаяди ва бош айланиши, кўз олди қоронғилашиши, кўнгил айниши ҳолатлари кузатилади.

Доимий бош айланиши қандай касалликдан дарак беради?
Қон босимини пасайиши натижасида бош айланганда, кўз олди қоронғилашади, танада заифлик, бошда кескин оғриқ пайдо бўлади, гоҳида бу ҳолат ҳушдан кетишига олиб келиши мумкин.

Қалқонсимон без касалликларида ортиқча миқдорда гормон ишлаб чиқарилиши туфайли бош айланиши пайдо бўлади. Сувсизланиш натижасида қон қуюқлашади, миядаги майда қон томирларида қон айланиши бузилади ва кислородга тўйинмайди.

Вестибуляр аппарати касалликларида бош айланиши кўнгил айниши, қайт қилиш, терлаш, мувозанатни йўқотиш билан содир бўлади. Бундай вазиятда отоневролог шифокори билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Ички қулоқ зарарланганда доимий шовқин симптомига вақти-вақти билан бош айланиши қўшилиб туради. Бундай вақтда ЛОР-шифокорга мурожаат қилиш керак.

Агар бош айланиши буюмларнинг иккита кўриниши, талаффуз ёки оёқ-қўллар ҳаракати бузилиши билан кечса, бу бош мия функцияси бузилиши билан боғлиқ бўлиб, дарҳол невропатолог шифокорга мурожаат қилиш керак.

Психоген ёки невротик бош айланиши – руҳий толиқиш, арзимас нарсага хавотирланиш, қўрқув, тушкунлик, чарчоқ фонида бирдан асабийлашгач бош айланиши кузатилади. Мазкур вазиятда психолог билан маслаҳатлашган маъқул бўлади.

Бўйин умуртқа поғонаси остеохондрози касаллигида умуртқалар орасидан ўтган қон томирларини сиқилиши оқибатида қон айланиши бузилади ва бош айланишига олиб келади. Айниқса, нотўғри ётиб қолганда, юқорига қараганда, бошни кескин бурганда аломат яққол намоён бўлади. ушбу ҳолатда ҳам невропатолог билан маслаҳатлашиш тавсия этилади.

Бош айланиш тез-тез такрорланаверса, даврий ёки доимий характерга эга бўлса, албатта, шифокорга мурожаат қилиб, тўлиқ текширувлардан ўтиш лозим.

Шифокор Хуршид Аъзамхўжаев тавсиялари асосида тайёрланди.

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Ҳаёт учун » Бош айланиши қандай касалликлар аломати ҳисобланади?