17:17 / 05.08.2022
1 555

Бир кунда 4 та қонун рад этилди. Сенат уйғоняптими?

Бир кунда 4 та қонун рад этилди. Сенат уйғоняптими?
Фото: Олий Мажлис Сенати ахборот хизмати
4 август куни бўлиб ўтган ялпи мажлисда сенаторлар 4та қонунни рад этди. Ёппасига бунча қонуннинг рад этилиши Сенат тарихида илгари кузатилмаганди.

Даставвал сенаторлар Уй-жой кодекси ҳам маъқулланмади. Юқори палата қонунчиларининг фикрича, кодексда маҳаллий ҳокимликларнинг давлат уй-жой фондидаги турар жойларни юридик шахсларга белгиланган мақсадда фойдаланиш учун ижара шартномаси шартлари асосида бериш ваколатини амалга ошириш тартиби белгиланмаган, бу эса ҳокимият ваколатларини суистеъмол қилиш ва бошқа коррупцион ҳолатларга шарт-шароитлар яратиб беради. Шунингдек, ҳужжатда бошқа бир қатор нормаларни қўллаш механизмлари етарлича очиб берилмаган, шу боис уни такомилига етказиш зарур.

Сенат аъзолари никоҳланувчи шахсларнинг мажбурий тиббий кўрикдан ўтганидан сўнг 1 ойлик муддатни кутмасдан исталган вақтда никоҳдан ўтиши ҳақидаги қонунга ҳам қарши чиқишди. Улар бу нормани киритишда таклифлар етарли даражада асослантирилмаган деб топди.

Ҳимоя ордери талабини бузган зўравонларга нисбатан белгиланган жарима миқдорини амалдаги 300–900 минг сўмдан 1,5–3 млн сўмгача ошириш ҳақидаги қонун ҳам рад этилди. Сенаторларнинг айтишича, БМТ тавсияларига асосан, оилада зўравонлик содир этган шахсларга жарима солишни жабрланувчига тушадиган юк сифатида қараш керак.

Қайтариб юборилган тўртинчи қонун – суд тизимини электронлаштиришга оид. Унга кўра, эълон қилинган ҳукм суднинг расмий сайтига электрон ҳужжат тарзида жойлаштирилиши ва унинг ҳаволаси судланувчига SMS-хабар ёки элекрон почта шаклида юборилиши кўзда тутилганди. Қонунчилар эътирозича, бу тизимнинг хавфли жиҳати бор: электрон ҳавола интернетда тарқалиб кетса, суд ҳукмида ёзилган ва одамларнинг бошқалар кўришини истамайдиган маълумотлари оммага ёйиб кетиши мумкин. Сенаторлар бу тизимни республика миқёсида жорий қилишдан аввал эксперимент қилиб кўриш керак деган фикрни билдирди.

Ҳуқуқий эслатма: Рад этилган қонунлар Сенат тасдиғисиз ҳам қабул қилиниши мумкин

Қонунчиликка кўра, Сенат томонидан рад этилган қонун Қонунчилик палатасига қайтарилади. Қайтарилган қонун юзасидан Сенат ва Қонунчилик палатаси келишув комиссиясини тузиши мумкин.

Келишув комиссиясининг таклифлари қабул қилинган тақдирда, қонун Қонунчилик палатасида қайта кўриб чиқилади ва маъқуллаш учун Сенатга юборилади. Агар Сенат илгари рад этилган қонунни қайта кўриб чиқишда уни келишув комиссиясининг таҳририда маъқулламаса, қонун рад этилган ҳисобланади ва у яна Қонунчилик палатасига қайтарилади.

Қонунчилик палатаси Сенатнинг қонунни рад этиш тўғрисидаги қарорига рози эмаслигини билдирса, қонун аввалги қабул қилинган таҳририда овозга қўйилади. Депутатларнинг камида учдан икки қисми қонунни яна маъқулласа, ҳужжат Олий Мажлис томонидан қабул қилинган деб ҳисобланади ҳамда Қонунчилик палатаси томонидан президентга имзолаш ва эълон қилиш учун юборилади.

Албатта, юқоридаги ҳуқуқий жараёнларнинг амалиётда рўй бериши эҳтимолини юқори деб бўлмайди.

Блогер ва ҳуқуқшунос муносабати

Davletovuz Telegram-канали бирваракайига 4та қонунни маъқулланмаганини Сенат тарихидаги рекорд бўлиши мумкинлигига ишора қилган. Блогер, шунингдек, рад қилиш асослари ҳам келтирилганига эътибор қаратган ҳамда парламент юқори палатасининг дадиллиги, ўз сўзини айтаётганини олқишлаган.

Шунинг баробарида, канал муаллифининг фикрича, никоҳдан ўтишдаги 1 ойлик муддатни бекор қилиш ҳақидаги қонунни рад этишда сенаторлар таҳлилларга эмас, балки қандайдир классик эҳтиёткорлик билан ёндашишган.

Ўзи 1 ойлик муддат шундоқ ҳам амалиётда инсон омилини рағбатлантирадиган, коррупция учун шарт-шароит яратадиган норма эди. Тиббий кўрикдан ўтиш талабларига қанчалик амал қилинаётгани ҳам кўпчиликка сир эмас. Ўзимизни алдашни тўхтатармиз, балки...

Агар юқоридаги қонун бўйича ҳам тартибга солиш таъсирини баҳолашдан ўтказилганда, балки сенаторларимиз қўлида мутлақо бошқача картина ҳосил бўлган бўлур эди. Амалдаги норма ҳақиқатда ишляптими? Ишлаётган бўлса, шунча ирсий касалликлар билан туғилаётган болалар қаердан пайдо бўляпти? Бу норма коррупцияни рағбатлантирмаяптими? Бургага жаҳл қилиниб, кўрпа ёқилмаяптими? Ажралишлар, бошқа оилавий муаммоларни бартараф этишда ушбу норма ҳақиқатда ёрдам беряптими? Оддий саволлар — лекин қайчилаш ечим эмас
”, деб ёзади Davletov.uz.

Никоҳга оид қонун муаллифи – Адлия вазирлиги. Бу вазирлик ҳузуридаги “Адолат” миллий ҳуқуқий ахборот маркази директори Фурқат Тожиев сенаторларнинг рад жавобига муносабат билдирди.

Тожиевнинг айтишича, никоҳ ФҲДЁга ариза бергандан кейин 1 ой ўтиб расмийлаштирилади деган қоида 1998 йилда киритилган ва кўп эҳтимол билан СССРда ҳам бўлган.

Сенаторимиз айтгандай бу қоида никоҳланувчилар яхшилаб ўйлаб кўриши учун киритилмаган. Бир ойлик муддат ЗАГСга керак бўлган, ариза берганларнинг бошқа никоҳи борми-йўқми, шуни текшириш учун. Бу учун ҳамма ЗАГСга хат чиқариб жавоби кутилган. Ҳозир буни тизим орқали 5 дақиқада билса бўлади. Бу қоида ўзининг асл функциясини бажармаётганлиги учун бекор қилиш лозим”, – дея ёзди ҳуқуқшунос Twitter саҳифасида.

Оламшумул воқеа эмас

Бир кунда тўртда қонунни рад этилганини парламентнинг юқори палатаси жонланаётганини англатадими? Бу ҳақда хулоса чиқаришга ҳали эрта. Рўй берган ҳолат аслида оламшумул ҳодиса эмас. Шунчаки сенаторлар рисоладагидек ишласа, бу каби ҳолатлар ҳеч кимни ҳайратлантирмай ҳам қўяди. Одатда қонунлар қабул қилинаётганида дебатлар кузатилмаслиги, муҳокамага қўйилган ҳужжатлар аксар ҳолатларда бир овоздан қабул қилиниши кўпдан буён жамоатчиликнинг баҳс мавзуси бўлиб келади.

Бироқ Қонунчилик палатасидан фарқли ўлароқ Сенатда баҳслар тез-тез кузатилиб турилади. Соғлиқни сақлаш вазири Беҳзод Мусаев ва Аксилкоррупция агентлиги директори Акмал Бурҳонов ўртасида, сенаторлар ва адлия вазири Русланбек Давлетов ўртасида, сенатор Қутбиддин Бурҳонов ҳамда Автойўллар қўмитаси раиси Абдураҳмон Абдувалиев ўртасида кечгани каби баҳс ва тортишувлар одатда қуйи палатада кузатилмайди.

Парламент палаталарининг очиқлик сиёсатига муносабати солиштириладиган бўлса, бу борада юқори палата яққол устун экани ҳеч кимга сир эмас. Қуйи палатадаги қонунчилар мажлисларни жонли эфирга узатишни бир неча ой олдингина бошлади, Сенат эса аллақачон буни йўлга қўйган.

Умуман олганда, ҳам депутатлар, ҳам сенаторлар бир жойда депсиниб турганини очиқ айтиш лозим. Аксарият қонунчилар халқни қийнаётган ўткир муаммоларга бефарқ, кундайлик ҳаётда рўй берадиган воқеа-ҳодисаларга ҳам муносабат билдирмайди, ҳеч қурса ўзлари бирор масалани кўтариб чиқмайди.

Жамшид Ниёзов

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Бир кунда 4 та қонун рад этилди. Сенат уйғоняптими?