18:18 / 12.08.2022
2 388

Маданиятсизлар томонидан «хўрланган» маданий мерос объектлари

Маданиятсизлар томонидан «хўрланган» маданий мерос объектлари
Сўнгги вақтларда давлат ташкилотлари томонидан миллион эмас миллиардлаб маблағларнинг талон-тарож қилинаётгани тез-тез қулоғимизга чалиняпти. Улар орасида афсуски аждодларимиз бизга мерос қилиб қолдирган ва биз келажак учун уни асрашимиз шарт бўлган маданий мерос объектлари бор. Бировнинг ҳаққига хиёнат қилганимиз етмаганидай, аждодларимиз ва авлодларимизнинг ҳақига кўз олайтирганимизни қандай оқлаш мумкин? Бу ҳам етмаганидай масжид, зиёратгоҳлар яқинида динимизда ҳаром қилинган спиртли ичимликлар савдосини бемалол олиб бораётган тадбиркорлар ҳам аниқланган. Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Туризм ва маданий мерос вазирлиги ҳузуридаги Маданий мерос агентлиги брифингида маълумот берилди.

Афсуски, ўрганишлар натижасида 60%га яқин ҳолатда маданий мерос объектларини сақлаш, фойдаланишга бериш ва улардан фойдаланиш бўйича қоида ва талабларни қўпол равишда бузилганлиги аниқланган. Вазиятга ҳуқуқий баҳо бериш мақсадида тўпланган ҳужжатлар ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларига тақдим этилгани айтилмоқда.

Бу кўрсаткич бугун мамлакатиимзда мавжуд маданий мерос объектларининг ярмидан кўпига ҳам моддий, ҳам маънавий жиҳатдан зарар етказилганини кўрсатади. Буни қуйидаги рақамларда ҳам кўриш мумкин:

Яъни, маълумотларга кўра вилоятларда жойлашган моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини фойдаланишга (ижарага) бериш ва улардан фойдаланишда қонун ҳужжатларига риоя этилиши ҳолатини ўрганиш юзасидан 15 365 019 836,95 сўм (ўн беш миллиард уч юзи олтмиш беш миллион ўн тўққиз минг саккиз юз ўттиз олти сўм) дебитор қарздорлик аниқланди. Иш жараёнида шундан 1 226 350 735,36 сўм (бир миллиард икки юз йигирма олти миллион уч юз эллик минг етти юз ўттиз беш сўм) қарз маблағлари ундирилди.

Бу маълумотларни келтирар эканмиз айрим саволлар туғилиши табиий. Сабаби, биз юртимиздаги Самарқанд, Бухоро ва Хоразмдаги машҳур тарихий обидаларнигина биламиз, холос. Бироқ, бугунги кунда 750 га яқин моддий-маданий мерос объектлари мавжудлигини кўпчилик билмаса керак. Шунингдек, брифингда айнан қайси объектларга зарар етказилгани очиқланди. Улардан айримларини келтириб ўтамиз:

Наманган вилояти, Янгиқўрғон туман “Пастки Новкент” МФЙ ҳудудида жойлашган “Ўрда тепа” археология ёдгорлигига катта зарар етказилган. Ушбу маданий мерос объектининг уч сотих қизил чизиқ остидаги ери фуқаро томонидан техника ёрдамида кавланиб, ўзбошимчалик билан қўшиб олинган. Ўрганишлар давомида, археология ёдгорлиги объектининг 100 метрлик муҳофаза ҳудудига уй-жой қуриб олинганлиги ҳам аниқланди.

Ўзбекистон мусулмонлар идорасининг Қашқадарё вилоятидаги вакиллигига фойдаланиш учун берилган Қарши шаҳридаги “Кўкгумбаз” жомеъ масжидига ҳам кам миқдорда зарар етказилган. Мазкур объектда Маданий мерос агентлигининг Илмий-эксперт кенгаши хулосаси олинмасдан, белгиланган талабларга зид равишда “металлконструция” ўрнатилган ва масжид ҳудудида қўшимча қурилиш ишлари олиб борилган.

Маданий мерос объектлари мунтазам мониторинг қилиб борилиши натижасида, Тўрткўл тумани “Калтаминор” ОФЙ ҳудудида жойлашган милоддан аввалги IV асрларга оид “Қўйқирилган қалъа» археология объектининг муҳофаза ер чегарасининг ички томонига “Низомиддин Аброр” фермер хўжалиги раҳбари томонидан ўзбошимчалик билан буғдой экилгани аниқланиб, қонунчиликда белгиланган тартибда кўриб чиқилди. Бу бўйича Элликқалъа туман суди томонидан ҳуқуқбузарга нисбатан базавий ҳисоблаш миқдорининг беш баравари миқдорида жарима жазоси тайинланди.

Жаримани-ку жавобгарлар тўлар, бироқ асрлар оша бизгача етиб келаётган меросимизни ким тиклаб беради?! Ахир ўз тарихига, маданий меросига эга бўлмаган қанчадан-қанча халқлар бор. Тарихи билан фахрланиб, уни юксалтириб бораётган ривожланган давлатлар қанча?

Шунингдек, тарихдан бизга мерос бўлиб келаётган обидалардан “нафси” йўлида фойдаланган “олғир” тадбиркорлар ҳам аниқланди.

Фарғона вилояти, Ёзёвон тумани, “Хонабод” МФЙда жойлашган “Ғойиб ота” зиёратгоҳи маданий мерос объекти Вазирлар Маҳкамасининг 2018 йил 28 августдаги фармойишига асосан “Вақф” хайрия жамоат фондига текин фойдаланишга берилган. Зиёратгоҳ ҳудудида маҳаллий аҳоли томонидан уч томонлама ижара шартномаси тузмасдан, савдо расталари, савдо дўконлари, суратхоналар, атракционлар ва тир хизматлари йўлга қўйилган. Бундан ташқари пуллик хизматлар амалга оширилиб, чойхона ташкил қилинганлиги ҳамда Маданий мерос агентлиги Илмий-эксперт кенгашининг тегишли рухсати олинмасдан зиёратгоҳ ҳудудида қурилиш ишлари амалга оширилаётганлиги аниқланди.

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Давлат мулкини ижарага бериш тартибини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорига кўра, “фойдаланишга олинган объектлардан айнан шартномада кўрсатилган мақсадларда фойдаланилиши лозимлиги” ва Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарорига кўра, “давлат мулки бўлган бошқа ташкилотларга тегишли моддий-маданий мероснинг кўчмас мулк объектларини ижарага бериш ва чипталар сотилишидан тушган пул маблағларининг 50 фоиз миқдори Агентликнинг бюджетдан ташқари Маданий мерос жамғармасига ўтказилиши лозимлиги” белгилаб қўйилган бўлса-да, ушбу қарорлар талабларига зид равишда “Ичан-қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳудудидаги “Паҳлавон Маҳмуд” ва “Саид Алоуддин” мақбараларидаги зиёратгоҳларга маҳаллий ва хорижий сайёҳларнинг кириши пуллик қилиб белгиланган.

Ҳар бир ҳуқуқбузарликнинг жавоби бор. Қонунни билмаслик ҳеч кимга қонунни бузишга ваколат бермайди. Юқоридаги тадбиркорлар ва масъул идоралар қарорнинг номини ўқишдан у ёғига ўтмагани аниқ ёки бўлмаса бу каби қонун ҳужжатларидан бехабар.

Яна бир ачинарли ҳолат ҳақида гапирмасликнинг иложи йўқ. Маданий мерос объектлари атрофида спиртли ичимликлар савдоси йўлга қўйилган.

“Ичан-қалъа” давлат музей қўриқхонаси ҳудудидаги “Полвон дарвоза” архитектура ёдгорлигида ижара асосида фаолият кўрсатиб келаётган оилавий корхона томонидан 10,0 кв.метр савдо дўкони ва 7.30 кв.метр китоб дўконига ижара шартномаси тузилган. Бироқ оилавий тадбиркорлар томонидан Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг “Моддий-маданий мерос объектларидан фойдаланиш тартиби тўғрисида”ги Низоми талабларига зид равишда спиртли ичимликлар сотилаётганлиги аниқланган. Шунингдек, 2021 йилда хусусий фирмага ижарага берилган “Толиб Махсум” мадрасаси томонидан ҳам Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарорлари талабларига зид равишда алкогол ичимликлар сотилаётганлиги, 2022 йил учун ижара маркази билан шартнома тузмасдан ноқонуний фаолият юритиб келаётганлиги аниқланган.

Шу ўринда журналист сифатида ўз фикримни билдирмоқчиман. Зиёратгоҳлар, масжидлар атрофида спиртли маҳсулотлар сотиш ёки бўлмаса “шартнома тузиш” қай даражада тўғри?! Аввало, бу объетларнинг асосий қисми Ислом динимизга хизмат қилган азиз-авлиёларнинг ҳоки ётган тупроқ. Аллоҳ ҳаром қилган амални бажариш инсонийликка тўғри келмайди. Бу масалада шартнома ёки келишув ҳақида гап-сўз бўлиши мумкин эмас.

Шунингдек, 2022 йил 27 майдаги “Музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори билан тасдиқланган “2022-2023 йилларда музейларда хизматлар соҳасини ривожлантириш бўйича чора-тадбирлар дастури”га мувофиқ “Маданий мерос кодекси”ни ишлаб чиқиш белгиланди.

Унга кўра Маданий меросни ҳимоя қилиш инспекцияси ташаббуси билан Маданий мерос агентлигида тегишли вазирлик ва идоралар, соҳанинг етук мутахассис олимлари, хорижий экспертлар иштирокида “Маданий мерос кодекси”нинг дастлабки лойиҳаси кўриб чиқилди. Ишлаб чиқилаётган кодекс лойиҳаси 6 та бўлим, 23 та боб ва 154 та моддадан иборат бўлиб, хорижий тажриба ва миллий қонунчиликни уйғунлаштирган ҳолда ишлаб чиқиладиган кодекс лойиҳаси халқимиз фикрини ўрганиш мақсадида келгусида жамоатчилик ўртасида муҳокама қилиниши режалаштирилмокда.

Камола Адашбоева

arenda kvartira tashkent

Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми?
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Маданиятсизлар томонидан «хўрланган» маданий мерос объектлари