23:00 / 05.09.2022
1 745

Гитлер Сталинни ҳамкасби деб биларди

Гитлер Сталинни ҳамкасби деб билардичя
Давлат тузумидаги ўхшашликлар мафкураларда ҳам кўзга ташланган эди. Совет Иттифоқида қирғин ва зулм «синфий кураш қонунлари» билан оқланса, Олмонияда қонхўрликларга «ирқий кураш» ғоявий баҳона бўлганди. Фашистлар халқнинг «иродасини сусайтирувчи» санаб, насронийлик конфессияларига қарши ашаддий курашган бўлса, коммунистларнинг «дин – афъюндир», деган шиор билан атеистик қатағон ўтказгани маълум. Адабиётда ва санъатда ҳам шундай ҳол эди: СССРда ҳаётни сиёсатга мувофиқ тарзда бежаб тасвирлашни талаб қилган «социалистик реализм» ҳукмрон бўлса, Учинчи рейхда «қон ва тупроқ» назарияси ҳурфикрликни жиловлаганди.

Гитлер ва Сталин зимдан бир-бирига ҳавас қилишарди. Алберт Шпеер шундай эслайди: «Билмадим, ҳазил қилибми-жиддийми, гоҳида Гитлер Россияни енгганимиздан кейин бу мамлакатдаги бошқарувни, албатта, олмонларнинг раҳнамолиги остида, Сталинга ишониб топширсак бўлади, дерди. Унинг фикрича, Сталин ўрисларни қандай бошқариш кераклигини ҳаммадан яхши билади. Гитлер, айтиш мумкинки, Сталинни душман эмас, ўз ҳамкасби деб биларди». Икки одамхўр, қассоб ва каззоб ҳамкасблар!

Гитлер Сталинни «даҳо» деб таърифлагани кўплаб манбаларда тасдиқланади. Сталиннинг Гитлерга муносабати ҳақида маълумотлар кам, чунки умуман совет раҳбарларининг ҳаракатлари, фикрлари сирлигича қолганди, Компартия раҳбарлари «партия дастури»дан чиқиб бирор нарса демасдилар, коммунистлар яширин фаолият юритиб, ҳокимиятга келган, ҳокимиятга келгач ҳам кўп нарсани яширин битириш одатини тарк этмагандилар. Қизиқарлиси шундаки, Сталиннинг Гитлерга муносабатида ҳам немис манбааларида айрим маълумотлар бор.

Алфред Розенбергнинг кундалигида 1939 йил 5 октябрда ёзилган бир қайдни ўқиш мумкин: «Риббентроп Лейнинг ҳузурида Даррега ўзининг Москов таассуротларини (Олмония ташқи ишлар министри Риббентропнинг СССР билан уруш олдидан Шарқий Оврўпо, Болтиқбўйи, ўарбий Украина ва Белоруссия ҳамда Бессарабияни халқлар ва давлатлардан сўрамасдан бўлиб олиш ҳақидаги қабиҳона «Молотов-Риббентроп пакти»ни имзолаш учун 1939 йил 23 августда Московга сафари назарда тутилмоқда. – К.Б.) айтиб берди: ўрислар, унинг сўзларига қараганда, жуда қадрдон кишилар экан, у ўзини улар орасида кўҳна национал-социалистлар орасида ўтиргандек ҳис қилибди… Айтгандай, Сталин нафақат Гитлернинг шарафига, шунингдек Германиядаги тартибнинг (қон эвазига фашистлар ўрнатган «тартиб» Сталинга қанчалар ёқади. – К.Б.) кафолати сифатидаги Гимлернинг шарафига ҳам қадаҳ кўтарди. Гимлер Олмонияда коммунистларни, яъни Сталиннинг издошларини қириб ташлаган одам, Сталин бўлса даб-дурустдан ўз издошларининг қотили учун қадаҳ кўтаради. Буюк одам, Риббентроп ва унинг тўдаси шундай дейишмоқда».

Энг даҳшатлиси, Сталин кўп вақт ўтмай «тартиб кафолати» бўлган Гимлер билан ҳамкорликни йўлга қўйиш учун 1933 йилда Гитлер ҳокимиятга келганида паноҳ излаб келиб, коммунистлар юртида - Совет Иттифоқида эмиграцияда яшаётган немис коммунистларини фашистлар гестапосига – қотилларнинг қўлига топширади. Мана, Сталиннинг «коммунист»лиги, «антифашист»лиги! Гитлер жинояткорона ғоялари ва ёвуз тамойилларига қанчалик телбаларча содиқ бўлса, Сталин шунчалар ҳокимиятпарастликдан ўзга истаги, тайин бир ғоясиз ва тамойилсиз шахс эди.

Ҳайратланарлиси, гарчанд Ғафур Ғулом: «Шуҳрат қолдирмоққа Геростратдек Диана маъбудин ёқмоқ шарт эмас», - дея таъкидлаган бўлса-да, ёвузлик билан ҳам тарихда қолиш мумкинлиги аён ва ёвузларни ҳам хўрсиниб эслаб турадиганлар топилиб туради. Ҳатто ёшлигидаёқ қамалган, кейин Сибирга сургун қилинган, сургундан сўнг 1936 йилдан то уруш бошланган 1941 йилгача дайдиб қочиб умри ўтган ёзувчи Анатолий Рибаков ҳам бир суҳбатида Сталиннинг «инқилоб гўркови» бўлганини таъкидлай туриб: «У мамлакатни индустриаллаштириш учун кўп нарсаларни қилганига ҳам кўз юммаслик керак. Сталин қолоқ мамлакатни анча тез суратда илғор мамлакатга айлантирди», - дея ширин хаёлга берилади. Бу индустриаллаштиришнинг қандай амалга оширилганини, халқнинг миллионлаб фарзандлари жувонмарг бўлганини ҳам эслаш лозим, албатта.

Қолаверса, индустриаллаштириш ҳам, мамлакат қўлга киритган бошқа ҳарбий, иқтисодий, илмий, бадиий ютуқлар ҳуқуқсиз меҳнаткаш халқнинг заҳматлари эвазига қўлга киритилган, бу ютуқларни Кремлда тамаки чекиб роҳат сурган Сталинга нисбат бериш нотўғри бўлар эди. Қолаверса, юксак тараққиётга бошқа мамлакатларда ҳам эришилган эди ва у мамлакатларда тараққий этиш учун Сталин ҳам, бу қадар ададсиз жабр-зулм ҳам керак бўлган эмасди.

(давоми бор)
Карим Баҳриев

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият