Маскнинг гувоҳи сунъий интеллект пойгасидан хавотирда эканлигини маълум қилди

Илон Маскнинг OpenAI компаниясига қарши суд иши доирасида сунъий интеллект бўйича таниқли тадқиқотчи Стюарт Рассел гувоҳлик берди. У Беркли университетининг компьютер фанлари профессори бўлиб, технологиянинг хавфли жиҳатларини тушунтириш учун судга чақирилган. Бу ҳақда Techcrunch.com хабар беради.
Маскнинг адвокатлари OpenAI дастлаб хавфсизликка қаратилган хайрия ташкилоти сифатида ташкил этилганини таъкидламоқда. Уларнинг фикрича, компания кейинчалик фойда кўриш мақсадида ўзининг асл йўлидан оғиб кетган.
Буни исботлаш учун муассислар ўртасидаги эски ёзишмалар далил сифатида келтирилмоқда.
Рассел суд ҳакамларига сунъий интеллект ривожланиши киберхавфсизликдан тортиб, инсоният учун умумий хавфларгача бўлган муаммоларни келтириб чиқаришини айтди. Унинг таъкидлашича, йирик лабораториялар ўртасидаги сунъий интеллектни биринчи бўлиб яратиш пойгаси хавфсизлик чораларини четга суриб қўймоқда.
2023 йил март ойида Рассел сунъий интеллект тадқиқотларини олти ойга тўхтатиб туришни талаб қилувчи очиқ хатни имзолаган эди. Қизиқ томони шундаки, Илон Маск ҳам ушбу хатга имзо чеккан, бироқ айни пайтда ўзининг xAI номли тижорат лабораториясини ишга туширган.
OpenAI адвокатлари Расселнинг кўрсатмаларига эътироз билдириб, унинг компания ички тузилмаси ва хавфсизлик сиёсатини бевосита баҳоламаганини таъкидлади. Эндиликда суд ҳар икки томоннинг далилларини кўриб чиқиб, тижорат манфаатлари ва хавфсизлик ўртасидаги зиддият бўйича якуний қарор қабул қилиши кутилмоқда.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!