08:40 / 10.10.2022
1 844

«Бобо, сиз дўзахга кетяпсизми?»

«Бобо, сиз дўзахга кетяпсизми?»
(Бўлган воқеа)

Берилиб телевизор кўриб ўтирган чолни капалагини учирган савол қўққисдан жаранглади:
— Бобо, сиз дўзахга кетяпсизми?

Рўрарасида турган беш ёшли жингалаксоч невара қандай савол бериб қўйганини ҳам тушунмай, жавдираганча жавоб кутарди.
— Мен ҳам сиз билан бирга кетаман-а?

Тили калимага келмай қолган бобо иккинчи саволдан сўнг илкис силкиниб, ранги оқарганча неварасига юзланди:
— Нимага дўзахга кетар эканман? Қаердан олдинг бу гапни?

Қизалоқ унга синовчан тикилиб, бийрон жавоб қайтарди:
— Ўзингиз кеча дадамга дўзахга кетишга ҳам тайёрман" дедингизку! Сизни ёлгиз юбораманми? Бирга кетамиз!

Олтмишдан ошган бўлсада ҳалиям чинордек баққуват, басавлат эркакнинг гавдаси невараси берган бир зарба билан тўкилиб тушди.

Ҳаммасига ўғли айбдор! Кеча у билан баланд овозда тортишганди. Чол Путинни ядро бомбасини ишлатишига қаршилиги йўқлиги, шу билан дунёда адолат ўрнатилишини таъкидлаб, ўз ҳақиқатини ҳимоя қилганди.

Роса қизишганда айтган жумласи эса, мурғак неварасининг миясига қуюлиб қолган эканда:
"Путин билан дўзахга кетишга ҳам тайёрман!"

— Бобо, иккаламизгина эмас, Саида, Сирож, Муҳаммад Билол, Фарзона, Робия, Бобур, Жавоҳир ҳатто миттивой Раййона ҳам дўзахга кетади. Улар билан боя ўйнаётганимизда яхшилаб гаплашиб олдим. Ҳаммаси "хўп" дейишди. Фақатгина Раййона чинқириб йиғлаб юборди. Уни бешиги билан кўтариб олаверасиз-а?

— А бобо, хўп денг?!

Ё Алҳазар!

Бидирлаб бирма-бир саналган саккиз неварасини рўпарасидаги қақажонидан кам кўрмаса, уларнинг товонига қадалган зиғирдек зирапча бобо юрагига миллионта ўткир найзадай қадалсаю, буларни кетмоқчи бўлаётган манзилини қара!

Дўзахмиш?!

Бобо уларни фақат фирдавс боғларига муносиб кўрардику!

Яна... Яна, Раййонани бешиги билан бирга кўтариб олармиш...

Лоп этиб кўз ўнгида дўзах оловида бирга ловуллаётган невараларининг митти вужудлари гавдаланди. Уларнинг аянчли чинқирғини, нолаларини эшитди.

Кейин атрофдаги минглаб, миллионлаб болаларнинг фарёдлари ҳам қулоғига қуйилиб, миясини эриган темирдай куйдира бошлади.

Қизалоқ эса бобонинг хаёлан аллақачон дўзахдалигини билмай, ҳамон ялинарди:
— Ёлғиз кетиб қолмайсиз-а? Бирга кетамиз бобо! Ваъда беринг! Бобооооо, ваъда бериииинг, деяпман!

Бобо уни эшитмас, карахт афтига эркаланиб тикилганча дўзах ваъдасини тиланиб сўраётган неваранинг ўтинчлари эса тинмасди.
Бир муддатдан сўнг чол сал ўзига келди. Баданини қоплаган муздек терга эътибор бермай, қўрқиб атрофга алангади.

Худди хаёлидаги даҳшатлар ҳозир содир бўладигандай титраганча қизалоқни маҳкам қучоқлади. Бир нарсалар дегиси, аниқроги тавба қилгиси келдию, бўғзига ҳарсанг тош тиқилгандай беун ўкирди. Гўё неварасини қўлидан туширсаёқ қиемат бошланадигандай уни даст кўтарганча хонада телбавор гандираклай бошлади.

Кечагина тарафини олаётган, сиёсатини ёқлаетган, бутун дунёни хавфга қўяётган ва неваралари каби миллионлаб мурғакларни дўзах алангасида қоврилишини ўйламаган махлуқни умрида биринчи марта бўралаб қарғади. Ёмон қарғади...

Лекин, барибир шууридаги ўша даҳшатли олов сўнмади. У борлиқни мумдай эритиб, катта-кичикни фарёдидан лаззатланиб, янаям қутураётган, қоврилган гўшт ҳиди билан булганган тутун эса қуёшни ҳам ютаман деяётган ваҳшатла кўкка ўрларди.

Қиёмат шумикан? Наҳотки?!

У ҳалиям ўчирилмаган телевизорда бўкираётган бомбалар билан жар солиб келяптими?

Экранни зириллатиб, урушни таргиб қилаётган шайтонбашара воизларнинг овози билан хабар бериб бошланяпти.

— Боламни урушга олиб кетманг!

Чинқираётган ким? Бу овоз ҳам телевизордан келдику! Ҳа, анави ўрис аёл телбавор қичқиряпти.

Кеча йигирма беш ёшли йигит военкомни отиб ташлаган эди. Уни иддаоларини эшитиб, кулмаганмиди чол?!

Ҳозир телбавор бақираётган аёл қиефасида ўз хотини, военкомни отган бола ўрнида ўз ўғли, анави колонна бўлиб жанг майдонлари томон отланган автобуслар ичида эса невараларини кўргандай, сесканиб кетди.

Туйқус юрагида ўнлаб снаряд портлади...

У бўш қўли билан кўкрагини чангаллади...

Ҳаво етишмаётганини ҳис қилиб, аранг дераза олдига етиб олди ва уни ланг очиб юборди.

— Во дариғ! Тавба қилдииим, Аллоҳ! Тавба қилдим!

Чол бошқа ҳеч нарса дея олмади. Маҳкам қучоқлаб олган неварасини аранг қучоғидан бўшатиб ерга қўйди.

“Имммм...”

Юраги портлади ва дунёни гурсиллатиб қулади.

Муаззам Иброҳимова

Манба: Azon.uz

arenda kvartira tashkent
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият