date
views 1 678

Ис гази балосидан қутилиш учун бир таклиф бор эди...

Ис гази балосидан қутилиш учун бир таклиф бор эди...
Фалокат – оёқ остида, дейди халқимиз. Дарҳақиқат, одатда бало кутилмаганда келади одатда. Лекин айрим офатлар борки, уларни кутадиган бўлиб қолдик, десак, гарчи қулоққа ғалати эшитилса ҳам, аслида муболаға қилмаган бўламиз. Гап – ис газидан бўғилиб, ҳаётдан бевақт кўз юмаётган ОДАМЛАР ҳақида кетмоқда.

Кунлар совуши билан ижтимоий тармоқларда ва оммавий ахборот воситаларида ис газидан заҳарланиб оламдан ўтаётган ҳамюртларимиз ҳақида хабарлар кўпайиб кетади. Яна ҳам ачинарлиси, одатда бу кўринмас ёв дастидан бутун бир оилалар, мурғаккина гўдаклар ҳам нобуд бўлмоқда. Бунақа хабарларни ўқиб, ҳазм қилишга кўпинча одамнинг бардоши етмайди.

Фикри ожизимча, шаҳарларда, айниқса, пойтахтда яшайдиганлар бу фожианинг таг-томирини англаб етмасалар керак. Чунки қувурларда табиий газ оқиб келиб туради, “свет” ўчиши нодир ҳолат, уй иситиш ғами йўқ, ўтин топишни ташвиш қилмайди. Топиш-тутишнинг ҳам сезиларли фарқи бор. Бу фикрларни ҳасад ёки аламзадалик билан ёзаётганим йўқ. Асло! Фақат энергетика соҳасидаги раҳбарларнинг деярли ҳаммаси оддий қишлоқ халқидан фарқли шароитда яшашини таъкидламоқчиман, холос. Танаси бошқа – дард билмас, деган мақол айни шу ўринда жуда ҳам мос тушади.

Болалигим қишлоқда ўтган. Кейинчалик ҳам бир муддат қишлоқда яшадим. Шунинг учун қишлоқ аҳлининг турмуш тарзини беш қўлдай биламан. Совет даврида қиш келиши олдидан колхоз ва совхозлар томонидан кўмир тарқатиларди. Одатда ипак қурти тутган оилаларга (деярли ҳамма қурт боқарди) текинга берилган, қолганларга эса жуда арзон баҳода сотилган. Катталардан атай суриштирдим, нарх-навоси эсда қолмайдиган даражада арзон бўлган. Унга нақд пул ҳам тўланмаган, балки йил якунида иш ҳақи ҳисобидан ушлаб қолинган. Табиий газ етиб бормаган қишлоқларга эса махсус машиналарда пропан газ балонлари тарқатилган. Ўша пайтлари гарчи қиш ҳозиргидан кўра қаттиқроқ келар, ҳар йили тизза бўйи қорлар ёғарди. Ҳовузларнинг устини камида бир қарич муз қопларди. Қишлоғимиз пойидан оқиб ўтадиган Шимолий Фарғона канали устидаги музда хоккей ўйнаганимиз ҳам бор гап. Хуллас, ўша пайтларда ишлар мана шу тизимда ташкил қилинганди. Кейинчалик бу тизим бутунлай издан чиқди.

Мустақилликнинг дастлабки йилларида қишлоқларга газ тортиш бўйича гўё мусобақа ўтказилгандай таассурот қолдирганди. Ҳар кунги радио, тв ва газета хабарларида қайси жойга қанча газ қувури тортилгани ҳақидаги тинимсиз айтиларди. Албатта, уй бекаларидан зангори оловнинг қулайлиги ҳақида интервью олинарди. Одамлар соғиб турган сигирини сотиб, уйига табиий газ “туширганини” биламан. Кучи етган буғли иситиш тизимида, бошқалар эса оддий чўян печкаларга газ улаб, совуқдан сақланарди. Хуллас, ҳамма бир ғамдан қутилдик, дея шод эди. Афсуски, бу хурсандчилик узоққа чўзилмади. Ловуллаб ёниб турган газ пасая бошлади. Бора-бора бутунлай йўқ бўлди. Ҳозир аксарият қишлоқларда газ қувурлари кесиб ташланган. Уни “учар” ташкилотлар, ёки одамлар “ҳазм қилиб” бўлди ҳам.

Эсингизда бўлса, аввалги президент И. Каримов бир пайтлар “Ўзбекистоннинг гази нафақат 20 млн аҳолига, балки 40, ҳатто 50 млн аҳолига етади”, деганди. Газимиз ҳалиям шунақа кўплигига шубҳамиз йўқ, аммо уни хитойликларга ёки россияликларга сотяпмиз. Айтишларича, конларимизни аввалги бошқарув даврида Россиянинг «Лукойл» ва «Газпром» компанияларига узоқ муддатга ижарага берилган.

«Лукойл» Ўзбекистонга 2007 йилда кириб келган. Қизиғи, ҳамма эсласа керак, айнан мана шу йилларгача Ўзбекистонда газ таъминоти жуда яхши эди. Свет бўлмаса-да, газ баланд ёнар, инсонлар қорамолларига емни ҳам газ горелкаларда пиширган. Бу ҳозир одамларимиз учун қайтиб келмас, афсонавий даврлар. Бу афсонавий даврлар Россия компанияси Ўзбекистон газ соҳасига кириб келиши билан тугаган. Бу шунчаки тасодиф бўлмаса керак. Бир пайтлар Ўзбекистон халқ артисти Шерали Жўраев «Ўз газингни русга бериб, таппи ёққон ўзбегим», деб айтган қўшиғи ҳалиям актуаллигини йўқотгани йўқ, деб ёзмоқда журналист Шуҳрат Шокиржонов. Таниқли блогер bakiroонинг ёзишича, «ўзбек статистикасида Хитойга экспорт қилинаётган газ ҳажми 1,62 баробарга камроқ кўрсатилган. Бу нима учун, тушунарсиз, балки совуқдан қақшаётган ўзбекистонликларни ғазабини келтирмаслик учунми ё газ экспортидан миллиардлар ишлаётган чўнтакларнинг илтимослари шундай бўлганми, айтиш қийин».

Ўзбекистоннинг тасдиқланган газ захиралари 1,2 трлн кубометрни ташкил қилади. Уч йилча олдин Ўзбекистон Бош вазири Абдулла Арипов 2025 йилга келиб, табиий газ экспорти тўхтатилиши режалаштирилаётганини маълум қилганди. Бу гап амалга ошадими, амалга ошса, халқимизга фойдаси тегадими, деган саволларга аниқ жавоб айтиш мушкул. Аммо ўлмаган қул, ўша кунларга етсак, кўрармиз, худо хоҳласа. Ана мана қилиб, 2025 йилга ҳам икки йилча қолди, холос.

Аслида бошқа умид ҳам йўқ эмас. «Коммерсантъ»нинг «Газпром»га таяниб берган хабарига кўра, Украинага бошлаган уруши ортидан қўлланилаётган санкция туфайли Россиянинг ерости омборларида газ ҳажми рекорд даражага – 72,662 миллиард куб метрга етган. Қолаверса, Интерфакснинг ёзишига қараганда руслар Хитойга газ етказиб бериш бўйича Австралияни ҳам ортда қолдирган. “Эчкига жон, қассобга ёғ қайғуси” дегандек, руслар харидорсиз қолаётган газини тезроқ сотиши, хитойликлар эса чорасиз қолаётган русларнинг газини имкон қадар арзонга олиш илинжида. Бу ҳолат совуқ кунлар қаршисида юпун қолаётган ўзбекистонликларга фойда бериб қолса, зора дерсиз? Йўқ! Бу умид ҳам хомхаёлдан бошқа нарса эмас. Чунки, айрим манбаларга қараганда, Хитойга ўтган йилга қараганда табиий газ сотиш ҳажми 52,5 фоизга ортган.

Хуллас, гапимизга қайтайлик. Газ узилгандан кейин бир неча йиллар давомида истеъмолчиларнинг номига қарз келавериши алоҳида масала. Айрим жойларда ҳатто оламдан ўтганига ўн йил бўлган марҳумнинг номига шу йил ҳисобидан қарз юкланганини ( ҳа, айнан юкланган) эшитганмиз. Бу “тўполонлар”нинг ҳам тагига етганман. Бу қандайдир тушунмовчилик эмас, балки оддий одамларнинг ҳақига қасддан қилинган тажовуздир. Хуллас, “райгаз” ходими улгуржи истемолчилардан ишлатилган табиий газ учун нақд пул олади ва уни бошлиққа етказади. Ёқилган газ ҳақи эса бутун тумандаги оддий халққа сочиб юборилади. Буни тахмин билан эмас, кўзим билан кўрган далилларим асосида ёзяпман. “Райгаз”чиларнинг ҳаромхўрликлари ҳақида ёзаман деса, қаламимнинг сиёҳи етмайди рости, лекин ҳозир асосий мавзудан чалғимаганимиз дуруст.

Табиий газ неъматидан мосуво бўлган халқ дарахтларни кесиб ёқишга тушди. Аввал одамларнинг ҳовлиси ёки боғидаги мевали дарахтлар, кейинчалик эса далалардаги тутлар йиқилди. Шу тариқа ипакчилик соҳаси ҳам таназзулга юз тутди. Охирги йилларда табиий газдан кесилган ҳудудларга суюқ газ (пропан) ва кўмир етказиб бериш йўлга қўйилди. Кўмир маҳалла фуқаролар йиғини орқали кам таъминланган оилаларга бозор нархидан арзонга етказиб берилмоқда, бироқ аксарият ночор одамларнинг ана шу арзон кўмирни сотиб олишга ҳам имконлари йўқлиги аччиқ бўлса ҳам ҳақиқат. Пропан газини ҳам халқ ҳақидан қўрқмайдиган “райгаз”чилар ҳаром талон-тарож қилмоқда. Бу ҳам алоҳида мавзу...

Энди нима қолди? Қишлоқликларнинг бирдан бир умиди электр энергиясидан. Айни кунларда қишлоқда аксарият одамлар электр иситгичларда жон сақлаяпти. Лекин энергия тақчиллиги ортидан нафақат қишлоқларда, балки катта-катта шаҳарларда ҳам, ҳатто айрим пайтларда пойтахт Тошкентда ҳам “свет” ўчиб қоляпти.

Бир ҳафта аввал АОКАда ўтказилган матбуот анжуманида Энергетика вазири ўринбосари Шерзод Хўжаев таъминотдаги узилишларга “асосий муаммо электр ишлаб чиқаришда ёқилғи етишмаслигидир", дея изоҳ берганди. Унинг сўзларига кўра, ҳозирги кунда табиий газ экспорт деярли тўлиқ тўхтатилган.

«Рақамларга келсак, агар кунлик прогноз кўрсаткичлари бўйича 10 млн куб метр газ экспорти режалаштирилган бўлса, ҳозирги экспорт ҳажми 1 млн куб метрга ҳам етмайди», — деган вазир ўринбосари.

Катталарнинг айрим гапидан мантиқ тополмайсиз гоҳо. Чунки биз, президент Шавкат Мирзиёевнинг таъбири билан айтганда, қиммат газни ёқиб, арзон электр энергиясини ишлаб чиқарадиган давлатмиз. Яъни табиий газ экспорти (деярли) тўхтатилгани рост бўлса, “свет” ўчмаслиги керак эмасми? Қолаверса, бу йилдан Афғонистонга электр энергияси бериш тўхтатилгани ҳақида айтилди. Ёки бу ҳам халқни юпантириш учун сиздирилган хабарми?

Бир ҳафта аввалги матбуот анжуманида мутасаддилардан жўяли гап чиқмагач, Azon.uz мухбири Нурбек Ғафуров вазирликни тарқатиб юбориш ҳақида фикр билдириб, анжуманни тарк этган эди. Бу фикр ижтимоий тармоқларда қизғин муҳокамаларга сабаб бўлди.

Каминада бундан ҳам жиддий таклиф бор, ҳам таъсирли, ҳам адолатли. Балки шу йўл билан бутун бошли оилаларни ўз домига тортаётган ва фожиасига айланаётган ис гази балосидан тезроқ қутилармиз. Таклиф шундан иборатки, барча вазирлик, вилоят ва туман (шаҳар), шу жумладан, пойтахт ҳокими ва ходимларининг яшаш хонадонларини табиий газ тармоғидан узиш керак. Улар ҳам уйларини кўмирда иситсин, ошхоналарида суюқ (пропан) газ ишлатсин. Мазкур жараённи қатъий амалга ошириш учун жамоатчилик назорати шакллантирилиши керак. Бу бировга ёмонлик соғиниш эмас, боқи беғамликни йўқотиш, ухлаётганларни уйғотиш учун, холос.

Ана шунда муаммоларни тезроқ ҳал қилиш имкони туғилади, деган илинжимиз бор.

Сиз нима дейсиз?

Аҳмад Али тайёрлади
Ctrl
Enter
Хато топдИнгизми
Иборани ажратиб Ctrl+Enter тугмасини босинг
Янгиликлар » Жамият » Ис гази балосидан қутилиш учун бир таклиф бор эди...