
Суперлига 28-туридан ўрин олган марказий баҳс Тошкентдаги “Бунёдкор” ва Самарқанднинг “Динамо” жамоалари ўртасида бўлиб ўтди. Қизғин кураш остида кечган учрашувда меҳмонлар 3:1 ҳисобида зафар қозониб, муҳим ғалабани қўлга киритишди.
Беллашувнинг илк қисмида “Бунёдкор” ташаббусни қўлга олди ва 42-дақиқада Имеда Ашортиа жамоасини олдинга олиб чиқди. Аммо кўп ўтмай, икки дақиқа ичида Жаҳонгир Абдусаломовнинг аниқ зарбаси ҳисобни тенглаштирди.
Иккинчи бўлимда “Динамо” тўлиқ устунликни қўлга киритди. 72-дақиқада Дмитрий Плетнёв узоқ масофадан йўллаган кучли зарбаси билан супергол уриб, жамоасини олдинга олиб чиқди. Учрашувнинг 90+3-дақиқасида эса Фирдавс Абдураҳмонов ҳисобни йириклаштириб, нуқтани қўйди.
Бу ғалаба “Динамо” учун жуда муҳим бўлди — жамоа очколарини 53 тага етказиб, Суперлига жадвалида 4-поғонада мустаҳкам жой олди. “Бунёдкор” эса 46 очко билан бешинчи ўринда қолди.
Беллашув давомида икки жамоа ҳам фаол ва ҳужумкор футбол намойиш этди, аммо самарқандликлар ҳар бир вазиятда яхшироқ фойдалана олди.
Суперлига | 28-тур натижаси:
“Бунёдкор” – “Динамо” 1:3
Голлар: Ашортиа (42') — Абдусаломов (44'), Плетнёв (72'), Абдураҳмонов (90+3').
Бунёдкор: Абдужалилов, Мали, Нормуродов, Ашортиа, Абдухолиқов, Бугарин, Раҳимжонов, Урата, Кривокапич, Тўлқунбеков, Олимжонов.
Динамо: Неманов, Феррейра, Қодирқулов, Жумабоев, Абдусаломов, Облақулов, Ўрмонжонов, Абдураҳмонов, Плетнёв, Маҳамаджонов, Станоевич.
Кейинги турда “Динамо” ўз майдонида “Қўқон-1912”ни қабул қилади. Самарқандликлар учун бу ғалаба Суперлигадаги юқори поғоналар учун курашни янада қизитди.
“Zamin”ни Telegram'да ўқинг!